Европада газнинг биржа нархи июнь ойидан бери биринчи марта минг куб метр учун 900 доллардан пастга тушди. Европа қитъасидаги иссиқ қиш фонида ва газ омборларида катта ҳажмдаги ёқилғи билан нарх пасайишда давом этмоқда. Reuters ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 25 декабрь ҳолатига кўра, омборлар 83,1 фоиздан кўпроқ тўлган.
Ғайритабиий иссиқ об-ҳаво жиддий газ танқислиги юзага келиши ва аввалроқ Россия газидан воз кечган Европа давлатларида катта муаммоларга умид қилаётган Москванинг режаларини бузди. Россиянинг собиқ бош вазири Медведев август ойида Янги йил арафасида ҳар 1000 куб метр газ нархи 5000 доллар бўлишини башорат қилган эди, аммо Москванинг умидлари оқланмаяпти.
Метеорологларнинг маълумотларига кўра, декабр ойи охирида Европада рекорд даражадаги илиқ об-ҳаво ўрнатилди – Германиянинг Франкфурт шаҳрида +16 даража иссиқ, бу 30 йиллик ўртача кўрсаткичдан 10 даражадан кўпроқ юқори. Франциянинг Марсел шаҳрида ҳаво ҳарорати +17,5 даражага кўтарилди, бу эса уйларни иситиш учун газга бўлган талабни сезиларли даражада камайтиради.
Қолаверса, синоптиклар келгуси икки ҳафта давомида ҳаво илиқ бўлишини, бу эса Европа энергия тизимларига юкни камайтиришда давом этишини тахмин қилмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳафта Ғарбий Европа бўйлаб шамол энергияси ишлаб чиқариш кўпаяди, бу эса газга бўлган талабни янада камайтиради.
Бундай қулай об-ҳаво шароитида газнинг биржа нархлари бир минг куб метр учун 902,5 доллардан сотилмоқда ва тушликгача 3,34 фоизга арзонлашди. Айни пайтда, Қўшма Штатларда совуқ ва қор бўрони туфайли газ қазиб олиш 280 млн куб метрдан кўпроқ ёки тахминан 10 фоизга камайди.
Бироқ, Европада нархлар ҳали ҳам пасаймоқда. Эслатиб ўтамиз, Европада газ нархи Украинада кенг кўламли уруш бошланиши даражасига тушиб кетди.