Жума, 11 ноябрь куни қадимий Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) илк саммити бўлиб ўтади. Тадбирда 5 аъзо мамлакат – Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон ҳамда кузатувчи мақомидаги икки давлат – Туркманистон ва Венгриянинг давлат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Бу саммитда Туркманистон янги ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши режалаштирилган. Венгриянинг бу борадаги қарори ҳали ноъмалум эсада, сўнгги йилларда бу Европа давлати раҳбарияти ва халқи ўзларини туркийлар сифатида кўпроқ таниб, ғарб тартиблари ва қадриятларидан қайтиб, ўзлигини таниш йўлида жиддий қадамлар ташламоқдалар.
Самарқанд ана шу нуфузли тадбирни ўтказишга ҳар томонлама тайёр. Шаҳар байрамона кўриниш олган, ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар байроқлари қадим ва боқий шаҳар кўчаларини безаб турибди. Бир ҳафта олдин шаҳар аэропортининг шу кунларда ёпилиши эълон қилинган бўлса, шаҳар ҳокимияти энди шаҳар кўчаларида ҳам автомобил қатнови маълум даражада чекланишини маълум қилди.
Бугуннинг ўзида саммит доирасида бир қатор муҳим учрашувлар ўтказила бошлади. Хусусан, «Samarkand Regency» меҳмонхонасида ТДТга аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг савдо вазирлари учрашуви бўлиб ўтиши, шунингдек, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ОАВ учун брифинглар ўтказиши режалаштирилган.
Давлат раҳбарларидан ташқари саммитда Ташкилот Бош котиби, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) бош котиби, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси (ТУРКПА) бош котиби, Халқаро туркий академия президенти ва бошқалар, Туркий мерос ва маданият фонди президенти, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар Кенгаши раиси ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
Тадбир кун тартибидан Ташкилот доирасида сиёсий-иқтисодий, транспорт, маданият ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари муҳокамаси ҳамда халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.
Самарқанд саммитида 10 дан ортиқ ҳужжат имзо учун киритилиши режалаштирилган.
Тадбирнинг асосий ҳужжати бу — аъзо мамлакатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позициялари ўз ифодасини топган Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити Декларациясидир. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.
Асосий масалалар хусусида ўтган йили Истанбулда ўтган учрашувда келишиб олинган эди. Ташкилот номи ҳам ўшанда ўзгарган ва бу туркий давлатлар иттифоқининг янги босқичи бошланганидан дарак ўлароқ баҳоланмоқда. Самарқанддаги саммит якунида Ташкилотга раислик қилиш ҳуқуқи бир йил муддатга Туркиядан Ўзбекистонга ўтади.
Шунингдек саммитда Қирғизистон Республикаси раҳбари Садир Жапаров ҳам иштирок этади. Президент маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбакиевнинг маълум қилишича, президентлар ташкилотнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегиясини қабул қиладилар.
Тадбир доирасида транспорт ва божхона иши, рақамлаштириш соҳасидаги келишув ва ҳужжатлар имзоланиши, ТДТ ва Турк халқаро академиясида бир қатор лавозимларга тайинлаш режалаштирилган”, – деди Азимбакиев. Жумладан, Қирғизистондан Қубаничбек Омуралиевнинг ташкилот бош котиби лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиниши кутилмоқда.
Садир Жапаров Самарқандга ташрифи доирасида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йилнинг октябрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) сифатида ташкил этилиб, унга Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркия аъзо бўлган.
Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятини 2018 йилда билдирган ва 2019 йилда Боқуда ўтган саммитда аъзоликка қабул қилинган. 2021 йилнинг 12 ноябрида ўтказилган Истанбул саммитида Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди.
2021 йилда ўтган саммитда давлат раҳбарлари 10 дан ортиқ ҳужжат – саммитнинг якуний декларацияси, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” дастурий ҳужжати ва кун тартибига киритилган бошқа қарорларни имзолаганлар.
Заҳро Алиева, Оқбура, Бишкек.