loader
Foto

Номаълум йигит

«Умар танимаса уларга нима зарар?! Уларни Аллоҳ таниганининг ўзи кифоя!» (Саҳиҳ Ибн Ҳиббон)    Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.

Ярмук ғазоти роса авжга чиқди...

Ислом тарихида ўтган буюк шахсларнинг исмларини шубҳа йўқки, ҳаммамиз эшитганмиз. Ул зоти шарифлар жумласига Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Хадича бинти Ҳувайлид, Оиша (розияллоҳу анҳумо), Абу Ҳанифа, Шофеъий, Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳим), Салоҳиддин Айюбий, Умар Мухтор каби кўпдан-кўп кишилар киради. Аммо баъзан биз Ислом уммати фақат ҳамма биладиган мана шу буюк зотлар шарофати ила сақланиб қолмаганини унутиб қўямиз. Ислом умматини турли даврларда жонлантиришга улкан ҳисса қўшган, ўзи номаълум-у, хизмати буюк шахсларнинг катта гуруҳи ҳам борки, уларнинг обрўси исмлари маълум уммат қаҳрамонларининг обрўсидан паст эмаслигига имоним комил. Бинобарин, ушбу асарни ёзар эканман, тарихий манбаларда камдан-кам тилга олинадиган номаълум шахсларга бироз эътибор ажратишга қарор қилдим.

Ўйлашимча, уммати Исломнинг юксалишига таянч бўлган ўша номаълум зотларнинг ҳурматини бажо келтириш вақти етди. Келинг, унутиб юборилган ва исми номаълум қаҳрамонларимизни хотирлаб ўтайлик!

Агар уммат ҳукмдорлари-ю уламоларини буюк Ислом маданиятининг биносини бунёд этган қурувчилар сифатида кўрадиган бўлсак, ислом умматининг исми номаълум қаҳрамонларини ушбу бино пойдеворига қўйилган ғиштлар билан қиёслаш мумкин. Динимиз бизгача етиб келиши учун Йамома ғазотида шаҳид кетган бир минг икқи юз нафар жангчининг исмларини ким билади? Ториқ ибн Зиёд армиясининг Исломни Андалусияга етказиш йўлида шаҳид кетган уч минг нафар жангчининг исмларини-чи? Тўртта мазҳаб уламоларининг сўзларини курраи заминга тарқатиш учун ёзиб борган шогирдларнинг исмлари нима эди? Қутуз билан бирга мўғулларга қарши жанг қилганларнинг исмлари-чи? Машҳур дин тарғиботчиси Аҳмад Дидат фалаж бўлиб ётганда тўққиз йил унинг ёнида кунни тунга улаб ўтирган хотинининг исмини ким эшитган?

Дарҳақиқат, уларнинг бари умматнинг номаълум қаҳрамонларидир!

Ушбу буюк зотларнинг асрлар давомида ислом йўлида кўрсатган улкан хизматлари учун миннатдорлик сифатида улардан бирининг тарихини баён қиламан.

Ҳикоямиз қаҳрамони ҳақида билганимиз шуки, у ҳали йигирманчи баҳорини кўрмаган, Ислом умматининг кўплаб қаҳрамонларини етиштирган аздит қабиласига мансуб йигит бўлган. Унинг Ярмук ғазотида намоён этган жасоратининг тарихи рум қўшинидан жуссаси улкан бир жангчи чиқиб, ўша давр таомилига кўра, мусулмонлардан бирини яккама-якка жанг қилишга чақирганидан бошланган. Мусулмонлар армияси таркибида Бадр ғазотида иштирок этган 100 нафар фотиҳ бўлган. Мана шу тажрибали жангчилар орасидан бир йигит чиқиб, қўшин қўмондони Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ёнига от чоптириб келган ва шундай деган: «Эй Абу Убайда! Душманларим ва Ислом душманларига қарши жанг қилиб, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиб, қалбим жароҳатига даво топмоқчиман. Ижозат берасанми?» Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бу гапдан таъсирланиб йигитга изн берди. Аздит қабиласининг вакили бўлмиш ушбу йигит ўз қисмати сари йўл олиб, кутилмаганда таққа тўхтаб қолди... У ортга, нурли нигоҳи ила Абу Убайда ибн Жарроҳ томон юзланиб сўради:

«Эй Абу Убайда Ўлишга қатъий қарор қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб юборадиган бирор гапинг борми?»

Уммати Ислом қўриқчиси Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу бу гапдан янада таъсирланиб, кўзи ёшга тўлганча жавоб берибди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мендан ва жамики мусулмонлардан салом айт, сўнг: «Эй Аллоҳнинг расули! Биз учун сизга Аллоҳ таолонинг доимий раҳмати бўлсин. Парвардигор бизга ваъда қилган нарсаларнинг бари чин ҳақиқат эканлигини билдик», -дегин». (Футуҳ аш-Шам ал-Воқидий)

Йигит давангирдай рақибга йиртқич арслондай ташланиб, жонини суғуриб олгунча олишди. Ер тишлаган рақибнинг оти ва қурол-аслаҳасини олиб диндошларига берди. Бунга жавобан жанг майдони узра «Аллоҳу акбар» такбири янгради. Рум армияси томон юзланган йигит бақирди: «Яна ким жанг қилмоқчи?» Душман қўшини орасидан яна бир жангчи чиқди. Қаҳрамон йигит уни ҳам, учинчи, тўртинчи чиққанларини ҳам ўлдирди. Румликлар ажал истаётган йигитга қараб ҳайрон бўлиб қолишди. Бешинчи жангчи билан жангдагина йигит мағлуб бўлди. Номаълум йигит Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг сўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказиш учун қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу тариқа Шом замини ҳали кўрмаган буюк муҳораба бошланди. Ярмук ғазоти айнан шу тариқа бошланган эди!

Рум қўшини қуршовида қолган мусулмонлар мағлубият ёқасига келиб қолишди. Ҳар қандай уммат қаҳрамонларининг тутган ўрни айнан мана шундай кескин вазиятларда намоён бўлади. Айнан мана шу фурсатда мазкур асаримизнинг навбатдаги қаҳрамони ўзининг буюк жасоратини кўрсата билди. Ул зоти шариф инсон ҳаётида қабул қилиши мумкин бўлган энг оғир қарорлардан бирини қабул қилди. У ўлимни танлади!

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан