loader
Foto

Бир киши – у аҳамиятга эгами?

У сувга лиммо-лим тўлган шиша кўза ва доритомизгични кўрсатди. «Нима деб ўйлайсиз, кўзага неча томчи сув сиғади?» Томошабинларнинг тахминларини эшитгач, саволга унинг ўзи жавоб берди: «2673 томчи. Буни бугун эрталаб кўзани тўлдираётган пайтимда ўзим санаб чиқдим». Шундан сўнг у қўлига доритомизгични олиб, яна савол берди: «Нима деб ўйлайсиз, яна бир томчи сув ниманидир ўзгартириши мумкинми?» Ҳар томондан «Йўқ!» деган хитоблар янгради.

Ҳаммамиз айнан шундай ўйлаймиз. Биргина одам нима ҳам қила оларди? Бир томчи сув бир кўза сувни нима ҳам қила оларди? Бу улкан ва мураккаб дунёда зиғирдай кучим билан бирон нарсани ўзгартира оламанми? 

Кўза тўла сув мисолида «йўқ» деб жавоб берганлар пассив, ғайратсиз ва камҳаракат ҳаёт кечиришга мойил бўлади.

Шайтон кўпинча одамларни яхши ишлар қилишдан, айниқса, кенг кўламли оқибатларга олиб келадиган эзгу ишлардан қайтаришга уринган ҳолда бу тактикадан фойдаланади.  Шайтон доимо бизни қуйидаги каби саволларга кўмиб ташлайди: «Нима, сен дунёни ўзгартирмоқчимисан? Ўйлайсанки, ҳеч кимнинг қўлидан келмаган ишни уддалай оласанми? Сени бошқалардан нима ажратиб туради? Сенинг кичик ҳаракатларингдан нимадир ўзгаради деб ўйлайсанми? Одамлар бутунлай йўлдан адашган ва сен ўзингни уларни тўғри йўлга бошлайдиган пайғамбар деб ўйлайсанми?» 

Шу ва шунга ўхшаш саволлар осонлик билан сизни нимадир яхшилик қилиш йўлидан қайтаради ва бу жамиятда, айниқса, жиддий ўзгаришларни амалга ошириш зарур бўлган бир пайтда турғунликка олиб келиши мумкин.

Бу мақолада биз ушбу муаммо ҳақида гапириш ва унинг сабабларини тушунишни истаймиз. Шунингдек, уни қандай қилиб бартараф этиш ва фақат руҳий кучга эга бўлган ҳолда шайтоннинг барча ҳийла-найрангларидан ғолиб чиқишни кўрсатишни истаймиз. 

Серғайрат ва фаол бўлиш нима эканлиги ва ҳатто камтарона ҳаракатлар ҳам улкан натижаларга олиб келиши мумкинлигига бир нечта мисол келтириб ўтамиз; ўқувчига энг бошида берилган саволга жавоб топишига ёрдам берамиз, чунки «Ҳа! Бир киши аҳамиятга эга… Жуда катта аҳамиятга эга» деб таъкидлаймиз.

Умид қиламизки, мақоланинг охирига келиб, сиз мактаб директори уларнинг ҳаммаси хатога йўл қўйганини айтганда битирувчилар хурсанд бўлган даражадан кам завққа эга бўлмайсиз. У сув тўла кўзага атиги бир томчи сув қўшди ва фарқ шу қадар яққол кўзга ташландики, ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам қарсак чалиб юборишди! Улар ҳақиқатдан ҳам бир томчи сув бутун кўзанинг ичидагини ўзгартириб юборганини кўрдилар! Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди – чунки қўшилган бир томчи сув кўк рангли сиёҳдан иборат эди.

«Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз» (Қуръон, 1:5) 

Биз ҳеч нарса қила олмаслигимизга ишончи комилликни озиқлантирадиган жиддий тўсиқлардан бири бу ўз имкониятларимизни муносиб баҳоламасликдир. Наҳотки Аллоҳ: «…Ва инсон заиф яратилгандир» (Қуръон, 4:28) деб айтмаган бўлса? 

Бироқ имонли киши Аллоҳнинг ёрдами билан кучга эга бўлади. Бу куч билан у мўъжизага қодир бўлади. Кун давомида ибодат вақтида биз ушбу оятни камида ўн етти марта такрорлашимизнинг ажабланарли жойи йўқ: 

«Фақат сенгагина ибодат қиламиз ва фақат сендангина ёрдам сўраймиз» (Қуръон, 1:5) 

Аллоҳнинг ёрдами бизнинг заифлигимизни қоплайди. Катта қийинчиликларга дуч келганида мўминлар фақат Аллоҳга интилиши ва фақат Ундан ёрдам сўраши лозим. Фиръавнга қаршилик кўрсатиш борасида унинг қўлидан келмайдиган вазифа олдида турганлигини кўрган Муса (алайҳиссалом) Аллоҳдан ёрдам ва мадад сўраб мурожаат қилади: 

 «У: «Эй Роббим, менинг қалбимни кенг қил. Менинг ишимни осон қил. Тилимдаги тугунни ечгин. Сўзимни англасинлар…» деди» (Қуръон, 20:25-28) 

Аллоҳдан мадад излаш – ўз кучига ишонч, муаммо ва қийинчиликларда хотиржам бўлишнинг асосий манбасидир. Биз доимо берилган ваъдани эслатиб туришимиз керак: «Албатта, Биз Пайғамбарларимизга ва иймон келтирганларга бу дунё ҳаётида ва гувоҳлар турган кунда ҳам нусрат берурмиз» (Қуръон, 40:51) 

Биз рўй бераётган ҳамман нарсадан Унинг хабардор эканлиги ва ҳамма натижалар Унинг қўлида эканлигига ишонамиз. Шундай қилиб, буюк ишлар бизнинг ҳаракатларимиз эвазига эмас, балки Унинг иродасига кўра содир бўлади, чунки У ҳар қандай нарсага қодир. Биз фақат Унга ўзимизнинг қизиқишимизни кўрсатишимиз кифоя ва мўъжиза рўй беради. Доим ўзимизга эслатиб туришимиз керакки, Муса алайҳиссалом ҳам, унинг ҳассаси ҳам денгизни иккига бўлиб қўя олмасди – буларнинг ҳаммасини Қодир Аллоҳ қилган.

 « Биронта хайрли ишни ҳақир-арзимас санаманг…» (Муслим) 

Яна бир тўсиқ бу – кичик ҳаракатларни кичрайтириб кўрсатиш, уларнинг натижаларини назарга илмасликдир. Шайтон бундан бизни кичик – яхши ва ёмон амалларни писанд қилмасликка мажбур қилиш учун фойдаланади.

Кичик ва арзимас, дея баъзи кичик гуноҳларга ҳам қўл урмаслик керак...

Кичик гуноҳлар ва хатоликлар тўпланиб боради ва бизни ҳалокат сари етаклайди, кичик эзгу ишлар ҳам тўпланиб боради ва бизни муваффақиятларга олиб келади. Қилган амалларимиздан дарҳол натижа кутиш – ҳаммамиз учун умумий муаммо, агар ҳаракат кичик бўлса – натижа камдан-кам ҳолларда дарров намоён бўлади. Шундай қилиб, Аллоҳ ва унинг Расули саллоллоҳу алайҳи васаллам кичик ҳаракатларнинг катта натижаларини кўрсатади. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтадики:

 «Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир» (Қуръон, 99:7).

Аллоҳ бандасининг кичик бир садақасини кўпайтиришини таърфилар экан, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: “...Ҳаттоки у  тоғ каби  бўлади”, дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим).

Кичик ишлар фақат ўлимдан кейингина мукофотланмайди – улар ҳаётлик пайтидаёқ самара беради. Гарчи бизнинг фикрларимиз асосан сўнгги ҳаётга қаратилган бўлсада, Аллоҳ бизга кичик ишларнинг катта натижаларини бу дунёда ҳам кўрсатиши мумкин:

- Имом Бухорийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисларини битта китобда тўплаш ҳақидаги яхши маслаҳатини эслайлик – шу тариқа "Саҳиҳи Бухорий" пайдо бўлган.

-Болаларга сармоя киритишга эътиборсизлик қилманг: имом Аҳмаднинг онаси, токи у буюк олим бўлмагунига қадар, худди шундай йўл тутган. 

– Сиз олаётган таклифлар аҳамиятини кичрайтирманг: ўз вақтида Умар ибн Хаттаб Қуръоннинг тарқоқ ҳолдаги қисмларини битта китобга бирлаштиришни таклиф қилган. 

– Яхши сўзнинг аҳамиятини камайтирманг: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Туфайл ибн Амр Маккага келганида бундай сўзлар билан мурожаат қилган, натижада у имон келтирган ва у билан бирга бутун Даус қабиласи ҳам иймон келтирган. Шундай қилиб, ҳеч қандай амални кичрайтирманг: нафақат битта одам, балки битта ҳаракат ҳам аҳамиятга эгадир.

«Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг итоат қилгувчи, ҳаққа мойил уммати эди» (Қуръон, 16:120) 

Ушбу оятда пайғамбар Иброҳим (алайхиссалом) «уммат» деб аталган. Бу нафақат унинг турли ахлоқий хислатлар ва тақводорлик намунаси бўлиб хизмат қилгани, балки уммат ташкил қилганини ҳам акс эттиради. Иброҳимнниг уммати барча пайғамбарлар унга мансуб бўлган яккахудога сиғинадиган жамоати бўлган. Лекин у «уммат» деб аталиш учун қанчалик буюк ишларни амалга оширган?

Бундай ишлар  сони жуда кўп бўлган, лекин асосийси – умматнинг асосчиси бўлган. Мусулмон бўлгани ва ўз вақтида исломнинг даъватини етказгани учун ундан кейин келган ҳамма ўзини унинг издошлари деб атаган ва унинг халқига мансуб эканлигидан фахрланган. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадики:

 «Сен:«Албатта, мени Роббим тўғри йўлга–рост динга–тўғриликка мойил Иброҳим миллатига ҳидоят қилди…» (Қуръон, 6:161) 

Энг оғир вақтларда ҳам яхшилик қилганлар катта эҳтиромга сазовор бўладилар. Шубҳаланиш ва «Бир киши нима қила олади?» деб ўзини ишонтирган ҳолда ортга чекиниш ўрнига «Мен бу ишни биринчи бўлиб қилган бўламан» деган шиор билан яшаш керак. Ёддан чиқарманг, золимнинг олдига келиб, уни амри маъруф ва наҳйи мункар қилишга ундайдиган жафокаш энг катта эҳтиромга сазовор бўлади.

Исломни биринчи бўлиб қабул қилган ва уни ўз шаҳрига олиб келган Мадиналик олти киши каби бўлинг. Мусъаб ибн Умайр Мадинада бўлгани каби, шаҳарда исломнинг биринчи элчиси бўлинг. 

Биринчилардан, ташаббускорлардан, кашшофлардан новаторлардан бўлинг. Шунда сиз нафақат ўз ҳаракатларингиз учун, балки сизга эргашадиганларнинг ҳаракатлари учун ҳам мукофотланасиз. Улар ҳақида қуйидаги сўзлар айтиладиганлар қаторидан бўлинг:

 «…бизларни тақводорларга йўлбошчи эт» (Қуръон, 25:74).  «…Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки тақво қилсалар» (Қуръон, 7:164). 

Биз нима учун яхши ишлар қилишдан ўзимизни олиб қочишимизни далиллар билан исботлашга уриниб, биз кўпинча бу ишлар умидсиз деб айтамиз. Худди шу гапларни айрим яҳудийлар ҳам, уларни амри-маъруф ва наҳйи мункарга ундашганда айтишган.

Улардан бир жамоат: «Аллоҳ ҳалок қилувчи ёки шиддатли азоб-ла азобловчи қавмга ваъз қилиб нима қиласиз?!» деганида, улар, Роббингизга узр бўлиши учун ва шоядки тақво қилсалар деб, дедилар (Қуръон, 7:164).

