loader
Foto

Набий ва расул орасидаги фарқ

1. Аллоҳ кимга осмондан хабар берса-ю, ўша хабарни бошқаларга етказишни амр қилса, ўша одам набий ва расулдир. Аммо бошқаларга етказишни амр қилмаса, набийдир, расул эмас.

Хулоса шулки, расул ўзига келган пайғамбарликни ўзгаларга етказишга амр қилингандир. Набий эса, бунга амр қилинмагандир. У пайғамбарликни бошқаларга етказадими, етказмайдими, бари-бир.

2. Расул умумий бўлиб, фаришталардан ҳам, башардан ҳам бўлаверади. Аллоҳ таоло Қуръонда:

«Албатта, у ҳурматли Расулнинг гапидир» (Таквир: 19) деганда, Жаброил алайҳиссаломни ирода қилган.

«Расулларимиз Уларни вафот эттирди», (Аъроф: 37) деганда ҳам, фаришталарни ирода қилган.

3. Расул янги шариат билан келади. Набий янги шариат билан келмайди. Балки, олдинги шариатга амал қилади ва ўзгаларни ҳам, ўшанга амал қилишга чақиради».

Ушбу мавзуда яна бир қўшимча маълумот ва мулоҳазани зикр қилиб ўтишга тўғри келади. Қуръони Каримда расул ва набий сўзлари кўп келади. Жумладан, бу икки сўз пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳам ишлатилади. Аммо бу сўзларнинг ишлатилишида нозик маънолар борлиги мулоҳаза қилинади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан «набий» сўзи ўттиз марта атрофида ишлатилган бўлса, асосан, ўзаро инсоний алоқалар, никоҳ, мерос ва ўлжа бўлиш каби масалаларда ишлатилган.

Бинобарин, бу икки сўзни таржима қилишда ҳам шунга эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Иложи бўлса «Расул»ни пайғамбар деб таржима қилсак ҳам «набий»ни таржима қилмай ўз ўрнида қолдирганимиз маъқул бўлади.

Икки маънони қўшиб баён қилишда эса, пайғамбар лафзи ишлатилса бўлаверади.

Пайғамбарликни Аллоҳ беради

Пайғамбарлик ўқиб-ўрганиб ёки касб қилиб топиладиган нарса эмас. У, Аллоҳ таоло томонидан бериладиган илоҳий неъматдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Хаж» сурасида айтади:

«Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан Пайғамбарлар танлар. Албатта, Аллоҳ ўта эшитгувчи ва кўргувчидир» (75-оят).

Аллоҳ таоло пайғамбарлар юбориш билан бирга бандаларни ўша зотларга иймон келтиришга ва уларга эргашишга амр қилган.

Анбиё ва расулларга иймон

Бизларга Аллоҳ таоло Ўз китобида номларини зикр қилган пайғамбарларга иймон келтириш вожибдир. Аллоҳ таоло исмларини ва ададларини фақат Ўзи биладиган набий ва расулларни юборганига ҳам иймон келтирмоғимиз вожибдир.

Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи, инсоният учун улкан шарафдир. Одам Атодан бошлаб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарлар силсиласи эса, инсониятнинг шараф силсиласидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар инсоният учун шону шараф, фахр бўлган шахслардир. Улар Роббил оламиннинг кўрсатмаларини одамларга етказиб берган шахс-лардир. Уларнинг ҳаммалари бир Аллоҳнинг бандалари, бир Аллоҳнинг пайғамбарларидир. Улар бир–бирлари билан биродардирлар. Улар бир-бирларини тўлдириб, бир-бирларини тасдиқлаб келганлар. Улар орқали инсониятнинг асли бир экани, бир Аллоҳга сиғингани, бир динга амал қилгани тушунилади. Шунинг учун ҳам, Исломда уларнинг орасини фарқламай, ҳаммаларига бирдек иймон келтириш фарздир. Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирорталарини инкор қилган кимса, гўёки, ҳамма пайғамбарларни инкор қилган каби кофир бўлади.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ҳар бирлари яхшилик, фазилат бобида инсоният учун ўрнак ва намунадирлар. Уларнинг ҳар бири–ҳидоят маёғидир. Уларнинг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача ҳаммага ўрнакдирлар. Инсоният бугунги кунда пайғамбарлардан ўрнак олишга ўта муҳтож бир ҳолга келгандир. Бунинг учун уларнинг эҳтиромини ўрнига қўйиш, улар ҳақида Ислом кўрсатгандек иймон келтириш лозим. Чунки Исломдан бошқа дин ва мафкураларда бу нарса йўқ.

 Аллоҳ таоло юборган биринчи набий Одам алайҳиссаломдир. Анбиёларнинг энг охиргиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда йигирма беш пайғамбарни зикр қилган. Ана ўшаларнинг пай-ғамбарлигига батафсил эътиқод қилмоғимиз вожибдир. Яъни, мусулмон кишидан мазкур набийларнинг бирорталари ҳақида сўралиб қолса, у зотни танимаслиги ёки пайғамбарлигини билмаслиги жоиз эмас.

Шунингдек, бизларга пайғамбар алайҳиссаломлар барчалари Аллоҳнинг пайғамбарларига юкланган вазифаларни халойиққа етказганлари, бу ишда камчиликка йўл қўймаганларига иймон келтиришимиз вожиб.

Аллоҳнинг Пайғамбарларига иймон келтириш ҳам Аллоҳнинг Ўзига бўлган иймондан келиб чиқадиган иймондир. Пайғамбарларга иймон келтиришга Аллоҳнинг Ўзи буюрган. Аллоҳга ишонган одам Унинг Пайғамбарларига ҳам ишониши керак.

Қуръони Каримда номлари зикр қилинган Пайғамбарлар қуйидагилар:

1. Одам алайҳиссалом.

2. Идрис алайҳиссалом.

3. Нуҳ алайҳиссалом.

4. Ҳуд алайҳиссалом.

5. Солиҳ алайҳиссалом.

6. Иброҳим алайҳиссалом.

7. Лут алайҳиссалом.

8. Исмоил алайҳиссалом.

9. Исҳоқ алайҳиссалом.

10. Яъқуб алайҳиссалом.

11. Юсуф алайҳиссалом.

12. Айюб алайҳиссалом.

13. Шуайб алайҳиссалом.

14. Мусо алайҳиссалом.

15. Ҳорун алайҳиссалом.

16. Юнус алайҳиссалом.

17. Довуд алайҳиссалом.

18. Сулаймон алайҳиссалом.

19. Илёс алайҳиссалом.

20. Ал-Ясаъ алайҳиссалом.

21. Закариё алайҳиссалом.

22. Яҳъё алайҳиссалом.

23. Зул-Кифл алайҳиссалом.

24. Ийсо алайҳиссалом.

25. Муҳаммад алайҳиссалом.

Қуръони Каримда зикрлари келган пайғамбар алайҳиссаломлардан бирортасини инкор қилган одамнинг мусулмонлиги қолмайди.

Шу билан бирга, номлари ва қиссалари Қуръони Каримда зикр қилинмаган анбиёлар ҳам борлигини Қуръони Каримнинг ўзида таъкидланади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

«Ва бир пайғамбарлар ҳақида сенга олдин қисса айтиб бердик ва бир пайғамбарлар ҳақида қисса айтмадик» (Нисо:164).

«Батаҳқиқ, Биз сендан олдин пайғамбарлар юбордик. Улардан сенга қисса қилиб берганимиз бор ва улардан сенга қисса қилиб бермаганимиз бор» (Ғофур: 78).

Қуръони Каримда номлари зикр қилинмаган Пайғамбарлар ҳақидаги энг ишончли маълумот Ибн Мурдавайҳи Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда келган, у киши айтадиларки:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, Пайғамбарлар қанча?» – деб сўрадим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир юз йигирма тўрт мингта»,–дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, улардан қанчаси Расуллар?» –дедим.

«Уч юз ўн учтаси, кўпчилик»,–дедилар.

Аммо кўпчилик ақоид уламолари ўтган анбиёларнинг сонини маълум адад билан чеклаш яхши эмас, дейдилар. Жумладан, машҳур ватандошимиз имом Насафий ҳам «Ададни зикр қилинганда уларнинг ичига улардан бўлмаганлар кириб қолиши ёки улардан бўлганлар чиқиб қолиши хавфи бор» деганлар.

Шунинг учун, Қуръони Каримда келган маъно билан чегараланганимиз афзал, дейдилар муҳтарам уламоларимиз.

Улул азм пайғамбарлар

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Аҳқоф» сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб:

«Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил», деган (35–оят).

«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар:

1. Нуҳ алайҳиссалом.

2. Иброҳим алайҳиссалом.

3. Мусо алайҳиссалом.

4. Ийсо алайҳиссаломлардир.

Бу буюк Пайғамбарлар ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр–матонатда зарбулмасал бўлганлар. Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун, ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб қийин ҳолга тушганларида «Улул азм» номини олган буюк Пайғамбарлардан ўрнак олишга чақирилаяптилар.

«Бас, азму матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил!»

У зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» Пайғамбарлар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар. Демак,

5. Муҳаммад алайҳиссалом.

