loader
Foto

Ванга ким?

Жавоб (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ):

- Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:

«Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрадилар. Шунда у зот:

«Улар ҳеч нарсага арзимайдилар», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, аҳёнда улар бир нарсани айтса ҳақ бўлиб чиқади-ку?» дейишди. У зот:

«У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб жинлардан бири уни илиб олиб ўз «оғайниси» қулоғига товуқнинг қаққиллашига ўхшатиб илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жоҳилиятдан қолган бўлмағур эътиқодларни қандоқ муолажа қилганларининг бир намунаси зоҳир бўлмоқда. Бу ажойиб услубни у зот кишиларнинг саволига жавоб беришда ишлатмоқдалар.

«Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинлар ҳақида сўрадилар».

Яъни, одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан коҳинларга Ислом нуқтаи назаридан қандоқ қаралиши, уларнинг ишлари тўғри ёки нотўғри экани ҳақида сўрадилар.

«Шунда у зот:

«Улар ҳеч нарсага арзимайдилар», дедилар».

Ҳа, Аллоҳ таолонинг мукаммал дини наздида фолбинлар сариқ чақага ҳам арзимайдиган кимсалардир. Лекин бу ҳақиқатни тушуниб етмаган одамлар уларнинг қандайдир қиймати бор, деб юрадилар. Жоҳилият вақтида ҳам шундоқ бўлган. Ўша фикрнинг қолдиғи таъсирида одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидан кейин яна қўшимча савол беришди.

«Эй Аллоҳнинг Расули, аҳёнда улар бир нарсани айтса ҳақ бўлиб чиқади-ку?» дейишди».

Дарҳақиқат, баъзи вақтларда фолбиннинг гапи тўғрига ўхшаб кўринади. Одамларнинг фолбинлар тузоғига илинтирадиган нарсанинг ўзи ҳам шу. Ана ўша нарса нима эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилдилар.

«У зот:

«У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб жинлардан бири уни илиб олиб ўз «оғайниси» қулоғига товуқнинг қаққиллашига ўхшатиб илқо қилади. Улар эса унга юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб юборадилар», дедилар».

Бу иқтибосдаги «оғайни» фолбиндир. Ҳа, фолбин жиннинг оғайниси бўлади. Жин урмаган одам фолбин бўлармиди?! Қайси бир фолбиннинг шахсини яхшироқ ўрганиб чиқилса дарҳол бу ҳақиқат юзага чиқади. Уларнинг ўзлари, жинларим, де¬йиш ўрнига, одамларим, дейдилар. Ана ўша одамлари баъзи ҳақ калималарни эшитиб олиб фолбинга етказади. Фолбин эса бирга юзни қўшиб содда кишиларни алдаб вақтини, пулини, имконини ва бошқа кўпгина нарсаларини олади.

Мазкур жинлар ҳақ калимани қандоқ эшитишлари ҳақида келгуси ҳадиси шарифда батафсил баён қилинади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир ансорий киши хабар берди. Улар бир кеча Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эканлар, бир юлдуз отилиб ёруғлик тарқатибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Жоҳилият вақтида шунга ўхшаш отилган нарсага нима дер эдингиз?» дедилар. Улар:

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи. Биз, бир улуғ одам туғилди ва бир улуғ одам ўлди, дер эдик», дейишибди. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У бировнинг ўлими учун ҳам, ҳаёти учун ҳам отилмайди. Лекин Аллоҳ таборака ва таоло бир ишни қазо қилса, аршни кўтариб турувчилар тасбеҳ айтурлар. Сўнгра уларга яқиндаги осмон аҳли тасбеҳ айтурлар. То тасбеҳ ушбу дунё аҳлига етгунча шундоқ бўлур. Кейин аршни кўтариб турувчиларга яқин турганлар аршни кўтариб турувчилардан, Роббингиз нима деди, деб сўрарлар. Бас, уларга нима дегани хабарини берурлар. Шундоқ қилиб осмонларнинг баъзи аҳллари баъзиларидан то хабар ушбу дунё осмонига етиб келгунича хабар сўрарлар. Бас, жинлар ўғриликча хабарни олиб қочурлар ва ўз оғайниларига илқо қилурлар. Ана шунда ҳалиги нарса ила отилурлар. Улар ўз ҳолича келтирган нарса ҳақдир. Лекин улар қўшиб-чатирлар», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам коҳинлар ҳақидаги жоҳилиятдан қолган бўлмағур эътиқодларни бошқача услуб ила муолажа қилмоқдалар. Қулай фурсат келганда саҳобаи киромларга ўзлари савол бериб туриб, уларни муноқашага фаол қатнаштириб муолажа қилмоқдалар.

Бир кеча Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга суҳбат қуриб ўтирган эканлар, бир юлдуз отилиб ёруғлик тарқатибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

«Жоҳилият вақтида шунга ўхшаш отилган нарсага нима дер эдингиз?» дедилар».

Яъни, жоҳилият пайтида ҳозиргига ўхшаб юлдуздан бир парча отилиб чиқиб ёруғлик тарқатса нима деб ўйлар ва эътиқод қилар эдингизлар? Улар:

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи. Биз, бир улуғ одам туғилди ва бир улуғ одам ўлди, дер эдик», дейишибди».

Яъни, бу нарса ҳақидаги ҳақиқий илмни Аллоҳ таоло ва Унинг Расули бўлган Сиз биласиз. Аммо сўраганингиз учун айтамиз, биз юлдузнинг ажраб чиқиб, ёруғлик тарқатишини улуғ бир одам туғилгани учун, кейин сўнишини улуғ бир одам ўлгани учун, деб ўйлар эдик, дейишди.

Ҳозир ҳам исломий таълимотлардан хабарсизлар шундоқ ўйлайдилар. Исломий таълимот бу ҳодисани қандоқ тушунтириши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги баёнларида келади.

«У бировнинг ўлими учун ҳам, ҳаёти учун ҳам отилмайди».

Демак, юлдуздан учқун отилиб чиқиш ҳақидаги жоҳилият эътиқоди асоссиздир.

«Лекин Аллоҳ таборака ва таоло бир ишни қазо қилса, аршни кўтариб турувчилар тасбеҳ айтурлар».

Аллоҳ таоло ер юзида бўлиши лозим бўлган бирор ишнинг Ўзининг иродаси ила ҳукмини қилганида бундан қойил қолган аршни кўтариб туришга вазифадор бўлган фаришталар Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтадилар.

«Сўнгра уларга яқиндаги осмон аҳли тасбеҳ айтурлар».

Аршни кўтариб турувчи фаришталар Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтганларини эшитиб аршга энг яқин осмонда вазифадор бўлиб турган фаришталар ҳам Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтадилар. Уларни эшитиб бир табақа пастдаги осмонда вазифадор бўлиб турган фаришталар ҳам Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтадилар. Бу иш силсила тарзда давом этади.

«То тасбеҳ ушбу дунё аҳлига етгунича шундоқ бўлур».

Ҳамма осмонлардагилар гап нимада эканини билмай бир-бирининг тасбеҳини эшитиб ўзлари ҳам тасбеҳ айтишиб бўлгандан

«Кейин аршни кўтариб турувчиларга яқин турганлар аршни кўтариб турувчилардан: «Роббингиз нима деди?», деб сўрарлар».

Чунки Аллоҳ таолонинг нима деганини фақат уларгина эшитган бўладилар.

«Бас, уларга нима дегани хабарини берурлар».

Яъни, аршни кўтариб турувчилар ўзларига яқин турган фаришталарга Аллоҳ таоло нима деганини айтиб берадилар.

«Шундоқ қилиб осмонларнинг баъзи аҳллари баъзиларидан то хабар ушбу дунё осмонига етиб келгунича хабар сўрарлар».

Бу дунё осмонига келгунича у хабарни фақат фаришталаргина эшитадилар. Бу дунё осмонига етганда эса, баъзи жинлар ўғриликча хабар эшитишга уринадилар.

«Бас, жинлар ўғриликча хабарни олиб қочурлар ва ўз оғайниларига илқо қилурлар».

Яъни, фолбинларга ўзлари ўғриликча эшитиб олган узуқ-юлуқ сўзларни ўзларидан ёлғон қўшиб айтадилар.

«Ана шунда ҳалиги нарса ила отилурлар».

Жинлар осмон хабарини ўғриликча эшитишга уринганларида уларни юлдузлардан отилиб чиққан учқунлар қувлайди. Шунинг учун жинлар осмон хабарини яхши эшита олмайдилар. Фақат баъзи бир сўзларнигина эшитиб қолишлари мумкин.

«Улар ўз ҳолича келтирган нарса ҳақдир».

Жинлар эшитган нарсаларини ўзгартирмай ўз ҳолида келтирсалар ҳақ гап бўлар эди.

«Лекин улар қўшиб-чатирлар», дедилар».

Шунинг учун уларнинг ҳам, уларнинг оғайнилари бўлмиш фолбинларнинг ҳам гап-сўзларига мутлақо ишониб бўлмайди.

Ушбу ҳадиси шарифда келган жинларнинг осмон хабарларини ўғриликча эшитишлари ҳақидаги таълимот аслида Қуръони Карим келтирган ҳақиқатдир.

Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишар экан. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқсалар, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Улар ерга ўз қавмлари ҳузурига қайтиб: «Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку? дейишади. Шунда баъзилари, дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак, дейишади. Машриқу мағрибни кезиб биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин номи билан аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб тўхташган, биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтадилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Жин сурасини нозил қилди.

Қуйидаги оятларда Қуръони Карим жинлар ғойиб ишларни билмаслигини, фолбин-мунажжим, сеҳргарлар жинлар ёрдамида ғойибни биламиз, деб қиладиган даъволари ёлғон ва бўҳтондан иборатлигини баён қилади ва шу билан мусулмонларни турли хурофот ва ваҳималаридан четлатади.

«Ва, албатта, биз осмон (етиш)ни талаб қилдик. Бас, уни кучли қўриқчиларга ва учқунларга тўлган ҳолда кўрдик».

Яъни, жинлар осмонга аввалгидек ғайб хабарларни ўғриликча эшитиш, кишилар тақдирини билиш учун кўтарилганда тамоман бошқа ҳолатга дуч келганларини айтмоқдалар. Чунки жинлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлгунларича осмонга чиқиб ўз ҳожатларини раво қилиб қайтардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий кела бошлагач, осмонни кучли фаришталар қўришга ўтдилар ва жинларни турли жойлардан учқунлар билан қувиб ҳайдадилар. Оятда жинларнинг ана шу ҳолатига ишора қилинмоқда. Иккинчи бир жиҳати бу оят жинлар бизнинг ер куррамиздан ташқарида ҳам ҳаёт кечириш хусусиятига эга эканига далилдир.

«Ва, албатта, биз у (осмон)да тинглашга қулай жойларга жойлашиб олар эдик. Энди эса, ким қулоқ солса, ўзини пойлаб турган учқунга дучор бўладир.

Ва, албатта, биз ер юзидагиларга ёмонлик ирода қилиндими ёки Роббилари уларга рушдни ирода қилдими, билмасмиз».

Бу оятда жинлар ғайбни, кишилар тақдирини билмасликларини ўзлари эътироф қилмоқдалар. Бас, шундоқ экан уларнинг оғайнилари бўлмиш, уларнинг малайлари бўлмиш фолбинлар ғайбни, тақдирни ва хасталикни қаердан билишсин! Шунинг учун уларга мутлақо ишонмаслик керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким юлдузлардан илм иқтибос қилган бўлса, сеҳрдан бир шўъба иқтибос қилган бўлади. У зиёда бўлса, бу ҳам зиёда бўлади», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Ушбу ривоятда юлдузларга қараб ғайб илмини, бировларнинг тақдирини, келажакда бўладиган ишларни билишни даъво қиладиган мунажжимлар ҳақида сўз кетмоқда. Фол очишнинг бу тури ҳам борлиги ҳаммага маълум. Бу турли фолбинларга кўпчилик қатори бемор кишилар ҳам мурожаат қилишлари ҳам маълум.

«Ким юлдузлардан илм иқтибос қилган бўлса, сеҳрдан бир шўъба иқтибос қилган бўлади».

Сеҳр эса Ислом шариатида ҳаром қилинган нарса. Бинобарин, мунажжимлик ҳам ҳаром бўлади. Мусулмон одам бу ишни қилмоғи, ўша ишни қилувчига ишонмоғи мутлақо мумкин эмас бўлади.

«У зиёда бўлса, бу ҳам зиёда бўлади»

Яъни, мунажжимлик зиёда бўлса, сеҳр ҳам зиёда бўлади, гуноҳ ҳам зиёда бўлади.

Шу ерда илми фалак — астрономия ва мунажжимлик — астрология мутлақо бошқа-бошқа эканини алоҳида таъкидламоқ лозим.

Ислом илми фалакни осмонни ва ундаги бор нарсаларнинг барчасини яхшилаб ўрганишга чақирган ва мусулмонлар ичидан бу соҳада Мирзо Улуғбекка ўхшаш буюк алломалар етишиб чиққан. Шу билан бир вақтда Ислом мунажжимликдан қаттиқ наҳий қилган.

Ҳозирги кунда айни шу ҳаром қилинган нарса авж олган. Газетлар кундалик, ҳафтаномалар ҳафталик, ойномалар ойлик, ундан каттароқлари йиллик тақдирларни, келажакда бўладиган ишларни олдиндан айтиб бериш даъвоси ила ҳаммани алдамоқда. Кишиларда турли бўлмағур ҳис-туйғулар, шумланишлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқдалар.

Мусулмон кишилар бундоқ ишлар билан шуғулланишлари мутлақо мумкин эмас.

Мусулмонлар шу иш билан шуғулланадиганларга мурожаат ҳам қилмасликлари лозимлиги ҳақида келгуси ҳадиси шарифларда сўз юритилади.

Мўминларнинг оналари розияллоҳу ан¬ҳуннанинг баъзиларидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким аррофга келиб ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас», дедилар».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилган. Аҳмаднинг лафзи:

«Ким аррофга ёки коҳинга келиб унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди».

Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозини қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими йўқми, фарқсиздир.

Аммо ким фолбинга бориб унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлар экан. Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким фолбинга бориб уни тасдиқласа, ким хотинига ҳайз чоғида яқинлик қилса, ким хотинига орқа томонидан яқинлик қилса, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил этилган нарсадан тонибди», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилган.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, хотинига ҳайз чоғида ёки орқа томонидан яқинлик қилиш соғлиққа зарар бўлганидан ҳаром қилинган. Энди шу икки нарсага фолбинга бориш ва уни тасдиқлаш қўшилишида бу ишда ҳам маънавий, ҳам сиҳҳий зарар борлигига ишора бор.

Бу уч нарса оғир гуноҳдир.

Муовия ибн Ҳакам ас-Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, жоҳилият вақтида баъзи ишларни қилар эдик. Коҳинларга борар эдик», дедим.

«Коҳинларга борманглар», дедилар у зот.

«Баъзи нарсалардан шумланар эдик», дедим.

«У бирингизнинг кўнглига келган нарса. Бас, сизни зинҳор тўсмасин», дедилар.

«Биздан чизиқ чизиб фол очадиган кишилар бор», дедим.

«Набийлардан бир набий чизиқ чизар эди. Ўшанга мувофиқ бўлса майли», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Илмли кишилардан ўзига керакли нарсаларни сўраб билиб олиш кераклиги.

2. Фолбинларга бориш ҳаромлиги.

3. Бирор нарсадан шумланиш жоиз эмаслиги.

4. Кишининг шумланиши кўнглига тушган беҳуда нарсадан ўзга нарса эмаслиги.

5. Кўнгилга тушган шумланиш туфайли қилиниши лозим ишни қолдирмаслик лозимлиги.

6. Ўтган набийлардан бир набий чизиқ чизиб баъзи Аллоҳ билдирган нарсаларни билгани. Аммо бу набий ким эканлиги, чизиқ чизишлари қай хилда эканлиги маълум эмас. Шунинг учун чизиқ чизиб фол очишнинг ҳар қандай кўриниши ман қилинган.



Қобийса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Иёфа, шумланиш ва тош ташлаб фол очиш ботилдандир», деганларини эшитдим».

Абу Довуд солиҳ санад ила ривоят қилган.

«Иёфа» — қушларнинг исмига ва сайрашига қараб фол очиш.

Демак, бу ишларнинг барчаси ботил, уларга мусулмонлар яқинлашмасликлари лозим.

Афсуски, ҳозирги пайтда Исломдан узоқлашиш оқибатида аввалги жоҳилият пайтида бўлган ушбу мавзуда зикр қилинган нарсалар у ёки бу кўринишда ичимизда мавжуд. Бу нарсаларнинг эътиқод масаласида етказадиган зарарлари ҳақида ўз ўрнида баҳс қилганмиз.

Аммо уларнинг соғлиқни сақлаш масаласида етказадиган зарарлари ҳақида ушбу жойда сўз юритдик.

Ислом хасталикларни асосан тиб орқали, баъзи руҳий муолажага эҳтиёжлари борларни Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг услублари ила муолажа қилишга амр этган. Икки ҳолатда ҳам устозларида расмий равишда шаҳодатнома олган мутахассисларга қаратиш амр этилган. Бу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши англашимиз ва динимизнинг амрига бўйсунишимиз вожиб.