Аллоҳ биздан атрофимиздаги жамият ҳақида сўрайди, ҳар куни содир бўладиган бахтсизлик ва ёвузликлар ҳақида жавобга чақиради. Биз ҳаттоки ўзимиз юқори ахлоқли бўлсакда, жамиятдаги таназзул ва одоб-ахлоқнинг бузилиши учун жавобгармиз. Биз ҳаттоки бундан ҳеч қандай наф бўлмайдиган бўлиб кўринсада, нимадир қилишимиз керак. Агар бунга муваффақ бўлсак, натижадан қувониш мумкин, агар бунинг имкони бўлмаса – Аллоҳ биздан бурчимиз ҳақида сўраганда ўзимизни оқлашимиз мумкин бўлади

Бизнинг кичик ишларимиз натижасини кучайтириши мумкин бўлган муҳим тамойил бу – ният тамойилидир. Аллоҳ олдида ниятларни тозалаш улкан кучга эга. Тоза ва тақволи ният билан бажариладиган кичик ишлар улкан натижа беради.  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ғорнинг оғзини харсанг тош босиб қолганда қамалиб қилган уч нафар исроиллик ҳақида ҳикоя қилган. Барча ҳаракатларига қарамай, улар тошни жойидан бир қарич ҳам силжита олмаган. Ўз кучлари билан ҳеч нарса қила олмаслигига амин бўлгач, улар Аллоҳга мурожаат қилган. Уларнинг ҳар бири ўтмишда қилган эзгу ишларини санаб беради. Ҳар бири ўз ҳикоясини қуйидаги сўзлар билан якунлайди: «Аллоҳим, агар буни Сенинг розилигинг учун қилган бўлсам, бу кулфатни биздан аритгин». Ҳар бир ибодат билан тош ғорнинг оғзидан тобора кўпроқ сурилади ва ғор оғзи очилади, «… ва улар ғордан чиқадилар» (Бухорий) 

Олимлар бу саҳиҳ ҳадисни холис ният амалнинг аҳамиятини кўпайтиришини кўрсатиш учун келтириб ўтадилар. Аллоҳга нисбатан холис ниятлар тошларни жойидан силжитиши, қалбини тозалаши, жамиятни ислоҳ қилиши мумкин.  Асад ибн Зорара Мадиналик қабилалар оқсоқоллари ташриф буюрганда Мусъаб ибн Умайрга айтади: «Бу ўз халқларининг пешволари. Агар улар исломни қабул қилсалар, уларнинг ортидан кўплаб одамлар эргашади. Шу сабабли, улар билан гаплашганда, Аллоҳнинг олдида самимий бўлинг!» 

Мусъаб самимий бўлди ва унга ишонишди. Бу воқеадан дарров кўзга ташланмайдиган яна бир хулоса бу – жамоавий меҳнатнинг муҳимлигидир. Харсанг тош ҳар бир киши ўзининг эзгу ишлари билан муносиб ҳисса қўшганидан кейингина ўрнидан тўлиқ силжийди. Ҳа, эҳтимол, бир киши бу камдир, лекин у ҳам ёлғиз ўзи нималардир қила олади. Лекин холис ниятли одамлар гуруҳи мўъжизаларга қодир бўлади. Аллоҳ  таоло айтади:

 «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг …» (Қуръон, 5:2)  «Сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим …» (Қуръон, 27:22)

Худ-худ – чиройли қуш, лекин у ягона эмас. Дарҳақиқат, унинг парвози майин, равон ва нафсатли – худди бошқа кўплаб қушлар каби. У Қуръон бунинг учун эмас, балки ўзининг кичик бир амали туфайли ёдга олиб ўтилган: у Сулаймонга қуёшга сиғинадиган халқ ҳақида ҳикоя қилиб берган. Кичкина худ-худ солиҳ амалда катта роль ўйнади ва шу сабабли миллиардлаб мусулмонлар у ҳақида энг ҳурмат қилинадиган ва ишончли Китобда ўқийдилар. Худ-худ Сулаймоннинг хатини маликага етказади ва у фуқаролари билан бирга Аллоҳга имон келтиради (Қуръон, 27:20-44).

Нафақат битта одам, балки битта кичкина қуш ҳам аҳамиятга эга. 

Манба: OnIslam

Абу Муслим таржимаси