Пайғамбар башардир

Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг танланган, сараланган элчилари бўлиш билан бирга оддий башар фарзанди ҳамдирлар. Бу ҳақиқат гарчи баъзи бир нобакорларда турли фикрлар туғдирган бўлса ҳам, улкан илоҳий ҳикматга молик нарсадир.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида бу масалани қуйи-дагича муолажа қилади:

«Одамларга ҳидоят келган пайтда иймон келтиришларидан ман қилган нарса, фақат, Аллоҳ башардан Пайғамбар юборадими, де-йишлари бўлди» (94-оят).

Одамлардаги бу нотўғри тасаввур «Одам боласи» Аллоҳ таоло ҳузурида нақадар олий мартабада эканини тушуниб етмасликларидан келиб чиққандир.

Аллоҳ фаришта ва бошқа махлуқотлардан кўра одамни азизу мукаррам қилиб қўйганини баъзи одамларнинг ўзлари англаб етмас эдилар. Агар одам Аллоҳнинг йўлида юриб, буюрган ишларини қилиб, қайтарганларидан қайтса, фариштадан афзал бўлишини улар идрок этмас эдилар.

Улар одам боласи ичидан энг пок ва содиқлари танлаб олиниб Пайғамбар қилиниши барча инсоният учун шон-шараф эканини тушунмас эдилар.

Улар одам боласи билан фаришталарнинг хусусиятларини фарқ эта олмасдан, Аллоҳ башардан Пайғамбар юборадими, деб ажабланишарди. Ҳамда ўзларига ўхшаган башарга эргашишдан бош тортиб, иймондан юз ўгирардилар.

Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга уларнинг бу гапларига жавоб беришни ўргатиб дейдики:

«Сен: «Агар ер юзида фаришталар хотиржам юрганларида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эдик», деб айт» (Исро: 95).

Аллоҳ барча махлуқотларни яратган зот сифатида уларга қандай нарса мос келишини Ўзи яхши билади. Аллоҳ одамларни яратган зот сифатида уларга кимни Пайғамбар қилиб юборишни яхши билади. Ер юзида хотиржам яшаб юрганлар одамлар бўлгани учун, уларга одамларни Пайғамбар қилди. Агар ер юзида хотиржам яшаб юрганлар фаришталар бўлганида, уларга осмондан фаришта Пайғамбар туширган бўлар эди.

Пайғамбар Аллоҳнинг элчиси бўлиши билан бирга, Унинг амр ва наҳийларини ўз тимсолида акслантириб, шариат ҳукмларига амал қилишда ўрнак бўладиган биринчи шахс ҳамдир. Агар одамларга фаришта Пайғамбар қилиб юборилса ва у шариат ҳукмларига амал қилиб кўрсатса, Пайғамбар оддий одамдан бўлмаслиги керак-да, деган нобакорлар биринчи бўлиб:

«Бу Пайғамбар–фаришта, шунинг учун шариат ҳукмларига осон амал қилади, биз оддий башармиз, унинг қилганини қила олмаймиз», деган бўлар эдилар. Пайғамбар оддий башардан чиқарилса, улар бундай даъвони қила олмайдилар.

Пайғамбар – оддий инсон

Пайғамбар башардан бўлиши таъкидланди. Энди Пайғамбар башар бўлганда ҳам оддий башар эканини таъкидлаш лозим бўлади. Чунки баъзи тушунмаганлар пайғамбар башар бўлса ҳам, ғайри оддий башар бўлиши лозим, деган фикр-га боришлари мумкин. Зотан, авваллари шундоқ бўлган ҳам.. Аллоҳ таоло бу масалани «Фурқон» сурасида қуйидагича муолажа қилади:

«Улар: «Бу не Пайғамбарки, таом еб, бозорда юрадир?! Унга бир фаришта туширилса эди, у билан огоҳлантиргувчи бўлар эди.

Ёки унга хазина ташланса ёхуд унинг боғи бўлса-ю, ундан еса», дедилар. Золимлар: «Сизлар фақат сеҳрланган кишига эргашяпсизлар, холос», дедилар» (7-8-оятлар).

Қадимдан одамларга ўзларига ўхшаган оддий инсоннинг Пайғамбар бўлиши ғалати туюлиб келган. Уларнинг тасаввурларида, Пайғамбар қандайдир бошқача ғайри оддий хусусиятларга эга бўлиши керак.

«Улар, «Бу не Пайғамбарки, таом еб, бозорда юради?!»–дедилар.

Пайғамбарлар оддий одамдирлар. Улар ҳам таом ейдилар, бозорга бориб, савдо-сотиқ қиладилар ва бошқа тирикчилик ишларини бажарадилар. Мушриклар бу ишларни ўзларича, камчилик, Пайғамбарга тўғри келмайдиган иш деб баҳолардилар. Уларнинг фикрича, Пайғамбар ов-қат емаслиги, бозорда юрмаслиги ва инсонга оид бошқа ишларни қилмаслиги керак.

«Унга бир фаришта туширилса эди, у билан огоҳлантирувчи бўлар эди.»

Чунки кофирларнинг фикрича, одамдан кўра фаришта Пайғамбар бўлишга лойиқроқдир.

Лекин улар Аллоҳ таоло Одамни яратибоқ фаришталарни унга сажда қилишга буюрганини унутадилар. Яъни, Аллоҳ ҳузурида одам фаришталардан устун эканини эсдан чиқарадилар.

Одамларга йўлбошчи бўлиш учун, уларга ўрнак бўлиш учун ўзларига ўхшаш одамдан Пайғамбар бўлиши улкан ҳикматга молик эканини улар қаердан билсинлар?

Аллоҳ таоло юқоридаги даъволарга жавобан «Фурқон» сурасининг давомида қуйидагиларни айтади:

«Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар. Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик. Сабр қиласизлармикан?! Роббинг кўргувчи бўлган зотдир» (20-оят).

Эй, ҳабибим Муҳаммад, сен мушрикларнинг қилаётган бўҳтонларидан хафа бўлма. Уларнинг гаплари эътиборсиз. Жумладан, «Бу қандай Пайғамбарки, таом ер ва бозорларда юрар», деган гаплари ҳам беҳуда.

«Биз сендан олдин юборган Пайғамбарларимиз ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар.»

Сенга ўхшаган таом еб, бозорларда юрадиган оддий башарни Пайғамбар қилишимиз янгилик ёки ажабланадиган иш эмас. Қадимдан жорий қилинган иш. Бу ишга қарши чиққанлар сенга эмас, Аллоҳнинг жорий одатига қарши чиққан бўладилар. Биз шундай қилиб:

«Баъзиларингизни баъзиларингизга синов қилдик».

Оддий башардан Пайғамбар юбориб одамларни синовга учратдик, баъзилари синовдан ўта олмай, оддий башар ҳам Пайғамбар бўладими, деб йўлдан адашди. Уларнинг бу тасарруфлари эса, иймонлилар учун синов бўлди. Қани,

«Сабр қиласизлармикан?!»

Мушрикларнинг инкорига чидаб, илоҳий даъват оддий башар воситаси ила тарқалишига сабр қила олармикансизлар?

«Роббинг кўргувчи бўлган зотдир.»

Роббинг ҳар бир нарсанинг зоҳиринигина эмас, ҳақиқатини ҳам кўрувчи бўлган зотдир. Шунинг учун, Ўзи билиб ҳикмат ила тасарруф қиладир. Бандаларнинг иши Аллоҳнинг тасарруфини муҳокама қилиш эмас, балки амрларини бажо келтиришдир.

Пайғамбарлар маъсумдир

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг оддий кишилардан ажраб турадиган бирдан-бир сифатлари маъсумликларидир. Яъни, маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга футур етказадиган ва инсонлик қадрини кетказадиган нарсалардан четда бўлишларидир.

Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг гўзал ахлоқлилари, энг пок амал қиладиганлари, энг юраги тозалари ва тасарруфотлари энг тўғриларидирлар.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг маъсумликлари «исмат» тушунчаси асосидадир.

«Исмат» сўзи луғатда «ман қилиш»–«сақлаш» маъносини англатади.

«Исмат»нинг шаръий маъноси эса «Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбар ва набийларини гуноҳ ва маъсият ҳамда мункар ва ҳаром ишларни қилишдан сақлашидир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини хулқий ва жасадий айблардан ҳамда бошқалар наф-рат қиладиган касалликлардан ҳам асрагандир.

Чунки, Аллоҳ таоло одамларни у зотларга эргашишга, иқтидо қилишга ва уларнинг йўлидан юришга амр қилгандир. Пайғамбар алайҳиссаломлар барча башарга яхши ўрнакдирлар. Агар улардан маъсият ва мункар ишлар содир бўлиши жоиз бўлса ёки мазкур нуқсонлардан бирортаси мавжуд бўлса, у нарсалар шариатда бор нарсаларга айланиб қолади. Бу эса, мутлақо мумкин эмасдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўз пай-ғамбарларини маъсум қилгандир. Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни Ўзининг доимий инояти ила ўрагандир. У зот Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб:

«Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан», деган (Тур: 48).

Афсуски, бошқа динларда пайғамбар алай-ҳиссаломларга турли гуноҳларни қилганлик нисбатлари берилади.

