Порталда маҳкумнинг шахси ёки жинсини аниқлашга оид тафсилотлар келтирилмаган, бироқ у ҳукумат биносига ўт қўйиш, жамоат тартибини бузиш ва "миллий хавфсизликка раҳна солиш"да айбдор деб топилгани кўрсатилган. Бундан ташқари, у "коррупция" ва "моҳареб" - "Худога қарши уруш" да айбланган.
Буларнинг кейингиси Эрон қонунларига кўра, ўта оғир жиноят сифатида таснифланади ва унга қўшимча айбловларсиз ҳам ўлим билан жазоланиши мумкин.
Шу билан бирга, Теҳрондаги яна бир суд мажлисида яна беш нафар намойишчи турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинди – улар "миллий хавфсизликка қарши жиноятлар содир этишга тил бириктириш" ва "жамоат тартибини бузиш"да айбланди.
Айбланувчилар беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилинди, улар апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Эронда норозилик намойишлари
Эронда ҳижобни нотўғри кийгани учун полиция томонидан ҳибсга олинган қизнинг ўлими ортидан кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, акциялар давомида 318 киши ҳалок бўлган, улардан 49 нафари вояга етмаганлар.
Шу билан бирга, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий намойишларни уюштирганликда АҚШ ва Исроилни айблади.
Бу мамлакатда намойишлар шу кунгача давом этмоқда. Улар Теҳрондан тортиб марказий Язд шаҳригача бўлган кўплаб шаҳарларда бўлиб ўтмоқда.