Пайғамбар омонатли бўлади

Бунда пайғамбар алайҳиссаломлар ўзларига Аллоҳ таолодан берилган рисолатни бир ҳарфини ҳам ўзгартирмай омонат ила умматларга етказиши кўзда тутилган. Улар Аллоҳ таолодан келган ваҳийни худди ўзидек одамларга етказадилар. Унинг бирор ҳарфини камайтирмайдилар ҳам, унга бирор ҳарф зиёда қилмайдилар ҳам.

Бу маънода Қуръони Каримнинг Оламлар Роббисидан туширилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни омонат ила етказишлари ҳамда агар, фаразан, Пайғамбар алайҳиссалом бу омонатга хиёнат қилсалар, Аллоҳ таоло у кишини дарҳол жазолаши ҳақида «Ал-Ҳаққаҳ» сурасида қуйидагилар айтилади:

«Албатта, у (Қуръон) карамли Расулнинг сўзидир» (40-оят).

Яъни, Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзидир.

Бу ерда Қуръони Каримнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилиши, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам у каломни тиловат қилувчи ва кишиларга етказувчи эканликлари эътиборидандир.

«Ва у шоирнинг сўзи эмас. Сизлар жуда оз ишонасизлар» (41-оят).

Яъни, шундай эканлигига ишонмайсизлар.

«Ва у фолбиннинг ҳам сўзи эмас. Сизлар жуда оз эслайсизлар» (42-оят).

Яъни, эсламайсизлар.

«У Оламлар Роббисидан туширилгандир» (43-оят).

Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз сўзи эмас. Қуръон оламларнинг Роббиси томонидан туширилган каломдир. Муҳаммад алайҳиссалом уни етказувчи, холос. Агар у киши алайҳиссалом Қуръоннинг ҳаммасини ёки битта сурасини ўзидан тўқиб, «Бу Аллоҳнинг гапи дейиши у ёқда турсин, баъзи бир қавлларни тўқиб, Аллоҳга нисбат берса ҳам, соғ қолиши мумкин эмас.

«Ва агар у Бизнинг (номимиздан) баъзан ёлғон сўзларни тўқиса» (44-оят).

Яъни, агар Муҳаммад Бизнинг номимиздан, мушриклар даъво қилаётганидек, баъзи сўзларни тўқиса, ҳозиргига ўхшаб, соғ-саломат, турли мўъжизаларга соҳиб бўлиб, гуноҳлардан маъсум бўлиб, одамлар ёмонлигидан сақланиб юрмас эди. Ундоқ бўлса,

«Албатта, Биз уни қудрат билан тутамиз» (45-оят).

Яъни, Биз ундан Ўз қувватимиз ва Ўз қудратимиз ила интиқом оламиз.

«Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесамиз» (46-оят).

«Шоҳ томир» деганда юракнинг бош томири тушунилади. Албатта, ўша томири узилган одам соғ қолмайди, дарҳол ўлади. Демак, агар Муҳаммад алайҳиссалом Қуръонга ўзларича бирор нарсани қўшиб, бу ҳам Аллоҳдан дегудек бўлсалар, Аллоҳ у кишини дарҳол ҳалок қилиши турган гап экан. Бу, Қуръони Карим Аллоҳнинг соф каломи эканига ёрқин далилдир.

«Бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қола олмас» (47-оят).

Яъни, фаразан, Биз уни азобламоқчи бўлсак, сизлардан ҳеч бирингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Бизнинг азобимиздан тўсиб қола олмайди.

Бошқа пайғамбарларга муносабат ҳам худди шундоқ бўлган.

Пайғамбар эр кишилардан бўлади.

Пайғамбарларга лозим бўлган сифатлардан яна бири уларнинг эркак кишилардан бўлишларидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга қуйидаги хитобни қилади:

«Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юбориб, Пайғамбар этганмиз» (Юсуф: 109)

Яъни, аввалги Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳар аҳолисидан бўлган, саҳроликлардан эмас. Чунки, шаҳар аҳли тарбияли бўладилар, муомалани яхши биладилар, даъват ишларини олиб боришда сабр-матонатли бўладилар ва яна шунга ўхшаш зарурий сифатларга эга бўладилар.

Шунингдек, аввал ўтган Пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам эркак кишилар бўлганлар. Хотин киши ёки фаришталар пайғамбар бўлган эмас. Чунки, аёл кишиларнинг табиий, жисмоний тузилишлари Пайғамбарликдек оғир вазифага мос эмас. Ва фаришталар ҳам одамларга Пайғамбар бўлишлари мақсадга мувофиқ эмас.

Бунда зинҳор аёл кишини пастга уриш маъноси йўқдир. Балки, аёл кишининг аёллигини эътиборга олиб, уни машаққатга солмаслик риояси бор. Агар баъзилар ўйлагандек, аёл кишини пайғамбарликдан узоқ қилиш нияти бўлганда унинг пайғамбарларга она бўлиши ҳам раво кўрилмас эди. Ҳа, пайғамбарларни ҳам аёллар туққан!

Пайғамбарлар ўз қавми тилида юборилади

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Иброҳим» сурасида марҳамат қилиб:

«Қайсики, Пайғамбарни юборган бўлсак, баён қилиб бериши учун ўз қавми тили ила юборганмиз» дейди (4-оят).

Барча Пайғамбарларни ўз қавми тили ила юбориш ҳам Аллоҳнинг бандаларига берган неъматидир. Чунки бошқа қавм тилини тушуниш қийин бўлар эди. Ҳа, ҳамма Пайғамбарлар ўз қавмларига юборилганлар ва уларга ўз қавмлари тилида ваҳий келган.

Бутун оламларга ва барча қавмларга Пайғамбар бўлган Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ўз қавмларининг тили, яъни араб тилида ваҳий келди. Бунинг асосий ҳикматларини Аллоҳнинг Ўзи билади. Аммо, бу ўринда уламоларимиз мулоҳаза қилган ҳикматлардан баъзиларини айтиб ўтиш жоиздир.

Бошқа Пайғамбарлар маълум қавмга ва маълум муддатга келган бўлсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларнинг ҳаммасига қиёмат кунига қадар Пайғамбар қилиб юборилганлар. У кишининг умрлари чекланган. Шунинг учун, динни ҳамма қавмларга ўзлари етказишлари қийин. Шунга биноан, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг охирги дини таълимотларини ўз қавмларига, қавмлари эса, уни бутун дунёга тар-қатади. Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом дини араблар яшаб турган ерларга ёйилиб бўлиши билан вафот этдилар. Исломни дунёнинг қолган қисмига у кишининг қавмлари етказдилар.

Турли макон ва замонларда яшайдиган ҳар хил қавмларга бир Пайғамбарни турли тиллар билан юбориб бўлмас эди. Аввало, бу ишни адо этиш жисмонан амри маҳол. Қолаверса, дунёда хилма-хил тиллар жуда кўп. Ҳозирги тиллар ичида Исломнинг илоҳий китоби Қуръони Карим нозил бўлганидан кейин пайдо бўлганлари ҳам бор. Демак, ҳар бир қавмга ўз тилида ваҳий келиши керак бўлса, кейин пайдо бўлган тилларда сўзлашувчилар нима бўларди?

Қолаверса, тилларнинг имкониятлари ҳам ҳар хил. Шунинг учун, Аллоҳ таоло энг бой ва каломининг абадий мўъжиза бўлиб қолишини ҳам кўтара оладиган тил–араб тилини танлаб, ўша тилда қиёматгача боқий қоладиган китоби–Қуръони Каримни туширди. Қавмлар, тиллар, лаҳжалар, замонлар алмашаверади, аммо Қуръон мўъжиза бўлиб тураверади. Ундан араб ҳам, ажам ҳам, оқ ҳам, қора ҳам баробар фойда олаверади.

Ҳа, Пайғамбар ўзига келган илоҳий таълимотларни одамларга баён қилиб беради. Шу билан унинг вазифаси тугайди. Қолгани Аллоҳнинг ихтиёрида.

Пайғамбарларнинг бир-бирларидан

фазли ҳақида

Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун «Бақара» сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади:

«Булар – Пайғамбарлар. Уларнинг баъзиларини баъзиларидан фазллик қилдик. Улардан Аллоҳ гаплашгани бор ва баъзиларининг даражасини кўтарган. Ва Ийсо ибн Марямга ойдин-(мўъжиза)ларни бердик ва уни муқаддас руҳ билан қўлладик» (253-оят).

Қуръони Каримнинг ҳар бир сўзидан, ҳар бир ҳарфидан катта-катта маънолар келиб чиқади. Бу ҳақиқатни кишилар тушуниб етишлари керак, холос. Ушбу ояти кариманинг аввалида «Булар» деган сўз келмоқда. Бу, Пайғамбар алайҳиссаломларга нисбатан бўлган эҳтиром рамзидир. «Улар», «Анавилар» ёки шунга ўхшаш бошқа сўзларни ишлатмасдан, айнан,

 «Булар Пайғамбарлар», дейилиши улкан ҳурматга далолат қилади.

Ояти каримада Пайғамбарлар ва Пайғамбарликлар ҳақида умумий маълумот келмоқда. Шу билан бирга, баъзи Пайғамбарларнинг баъзиларидан фазли устун эканлиги ва ўша устунлик нимада эканлиги ҳам билдириб ўтилмоқда.

«Уларнинг баъзиларини баъзиларидан фазл-лик қилдик».

Мазкур фазл Пайғамбар алайҳиссаломларни ўраб турган муҳитга боғлиқ. Мисол учун, баъзи Пайғамбарлар бир қабилага, бошқалари бир авлодга, яна бирлари бир умматга, баъзилари эса, барча умматлар ва авлодларга юборилган бўладилар.

Шунингдек, бу фазллар Пайғамбарликнинг табиатига, унинг инсон ҳаётини қанчалик қамраб олишига ҳам боғлиқдир.

Ояти каримада мазкур ҳолга иккита мисол келтирилади:

«Улардан Аллоҳ гаплашгани бор».

Яъни, Пайғамбарлар ичида Аллоҳ у билан гаплашгани бор. Аллоҳ билан гаплашиш ҳақида сўз кетганда, албатта, Мусо алайҳиссалом ёдга тушадилар. Бу маъно озми-кўпми диндан хабардор барча кишиларга маълум. Шунингдек, Қуръони Каримда ҳам бир неча бор такрорланган ҳақиқатдир. Мусо алайҳиссаломнинг лақаблари «Калиймуллоҳ»дир. Яъни, Аллоҳ ила сўзлашган, шунинг учун ҳам оятда у кишининг номлари айтиб ўтирилмади.

«Ва баъзиларининг даражасини кўтарган.»

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила баъзи Пайғамбарларининг даражасини кўтариб қўйган. Бу ҳам маълум ва машҳур.

«Ва Ийсо ибн Марямга ойдин (мўъжиза)ларни бердик ва уни муқаддас руҳ билан қўлладик.»

Қуръони Карим доимо Ийсо алайҳиссаломни оналари Биби Марямга нисбат бериб зикр қилади. Бу билан у кишининг инсон эканликларини таъкидлайди ва у зот ҳақидаги турли афсоналарнинг бекор эканлигини исбот қилади.

У кишига берилган «ойдин (мўъжиза)лар» ҳақида ҳам кўплаб оятлар келган. Буларга, у кишига туширилган «Инжил» китоби ва у кишига Аллоҳ берган бошқа турли мўъжизалар киради. «Муқаддас руҳ» деб таржима қилинган «Руҳул қудус»дан мурод Жаброил фаришта алайҳиссаломдир. У ваҳийга хизмат қилувчи, Аллоҳнинг ваҳийсини Пайғамбарларга етказувчи фариштадир. Қайси Пайғамбарга Жаброил алайҳиссалом келсалар, катта қўллаш ҳисобланган.

Ояти каримада Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзларига хитоб бўлаётгани учун, У зотнинг фазл-лари зикр қилинмади. Ҳамма Пайғамбарлар ичида Муҳаммад алайҳиссаломга назар соладиган бўлсак, у зот энг олий чўққида турадилар. Пай-ғамбарликнинг ҳамма нуқтаи назаридан қараганда, у зотнинг Пайғамбарликлари ҳаммадан устун туради. У кишининг Пайғамбарликлари барча авлодлар, барча умматлар ва халқлар учундир. У кишининг Пайғамбарликлари то қиёмат кунига қадар бардавомдир. У кишининг Пайғамбарликлари тўлиқ, ҳеч қандай камчиликсиз ва кишиларга икки дунё саодатини берувчи Пайғамбарликдир. Шунинг учун ҳам, у кишидан кейин ваҳий келиши тўхтаган. Аллоҳ таоло бошқа ҳамма Пайғамбарларга берган фазилатларни жамлаб, Муҳаммад алайҳиссаломга бергандир. Шундай бўлса ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

«Мени бошқа Пайғамбарлардан устун қўйманг-лар», дейдилар.

Нақадар улуғ камтарлик, буюк тавозуъ.

Уламоларимиз ушбу оят ва ҳадисдаги маъноларнинг бир-бирига қарама-қарши эмаслигини таъкидлаб, оятда воқеъликдан хабар берилган, ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломнинг камтарликларига, Пайғамбарларнинг фазлини белгилаш Аллоҳнинг иши эканлигига далолат, деганлар.

Аммо Пайғамбарларнинг пайғамбар эканликлари ва Аллоҳ таолонинг мустафо бандалари эканликларида ҳеч қандай фарқ қилинмайди. Бу ҳақда «Бақара» сураси охирида айтиладики:

«Унинг Пайғамбарларидан бирорталарини ажратмаймиз» (285–оят).

Яъни, Аллоҳ юборган барча Пайғамбарларга бирдек иймон келтирамиз. Бирорталарини ажратиб қўймаймиз.

Пайғамбарларни бирдай кўриш, уларга бирдек иймон келтириш ва уларни тенг эъзозлаб, ҳурмат қилиш мусулмон умматининг асосий қоидасидир. Шунга кўра, бу уммат барча илоҳий шариатларнинг меросхўри бўлди. Чунки мазкур Пайғамбарларнинг барчасига тушган дин Ислом бўлган.

Пайғамбарларнинг вазифалари

Аллоҳ таоло нима учун одамлар ичига набийларни юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Одамлар бир миллат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди» (213–оят).

Аслида, инсоният Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Бир оиланинг аъзолари эди. Аста-секин кўпайиб бордилар. Уларнинг кўпайишлари билан бирга, фикр–мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам кўпая борди. Чунки ҳар кимда ўз табиати бор, ўз ақли бор, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб фикр баён қилади. Ҳар кимнинг фитратидаги хусусияти бор. Чунки ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу тортишувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлганида эди, ер юзи обод бўлмасди...

Демак, одамлар ўртасида хилоф, келишмовчилик чиқди. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билмоқда. Бундай вазиятда ким ҳақ эканлигини қаердан биламиз? Одамларнинг ўзларига қўйсак, ҳар ким ўзиникини маъқуллайди. Ва ихтилоф яна ҳам кучаяди.

Агар улардан бир гуруҳларини танлаб олиб, ўша танланганларга топширсак, улар ҳам одам. Ҳар қанча ақлли бўлсалар-да, барибир уларда ҳам бошқа одамлардаги заифликлар бор. Бир кунмас-бир кун адашади. Заифлиги тутиб, бир тарафга ён босади. Ёки ҳамма нарсани қамраб олувчи илмга эга бўлмайди. Нафси заифлик қилиб пора олиши мумкин. Ўз қавми чегарасидан чиқа олмай қолиши мумкин ва ҳоказо минглаб сабаблар борки, улар бу йўлда тўсиқ бўлиб, ишни бузиши аниқ.

Демак, «Бундай ихтилофнинг қайсиси тўғри, қайси чегарагача ихтилоф қилса бўлади?» каби саволларга жавоб бериш учун ихтилоф қилаётганлардан устун турувчи, инсондаги бор заифликдан таъсирланмайдиган, ҳамма нарсани қамраб олувчи илм эгаси, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган, беками кўст, тамадан холи, нуқсонсиз, баркамоллик сифатига эга бир зот керак бўлади. Ана ўша зот Аллоҳ таолонинг Ўзи! У ҳамма нарсани билувчи зот, шунинг учун ҳам Ўзи яратган бандалари ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар ҳақида қандай ҳукм чиқаришни ўзи билади.

«Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди» (Бақара: 213).

Аллоҳ юборган Пайғамбарларнинг биринчи вазифаси мўминларга хушхабарларни ва кофиру осийларга огоҳлантиришни етказишдир.

Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса, азоб–уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, огоҳлантирадилар.

Шу билан бирга, энг муҳими, одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар. Адолатли ҳукм чиқарадилар. Ҳақ китобнинг ҳукми ҳақ бўлади. Бошқа ҳеч қандай нарса, ҳеч кимнинг ҳукми ҳақ бўла олмайди.

Ҳамма Пайғамбарлар бир дин билан, ҳақ китоб билан келганлар. Ҳар Пайғамбар ўз қавмига, ўз даврига мос шариат билан келган.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг асосий вазифаларидан бири Аллоҳ таолога иймон келтириб, У зотга ибодат қилишга даъват қилишдир. Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида бу борада қуйидагиларни айтади:

«Сендан илгари юборган ҳар бир Пайғамбарга: «Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз» (25-оят).

Ибодатга сазовор зот–ягона Аллоҳ эканини англатиш, Ул зотга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат Унга сиғинишга чақириш барча илоҳий диёнатлар ва Пайғамбарларнинг иши бўлган. Тавҳид ақийдаси ҳеч қачон ўзгармаган.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса, залолат ҳақ бўлди» (36-оят).

Ҳеч шубҳа йўқки, Биз ҳар бир умматга Пайғамбар юбордик. Ҳар бир Пайғамбарнинг ўз умматига айтадиган гапи:

«Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», дейишдан иборат бўлди.

Яъни, бу дунёда фақат Аллоҳнинг кўрсатмаси ила яшанг, Унинг айтганини қилинг, қайтарганидан қайтинг, фақат Унгагина сиғининг. Шу билан бирга, тоғутдан четланинг. Унга ибодат қилманг. «Тоғут» сўзи араб тилида Аллоҳдан бошқа ибодат қилинган нарсани ифода этади. У шайтон, фолбин, буту санам, табиатдаги махлуқотлар ёки ҳайвонлар бўлиши мумкин.

Демак, Аллоҳдан ўзганинг айтганини қилиб яшаш, ўшанинг таълимотларига амал қилиш, унга сиғиниш тоғутга ибодат қилиш бўлади. Аллоҳ таоло эса, бандалари фақат Ўзига ибодат қилиб, тоғутдан четланишини истайди. Ушбу хоҳиш-иродани У зот одамларга Пайғамбарлари орқали етказди. Аммо одамлар ўзларини турлича тутдилар.

«Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса, залолат ҳақ бўлди».

Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат-куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди.

Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ. Улар ихтиёрлари билан тасарруф қилдилар.

Шунингдек, икки тараф ҳам Аллоҳнинг шомил ихтиёридан чиққанлари йўқ. Чунки дунёдаги ҳар бир нарса фақат У зотнинг иродаси, жорий қилган қонун-қоидаси билан бўлади.

Аллоҳ таоло ҳидоятни танлаб, шу йўлда юраётган кишиларнинг ҳидоятга келишини ихтиёр этган ва жорий қонун-қоидаларга айлантирган.

Шунингдек, залолатни танлаб, шу йўлга интилаётган кишиларга залолат ҳақ бўлишини ихтиёр қилган ҳамда жорий қонун-қоидаларга айлантиргандир.

Ана шу қонун-қоидаларга биноан ҳар бир инсоннинг ҳидоят ёки залолатга кетиб, яхшилик ёки ёмонлик қилиши Аллоҳнинг хоҳишига мувофиқ бўлади, дейилади.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири Аллоҳ таолонинг амр ва наҳийларини бандаларга етказишдир.

Аллоҳнинг Ўзи бу ҳақда «Аҳзоб» сурасида қуйи-дагиларни айтади:

«Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир» (39-оят).

Аллоҳнинг йўлига ҳеч қандай тангликсиз эргашиб юрган зотлар, Набийлар қуйидаги сифатларга эга бўлганлардир:

«Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган» зотлардир.

Аллоҳ уларни ўз элчиси–Пайғамбари қилиб юборган. Улар–Пайғамбар, одамларга Аллоҳнинг пайғомини–хабарларини етказувчилар. Албатта, Аллоҳ таолонинг рисоласида Ўз бандаларига йўллаган амрлари ва наҳийлари бўлади. Пайғамбарлар ана ўшаларни ўз умматларига етказадилар.

Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг охирги пай-ғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб қуйидагиларни марҳамат қилади:

«Эй, Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (Моида: 67).

Бу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло у кишига ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул этиши-этмаслигига қарамай, даъват қилавериш, Аллоҳ таолонинг амрлари ва наҳийларини етказавериш лозимлигини буюрмоқда:

«Эй, Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ».

Зотан, Пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳдан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган. Жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълим берилган. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳдан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд.

«Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан.»

Яъни, агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг Пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан.

Аммо, етказиш осон иш эмас. Ислом даъвати йўлида тўсиқлар кўп бўлади. Мусулмон даъватчининг душманлари кўпдир. Унга қарши турли иғво-бўҳтонлар уюштирилади. Маломатлар қилинади. Обрўйига, молига ва жонига суиқасд қилинади. Аммо, бу нарсалардан қўрқма. Чунки:

«Аллоҳ сени одамлардан сақлар».

Уларнинг ёмонликларидан асрайди.

Исломга даъват қанчалик кучли бўлмасин, баъзилар тўғри йўлга юрмасликлари мумкин. Бундай пайтда даъватчи тушкунликка тушмаслиги керак. Аллоҳнинг суннати ўзи шундай:

«Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас».

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири одамларга яхши ўрнак бўлишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Аҳзоб» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир» (21-оят).

Аллоҳ таоло яна «Мумтаҳина» сурасида қуйидаги маънони марҳамат қилади:

«Ҳақиқатда, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор» (4-оят).

Пайғамбарларнинг мўъжизалари

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар.

Истилоҳда эса, Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган одатдан ташқари, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган иш мўъжизадир.

Кофирлар, одатда, пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга ўз номаъқулчиликларини хаспўшлаш мақсадида доимо турли баҳона, таклифлар қилиб мўъжиза кўрсатишни талаб этиб туришади. Аввалги ўтган барча Пайғамбарларга кофирлар худди шундай таклифлар қилганлар. Аллоҳ Ўз Пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг имонини мустаҳкамлаш учун Пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизаларни берган.

Мисол учун, сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизаларни берган.

Моддапарастлик авж олиб, ҳар бир нарса моддий асосга эга, деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизаларни берган.

Ўтган Пайғамбарлар ўзларига берилган мазкур моддий мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган. Чунки, уларнинг пайғамбарликлари маълум бир қавмга, маълум бир маконга ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.

Муҳаммад алайҳиссаломга эса, абадий ва улкан мўъжиза қилиб Қуръони Карим берилган. Чунки, У зотнинг пайғамбарликлари қиёмат қоим бўлгунча барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун, У зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилгандир.

У зоти бобарокат ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёмат тургунча барҳаётдир. Шунинг учун ҳам, қачон мушрик ва кофирлар у кишидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб қилишса, Қуръони Каримни рўкач қилганлар.

Бошқа Пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад алайҳиссалом учун оддий бир иш эди. Деярли ҳамма Пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларида бор. Лекин бу нарсалар такрорланавериб оддий бир ҳолатга айланиб қолгандан, катта шов-шув қилинмасди.

Ўзини билган одамлар учун ҳатто Исро ва Меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Исро ва Меърож қилганликлари ҳақида одамларга хабар берганларида ҳар ким ўзини турлича тутди ва ҳар хил гап айтди.

Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг:

«У зот шу гапларни айтдими?»–деб сўрадилар.

«Ҳа»,–дедилар. У киши:

«Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман»,–деди. Улар:

«Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!»–дейишди. Абу Бакр:

«Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман»,–деди.

Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қи-либ олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.

Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари У зотнинг пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатиш талаб қилган пайтда ҳам уларга Қуръони Карим мўъжиза сифатида рўкач қилинар эди. Бунга «Анкабут» сурасидаги ушбу икки ояти каримани мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

«Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», – дедилар. Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин.

Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир» (50-51-оятлар).

Кофирлар хаёлига нима келса, гапираверади. Улар Муҳаммадга Роббидан мўъжизалар тушса эди, дедилар. Ҳа,

«Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди»,–дедилар».

Эй, Пайғамбар!

«Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин».

Ҳа, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келади. Уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда туширади. Кимга керак бўлса, ўшанга туширади. Қанча керак бўлса, шунча туширади. Пайғамбар эса, очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, холос. Унга Робби кишиларни огоҳлантиришни топширган, у шу топшириқни бажаради, холос. Аслида, уларга мўъжизалар нозил қилинишининг ҳожати ҳам йўқ.

Нима учун улар мўъжиза тушишини талаб қилишади? Ҳолбуки, қаршиларида мўъжизаларнинг мўъжизаси, абадий боқий мўъжиза–Қуръон турибди-ку! Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!

«Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?!»

Кифоя қилиши керак. Ахир Қуръоннинг ҳар бир ояти ўзига хос мўъжиза-ку. Қуръон туфайли улар Аллоҳ таоло билан бевосита алоқада бўладилар-ку!

«Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир.»

Ҳа, Қуръони Каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш учун кишида иймон бўлиши керак.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг

мўъжизалари

Аввал таъкидлаб ўтилганидек, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди.

Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари У зотнинг Пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди.

Шундоқ бўлса ҳам, мазкур мўъжизалар У зотнинг ҳаётларида кўп марталаб содир бўлганини ҳамма таъкидлайди. Бу ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Қуйида ана ўша мўъжизаларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз.



У зотнинг панжалари орасидан сув чиқиши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Завроода саҳобалари билан турганларида У зотга бир идиш келтирилди. Шунда У зот қўлларини идишга солдилар. Бас, У зотнинг панжалари орасидан сув чиқа бошлади. Қавм таҳорат қилди. Қатода айтди:

«Мен Анасга, «Нечта эдинглар?» – дедим.

«Уч юзта ёки уч юзта атрофида», – деди».

Икки шайх ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аср намози вақти бўлганда кўрдим. Таҳорат суви изланди. Уни топа олмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат суви келтирилди. Бас, У зот ўша идишга қўлларини солдилар ва одамларга ундан таҳорат қилишга амр қилдилар. У зотнинг панжалари орасидан сув чиқаётганини кўрдим. Бас, одамлар таҳорат қилдилар. Битталари ҳам қолмай таҳорат қилдилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилган

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи бир чиқишларига чиқдилар. У зот билан саҳобаларидан баъзи кишилар бор эди. Улар юриб кетдилар. Намоз вақти бўлди. Таҳорат қилгани сув топмадилар. Қавмдан бир киши бориб бир қадаҳда озгина сув келтирди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унда таҳорат қилдилар. Кейин тўрт бармоқларини қадаҳга чўздилар ва:

«Туринглар, таҳорат қилинглар», дедилар. Бас, қавм хоҳлаганларича таҳорат қилдилар. Улар етмиш ёки шу атрофида эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳудайбия куни одамлар чанқаб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кичик меш турарди. Бас, У зот таҳорат қилдилар. Одамлар У зот томон шошилдилар. Шунда У зот:

«Сизларга нима бўлди?» – дедилар.

«Ҳузурингиздагидан бошқа таҳорат қилишимизга ҳам, ичишимизга ҳам сув йўқ», – дейишди.

Бас, У зот қўлларини кичик мешкоб ичига солдилар. Шунда панжалари орасидан худди булоқларга ўхшаб сув отилиб чиқа бошлади. Биз ҳам ичдик, ҳам таҳорат қилдик.

«Неча киши эдинглар?» – дейилди.

«Юз мингта бўлганимизда ҳам етар эди. Ўн беш юзта эдик», – деди».

Бухорий ривоят қилган.

У зотнинг баракалари ила

оз сувнинг кўпайиши

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳудайбия куни ўн тўрт юзта эдик. Ҳудайбия бир қудуқдир. Биз унинг сувини тортиб олдик. Ҳатто унда бир қатра ҳам қолдирмадик. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қудуқнинг четига ўтирдилар. Сўнгра, сув сўрадилар. Кейин оғизларини чайиб туриб, қудуққа пуфладилар. Бироз кутиб турдик. Сўнгра, ичиб-ичиб сероб бўлдик. Уловларимиз ҳам сероб бўлдилар».

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир юришда бирга эдик. У зот мени ўз олдиларидаги маркабга қўйдилар. Жуда ҳам қаттиқ чанқадик. Юриб бораётсак, бир аёл икки кўзанинг орасида оёғини осилтириб ўтирибди. Биз унга:

«Сув қаерда?» – дедик.

«Сув йўқ», – деди у.

«Сенинг аҳлинг билан сувнинг ораси қанча?» – дедик.

«Бир кечаю бир кундуз», – деди у.

«Юр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига!» – дедик.

«Расулуллоҳ нима?» – деди у.

Биз уни ҳоли-жонига қўймай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршиларига олиб бордик. У бизга айтган гапларини У зотга ҳам айтди. Фақат, У зотга етим болалари борлигини ҳам айтди. Бас, У зот унинг икки кўзасини олиб келишга амр қилдилар ва қўллари ила уларнинг оғзини силадилар. Биз қирқ чанқоқ киши ичиб сероб бўлдик. Ўзимизнинг барча кўза ва мешкобларимизни тўлғазиб олдик. Туялар сувга тўлганидан ёрилиб кетай деди. Сўнгра, У зот:

«Ўзингизда бор нарсаларни келтиринглар»,-дедилар. Биз у аёлга ўзимиздаги нон бурдалари ва хурмоларни жамлаб бердик. У ўз аҳлига бориб:

«Мен одамларнинг энг сеҳргарига ёки улар даъво қилаётганидек, Пайғамбарга учрадим»,-деди.

Аллоҳ ўша аёл сабабли ул кўчманчиларни ҳидоят қилди. У ҳам мусулмон бўлди. Улар ҳам мусулмон бўлдилар».

Иккисини Бухорий ривоят қилган.

Таомнинг қавмга етиб ортиб

қолгунча кўпайтирилиши

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толҳа Умму Сулаймга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари заифлигини эшитдим. У зотнинг оч эканликларини биламан. Сенда бирор нарса борми?» – деди.

«Ҳа», – деди-да, бир неча арпа нони олиб чиқди. Кейин рўмолини олиб чиқиб, унинг бир тарафи ила нонни ўради. Сўнгра, уни менинг қўлтиғимга қистириб туриб у(рўмол)нинг баъзиси билан мени ўради. Кейин мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Мен бориб У зотни масжиддан топдим. У зот билан бошқа одамлар ҳам бор эди. Мен уларнинг тепаларига бориб индамай туравердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Сени Абу Толҳа юбордими?» – дедилар.

«Ҳа», – дедим.

«Таом биланми?»–дедилар.

«Ҳа»,– дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга бўлганларга:

«Туринглар», – дедилар-да, юриб қолдилар, мен ҳам олдиларига тушиб олиб, юриб кетавердим. Абу Толҳанинг олдига бориб хабарни айтдим. Абу Толҳа:

«Эй, Умму Сулайм! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни олиб келдилар. Бизнинг эса, уларга берадиган таомимиз йўқ-ку!» – деди.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», – деди Умму Сулайм.

Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, У зотни бошлаб келди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй, Умму Сулайм ўзингда борини олиб кел», – дедилар.

Умму Сулайм ҳалиги нонларни олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар, уларни синдирилди. Умму Сулайм ёғ мешини сиқиб ичидаги бор нарсани чиқарди. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар. Кейин:

«Ўнтага изн бер», – дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг У зот:

«Ўнтага изн бер», – дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг У зот:

«Ўнтага изн бер», – дедилар. Уларга изн берди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг У зот:

«Ўнтага изн бер», – дедилар. Уларга изн берди. Бас, қавмнинг ҳаммаси тўйгунларича едилар. Қавм етмиш ёки саксон киши эдилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хандақ қазилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда қаттиқ очлик кўрдим. Аёлимнинг олдига бориб:

«Сенда бирор нарса борми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда қаттиқ очлик кўрдим»,–дедим. Бас, у менга ичида бир соъ арпа бор халта олиб чиқиб берди. Бизнинг бир дона кичкина совлуқчамиз бор эди. Мен уни сўйдим. У арпани янчди. Мен ишимни битирганимда, у ҳам ишини битирди. Мен у(қўй)ни декчага майдалаб солдим. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон қайтдим. Шунда у:

«Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга У зот билан бирга бўлганларни ҳам олиб келиб мени шарманда қилмагин»,-деди. Мен бориб У зотга пичирлаб:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, кичкина ҳайвончамиз бор эди, сўйдик. Бир соъ арпани янчдик. Ўзингиз бироз кишиларни олиб марҳамат қилинг», – дедим.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй, аҳли хандақлар! Албатта, Жобир маросим қилибди. Тезроқ юринглар!» – деб қич-қирдилар.

Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен боргунча декчангизни зинҳор туширмай ва хамирингизни нон қилмай туринглар»,-дедилар.

Мен келдим. Мен билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одамларни эргаштириб келдилар. Хотиним мени кўриши билан «Ундоқ бўлгур, бундоқ бўлгур!» – деди. Мен унга:

«Мен сен айтганни қилдим», – дедим. Ул У зотга хамирни олиб чиқиб берди. У зот унга туфладилар ва барака тилаб дуо қилдилар. Сўнгра, декчамизни қасд қилдилар. Унга ҳам туфуриб туриб, барака тилаб дуо қилдилар. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир нон қилувчи аёлни чақиргин, сен билан у ҳам нон қилсин. Декчадан қуявер, уни туширманглар»,–дедилар. Улар мингта эдилар. Аллоҳ номи ила қасам ичаманки, батаҳқиқ, ундан тўйгунларича едилар ва қайтиб кетдилар. Декчамиз аввал қандоқ бўлса, худди ўшандоқ тўлиб турар ва хамиримиздан аввал қандоқ бўлса, худди ўшандоқ нон қилинар эди».

Бухорий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра ёки Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Табук ғазоти бўлганда кишиларни очлик тутди. Улар:

«Эй, Аллоҳнинг Расули, изн берсангиз, сувчи туяларни сўйиб, гўштини еб, мойини суртсак», – дедилар. Бас, У зот:

«Ўшандоқ қилинглар», – дедилар. Шунда Умар келиб:

«Эй, Аллоҳнинг Расули! Бундоқ қилсангиз, улов камаяди. Лекин сиз уларнинг зодларидан ортиб қолганини келтиришларига амр қилинг. Сўнгра, уларга уни баракали қилишни Аллоҳдан сўраб дуо қилинг. Шояд, Аллоҳ ўшанда бир нарса қилса», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Хўп», – дедилар-да, бир тери дастурхон келтиришларини сўрадилар. Уни олдиларига ёздилар. Сўнгра, зодларининг ортиб қолганини келтиришга амр қилдилар. Бас, бир киши бир сиқим жўхори, бошқаси бир сиқим хурмо, яна бошқаси бир бурда нон келтира бошлади. Шундоқ қилиб тери дастурхонга озгина нарса йиғилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барака сўраб дуо қилдилар-да:

«Идишларингизга олинглар», – дедилар. Бас, улар идишларига олдилар. Ҳаттоки, аскаргоҳда битта ҳам идиш қўймай тўлдирдилар. Тўйгунларича едилар ва ортиб ҳам қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ва аннии Расулуллоҳи», қай бир банда шу иккиси ила шак қилмаган ҳолида Аллоҳга рўбарў бўлса, зинҳор жаннатдан тўсилмас», – дедилар».

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таом сўради. Бас, У зот унга ярим васақ арпа бердилар. Ҳалиги одам, унинг хотини ва уларнинг меҳмонлари уни (торозида) тортгунча еб турдилар. Бас, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот унга:

«Агар тортмаганингда ундан еяверар эдинглар, у тураверар эди», – дедилар».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир лагандаги таомни эрталабдан кечасигача еяверар эдик. Ўн киши турса, ўнтаси келиб ўтираверар эди», – деди.

«У мададни нимадан олар эди?» – дедик.

«Нимадан ажабланасан?! Анави ердан бошқадан мадад олмас эди», – деб осмонга қўли билан ишора қилди.

Термизий ривоят қилган.

У зотнинг ҳузурларида таомнинг

тасбиҳ айтиши

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Биз мўъжизаларни барака деб ҳисоблар эдик. Сизлар уларни қўрқитиш деб ҳисоблайсизлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Сув оз бўлиб қолди. Бас, У зот:

«Ортиб қолган сув бўлса олиб келинглар», – дедилар.

Озгина суви бор бир идишни олиб келдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларини идишга киритиб туриб:

«Муборак таҳорат сувига шошилинглар! Барака Аллоҳдан», – дедилар. Батаҳқиқ, сувнинг У зотнинг панжалари орасидан отилиб чиқаётганини кўрдим. Шубҳасиз, биз ейилаётган таомнинг тасбиҳ айтаётганини эшитар эдик».

Бухорий ва Термизий ривоят қилган. Унинг лафзида:

«Батаҳқиқ, таомни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ила ер эдик. Биз таомнинг тасбиҳини эшитар эдик», дейилган.

Оз хурмони кўпайтириб

ҳақдорларга етказиш

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Отам вафот қилди. Унинг зиммасида қарзи бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб:

«Отам ўз зиммасидаги қарзни қолдирди. Менда унинг хурмоси чиқарадиган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ. Унинг йиллар бўйи чиқаргани ҳам зиммасидаги қарзга етмайди. Мен билан борсангиз, ҳақдорлар менга қаттиқ тегмасалар», – дедим.

У зот мен билан хурмо хирмонларидан бир хирмон атрофида юрдилар-да, Аллоҳга дуо қилдилар. Кейин бошқасини ҳам шундоқ қилдилар ва унинг устига ўтириб олиб:

«Уни ўлчаб олинглар», – дедилар.

Уларга ҳақларини тўлиқ қилиб бердилар. Яна уларга берган нарсаларича ортиб қолди».

Бухорий ривоят қилган.



Хурмо шохининг У зотга зорланиши.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Масжиднинг шифти хурмо шохлари устига ёпилган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша шохлардан бирида туриб хутба қилар эдилар. У зотга минбар қилиб берилганда ва У зот унинг устига чиққанларида ҳалиги шохнинг ҳомиласига ўн ой тўлган туянинг овозига ўхшаш овозини эшитдик. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб унинг устига қўлларини қўйган эдилар, у жим бўлди.

Бошқа бир ривоятда:

«Жума куни бўлганда ва У зот минбарга кўтарилганларида, хурмо бувак йиғлагандек овоз чиқарди», дейилган.

Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

Термизийнинг лафзида:

«Бас, хурмо шохи урғочи туя зорлангандек зорланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тушиб уни ушлаган эдилар, сокин бўлди», дейилган».



Дарахтнинг У зотга бўйсуниши

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб бориб кенг водийга тушдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат учун кетдилар. Мен ортларидан бир идишда сув олиб бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб, ўзларига тўсиқ бўладиган нарса кўрмадилар. Водийнинг четида икки дарахт кўриниб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг бири томон юриб қолдилар. Унинг шохларидан бирини тутиб туриб «Аллоҳнинг изни ила менга эргаш», – дедилар. Бас, у Ул зотга худди бурнидан ҳалқа ўтказилган туя ўз етакчисига эргашганига ўхшаб эргашиб кетди. У зот бошқа дарахтнинг олдига келиб, унинг шохларидан бирини тутиб туриб «Аллоҳнинг изни ила менга эргаш», – дедилар. Бас у ҳам Ул зотга эргашди. Икковларининг ўртасига етганда икковларини улаб туриб «иккингиз Аллоҳнинг изни ила мени тўсингиз», – дедилар. Улар бир-бирларига киришдилар. Жобир айтадики:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг яқиндалигимни сезиб узоқлашмасинлар деб, тезлаб у ердан узоқлашдим. Ўтириб ўзимга ўзим гапириб туриб, бир оз вақтни ўтказибман. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен томон келмоқдалар. Икки дарахт эса, ажраб ҳар бири ўз ўрнига ўрнашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларини қимирлатиб, бундоқ-бундоқ, деганларини кўрдим. Сўнгра, юриб олдимга келдилар ва:

«Эй, Жобир, менинг мақомимни кўрдингми?» – дедилар.

«Ҳа ё Расулуллоҳ», – дедим мен».

Муслим ривоят қилган.

Муҳаммад алайҳиссалом

хотамул анбиёдирлар

Бу ҳақда «Шархи «Ақидатут Тоҳовия»да қуйи-дагилар келган:

«Ва, албатта, у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам анбиёларнинг охиргисидирлар».

Шарҳ: Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларидан кейин анбиёлар келиши охирлади, кесилди, тугади. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарлик қасрининг охирги ғиштидирлар. Аллоҳ таоло у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам билан пайғамбарлик қасрини камолга етказиб, эшигини ёпди.

Далил:

«Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг охиргисидир» (Аҳзоб: 40) ояти ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидир:

1. «Менинг ва анбиёларнинг мисоли худди биноси гўзал бир қасрга ўхшайди. Унда бир ғишт ўрни тарк қилингандир. Бас, назар солувчилар уни айланиб кўриб, биносининг гўзаллигидан ажабланадилар. Фақат ҳалиги ғишт ўрнидан бош-қа айб топа олмайдилар.

Бас, мен ўша ғиштнинг ўрнини тўлғаздим. Мен билан бино хотимасига етди. Пайғамбарлар охирига етдилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

2. «Албатта, менинг бир неча исмларим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен ал-Моҳий–ўчирувчиман. Аллоҳ мен билан куфрни ўчиради. Мен ал-Хашр–тўпловчиман. Одамлар қадамим остида тўпланадилар. Мен ал-Оқибман».

Ал-Оқиб–ортдан келувчи–ундан кейин набий келмайдиган зотдир.

Бухорий, Муслим ривоят қилган.

3. «Албатта, келажакда менинг умматимда ўттизта каззоб бўлади. Ҳаммаси ўзини «набий» деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен набийларнинг охиргисиман. Мендан кейин набий йўқдир».

Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошқа

набийлардан фарқлари

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга, мендан олдин ҳеч кимга берилмаган беш нарса берилди. Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди. Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди. Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди. Менга шафоат берилди. Пайғамбар ўз қавмига хос қилиб юборилар эди, мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим», – дедилар» .

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган..

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа пайғамбар алайҳис-саломлардан фарқли ўлароқ, ўзларига Аллоҳ таоло томонидан берилган бешта ортиқча хусусият ҳақида сўз юритмоқдалар:

1. «Менга бир ойлик масофадаги кучли қўрқинч ила нусрат берилди.»

Яъни, Аллоҳ менга бир ойлик узоқдаги масофада турган душманим қалбига кучли қўрқинч солиш билан нусрат берди. Бу, Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган катта неъмат эди. Ўша вақтдаги юриш тезлиги билан ўлчанганда бир ойлик йўл босгунчалик масофада турган душман қалбига ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қаттиқ қўрқиш тушар эди. Бу жуда ҳам маълум ва маш-ҳур нарса. Ушбу ҳақиқатни душманларнинг ўзлари ҳам тасдиқлаганлар. Агар Аллоҳ таолонинг бу ёрдами бўлмаганда, яхши қуролланмаган, оз сонли одамларга ўша вақтнинг энг кучли қўшинлари устидан ғолиб келиш мумкин эмас эди.

2. «Менга ер масжид ва покловчи нарса қилинди.»

Аллоҳ таоло бутун ер юзини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун, у зотнинг умматлари учун масжид қилиб қўйган. Ернинг қайси бир нуқтасида бўлсалар, намозни ўқийверадилар. Намозлари қабул бўлади. Бошқа дин ва умматларга бу улуғ неъмат берилмаган эди. Улар махсус ибодатхона ва жойлардагина ибодат қилсалар қабул бўлади, бўлмаса йўқ.

Аллоҳнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга берган улуғ неъматларидан бири ерни покловчи нарса қилиб қўйганидир. Асл покловчи нарса–сув. Сув бўлмай қолса, ер-тупроқ ҳам покловчи бўлаверади, мусулмон киши у билан покланиши, хусусан таҳорат ва ғусл ўрнига таяммум қилиши мумкин. Бу ҳам улкан неъмат. Сув бўлмаганда, сувни ишлатиш имкони йўқ бўлганда, тупроқ ишлатилаверади. Бу ҳам бошқа дин ва умматларга берилмаган нарса. Аллоҳ таоло нима учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ерни масжид ва пок-ловчи нарса қилиб берди? Албатта,сув ишлатиш мумкин бўлмаганда таяммум ила намоз ўқиш учун. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзларининг давомида:

«Бас, менинг умматимдан кимга намоз ўқиш етса, ўқисин», демоқдалар.

Бу, намознинг нақадар аҳамиятли эканини, уни тарк қилишга ҳеч қандай узр йўқлигини кўрсатади. Ер таяммумдан бошқа ҳолатларда ҳам пок-ловчи бўлиб хизмат қилади. Оёқ кийимларини поклаш, баъзи ювиш қийин нарсаларни поклаш ҳам ерга ишқаш билан бўлади.

3. «Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди.»

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдинги пайғамбарларга душман билан бўлган урушда қўлга тушган ўлжаларни олиш, улардан фойдаланиш ҳалол қилинмаган эди. Улар ўлжаларга эга бўлолмас, улардан фойдаланмас эдилар. Баъзилари ўлжаларни бир ерга тўплаб, ўт қўйиб кетар эдилар. Кейинчалик баъзи пайғамбарларнинг умматлари ўз динлари, пайғамбарлари таълимотига хилоф равишда ўлжаларни олишган бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло бу масалада ҳам Ўзининг Пай-ғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга лутфи карам кўрсатди. Ислом душманларига қарши олиб борилган шаръий урушларда тушган ўлжаларни ҳалол қилди.

Бунинг ҳукми Қуръони Каримнинг «Анфол» сурасида баён қилинган. Тушган ўлжаларнинг бешдан бири Аллоҳ ва Унинг Расули учун ажратилади. Қолгани эса, мужоҳидларга махсус тартиб асосида тақсимлаб берилади.

4. «Менга шафоат берилди.»

Бошқаларга, жумладан, бошқа Пайғамбарларга чегараланган шафоат ҳаққи берилган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга улкан шафоат ҳаққи марҳамат этилган. Бу, қиёмат кунининг энг буюк мартабаларидандир. Бу, у кишининг умматлари учун ҳам улкан бахт-саодатдир.

5. «Пайғамбар ўз қавмига хос қилиб юборилар эди. Мен барча одамларга умумий қилиб юборилдим.»

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарлар Аллоҳ томонидан ўз қавми учун хос қилиб юборилар эди. Уларнинг даъвати бошқа қавмларга қаратилмаган эди. Ҳозирги кунимизда самовий динлардан иккитаси қолган. Яҳудий дини ушбу ҳақиқатни ўзида сақлаб қолган. Бу динга фақат яҳудий бўлиб туғилганларгина кира олади. Бошқалар бу динга киришлари мумкин эмас.

Масиҳий дини ҳам аслида Бани Исроилга аталган. Аммо, улар Масийҳ алайҳиссаломга қарши турганларидан, У зот алайҳиссаломни ўлдирганликни даъво қилганларидан кейин бу динга бошқалар кирганлар. Ана ўша бошқалар ўзларича «Масийҳнинг таълимотлари ҳаммага қаратилган», деган даъво билан чиққанлар.

Ислом дини охирги дин бўлгани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар бўлганлари учун Ислом бутун олам аҳлига дин ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳамма халқларга пай-ғамбар қилинганлар. Энг мукаммал дин сифатида Исломга амал қилиш Аллоҳ таолонинг ер юзи аҳлига бўлган амри илоҳийсидир. Шу амрга биноан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ер юзидаги барча одамлар учун Аллоҳнинг Расулидирлар. Бу гапни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёки мусулмонлар ўйлаб чиқаргани йўқ. Бу, Аллоҳ таолонинг амридир.

Демак, Аллоҳ таоло барча бандаларига битта пайғамбар–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлишини ирода қилган. Ҳамма шу зотнинг шариатларида бўлиши керак. Бошқа дин эса, қабул қилинмайди.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган зот билан қасамки, ушбу умматдан бирортаси: яҳудийсими, насронийсими менинг ҳақимда эшитса-ю, сўнгра, менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта дўзах эгаларидан бўлади», – дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни

«Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган зот билан қасамки», деб Аллоҳ таоло билан қасам ичиб бошламоқдалар. Шунинг ўзи ҳадисда келадиган гап ўта аҳамиятли эканини кўрсатади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий нарсаларга Аллоҳ билан қасам ичмайдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг,

«ушбу умматдан» деган ибораларини тушунишимиз учун бироз изоҳ лозим бўлади.

«Уммат» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан иккига бўлинади.

Биринчиси–умумий маънодаги уммат.

Уни «Уммати даъват» дейилади. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари қаратилган уммат.

Бу уммат, ер юзининг барча аҳолисидир. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ер юзининг барча аҳолисига қаратилган.

Иккинчиси–хос маънодаги уммат.

Уни «Уммати ижобат» дейилади. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига ижобат қилган, динларини қабул қилган уммат, дегани.

Булар барча мусулмонлардир.

Ушбу ҳадиси шарифда гап «Уммати даъват»–бутун ер юзи аҳолиси ҳақида бормоқда. Демак, ер юзида ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида, у кишининг динлари ҳақида эшитса, ўша одамнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, Ислом динига кириши лозим бўлади. Агар кирмаса, кофир бўлади, дўзахга тушади. Ҳадисда

«яҳудийсими, насронийсими» деб икки динга мансуб бўлган қавмлар алоҳида зикр қилинишининг сабаби бор. Яҳудий ва насроний динлари ушбу ҳадис айтилган пайтда ер юзидаги илоҳий таълимот асосидаги динлар эди. Уларга Аллоҳ таоло Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларни пайғамбар қилиб юборган ва Тавроту Инжил китобларини туширган эди. Булар «Аҳли китоб» деб аталади. Уларга алоҳида муносабатда бўлинади. Чунки ер юзидаги бошқа динлардан буларнинг фарқи бор. Бошқа динлар, илоҳий-самовий дин эканлиги маълум эмас. Уларга Аллоҳ пайғамбар юборгани, китоб туширгани ҳам аниқ эмас. Демак, яҳудий ва насроний бўлган одамлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида эшитганларида иймон келтиришлари лозим бўлганидан кейин, динларининг самовий эканлиги маълум бўлмаган, умуман дини йўқ ёки сохта динларга эътиқод қилиб юрганлар иймон келтириши лозимлиги турган гап.

Яҳудий дини–самовий дин бўлган. Аллоҳ Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни бу диннинг пайғам-барлари қилиб юборган. Тавротни ўша диннинг муқаддас китоби қилиб туширган. Шу билан бирга, бу дин вақтинчалик эканини, кейин яна дин келишини айтган. Охири Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишларини ҳам башорат берган.

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориб, У зотга Инжилни тушириши билан Яҳудий дини ва Таврот китоби амалдан қолди. Аммо бу диндан фойда олиб турган бошлиқлар бу ҳақиқатни эътироф қилмадилар. Ийсо алай-ҳиссаломга иймон келтириш ўрнига у кишига душманлик қилдилар, Тавротда башорати берилган пайғамбар бошқа, бу эмас, дедилар.

Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириб, Масийҳий–Насроний бўлганлар у кишининг шариатларига, Инжилга амал қилиб юрдилар. Вақт ўтиши билан динни ва Инжилни бузсалар ҳам, барибир, ўзларини «Насроний» деб, «Аҳли Инжил», деб юрдилар. Уларга ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишлари ҳақида Аллоҳ башорат берган эди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Кези келганда, Аллоҳ хоҳласа, бу тўғрида батафсил гапирамиз ҳам.

Аллоҳ таоло вақти-соати келганда, Ўз ваъдасига вафо қилиб, Ўзи башорат берган сўнгги Пайғамбари–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги ва мукаммал дин–Ислом дини ила барча одамларга юборди. Насроний дини ва Инжил ҳам амалдан қолди. Ўзини билган яҳудий ва нас-ронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитишлари билан У зотга иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Кўпчилик эса, яна нотўғри таъвийлга ўтиб,Таврот ва Инжилда башорати берилган пайғамбар бошқа, деб иймон келтирмади.

Демак, Исломнинг оламийлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ер юзининг барча аҳолисига пайғамбарликларининг маъноси–шу. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:

«Ушбу умматдан бирортаси: яҳудийсими, нас-ронийсими менинг ҳақимда эшитса-ю, сўнгра, менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади»,-дедилар.

Шунга биноан, ер юзи аҳолисидан кимга Ислом даъвати етса, мусулмон бўлмоғи лозим. Исломни қабул қилмаса, кофир бўлади ва дўзахга тушади.

Ислом даъвати етмаган кишилар эса, «аҳли фитрат» дейилади. Даъват етмагани учун уларни кофир, деб ҳукм чиқарилмайди. Дўзахга тушишлари ҳақида ҳам ҳукм қилинмайди. Улар «аҳли фитрат» деб номланадилар ва қиёматда бошқа жонзотлар қатори тупроққа қоришиб кетадилар.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинким, бизларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати ижобатидан бўлишга муяссар қилди. Юртларимизни қадимдан Ислом нури ила мунаввар айлади. Халқларимизни чин мухлис мусулмонлардан қилиб, Ислом учун хизмат қилган машҳур халқ-лардан қилди. Халқларимиздан чиққан уламоларни Ислом оламининг пешқадам олимларидан қилди.



"Сунний қидалар" китобидан