loader
Foto

Зарарни даф қилиш хусусидаги қоидалар

«Зарар» сўзи араб тилида ўзидан бошқага ёмонлик етказишни англатади. «Зирор» эса зарарга қарши зарар қилиш, зарар билан жавоб беришдир.

Саҳиҳ ҳадиси шарифнинг матни ушбу қоидага асос бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зарар етказиш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Ушбу қоида шариат арконларидан биридир ва бу қоидадан келиб чиққан энг муҳим аҳкомлардан баъзилари сифатида қуйидагиларни эслашимиз мумкин:

– Ноилож ҳолатга тушиб қолган одамнинг қарзини унинг изнисиз тўлаб қўйиш. Мана шу ишида қарздорнинг қарзини адо қилувчи учун ўзига етадиган зарарни қайтариш бор. Агар шу қарзни қайтармаса, қарз берувчи қарздорга қарши чора кўрадиган бўлса, бу одам ҳам зарар кўради. Мисол учун, икки шерикдан биттаси қарз, қарз эгаси сўраб келяпти, лекин у қарзини қайтариб бермаяпти. Қарз берувчи: «Агар қарзингни бермасанг, маҳкамага арз қиламан, корхонангни тўхтатиб, пулимни олиб беришади», дейди. Шунда шериги: «Мен бераман», деб қарздорга билдирмай қарзни бериб юборса, ҳалиги даъвогар рози бўлиб кетади. Акс ҳолда у маҳкамага арз қилади, маҳкама унинг қарзини олиб бериш учун шерикларнинг ишини тўхтатади.

Қарзга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган киши қарздорнинг изнисиз қарз берувчига қарзни тўлаб бериши жоиз экан. Мақсади хайрия эмас, балки ўзига етиши эҳтимоли бўлган зарарнинг олдини олиш.

«Лаа зарора ва лаа зирор» қоидасидан қуйидаги кичик қоидалар чиқарилган:

Биринчи қоида:

«Зарар имкон борича қайтарилади».

Яъни зарар воқе бўлишидан олдин имкони бор воситалар ёрдамида уни даф қилишга ҳаракат қилиш вожибдир. Мисол учун, душманларнинг ёмонлигидан элу юртни, халойиқни ҳимоя қилиш мақсадида шариатга жиҳод киритилган. Ҳар бир жамият «Душман ҳужум қилиб қолса, бизни ҳимоя қилсин», деган мақсадда аскар тузади, қуроллантиради ва қуролланишда бошқалардан орқада қолмасликка ҳаракат қилади. Аслида уруш йўқ, лекин «Бўлиб қолиш эҳтимоли бор» деган маънода шу нарса йўлга қўйилади.

Иккинчи қоида:

«Зарар кетказилади».

Зарар етса, ушбу зарарни ва унинг таъсирларини кетказиш вожибдир. Мана шу маънога кўра, омма йўлига қурилган бино ёки тарновлар олиб ташланади, чунки бу нарсалар йўловчиларга зарар етказади, халақит қилади, озор беради. Зарарнинг олдини олиш мақсадида улар олиб ташланади.

Учинчи қоида:

«Зарарни ўзига ўхшаган зарар билан кетказилмайди».

Яъни бир зарарни кетказиш натижасида худди ўзига ўхшаган бошқа зарар пайдо бўлиб қолиши керак эмас.

Тўртинчи қоида:

«Оғир зарар енгил зарар билан кетказилади».

Фақир кишиларнинг нафақаси ўзларининг бой қариндошларига фарз қилиниши бунга мисол бўла олади. «Фалончига нафақа берасан», дейилса, моли камаяди, унга зарар, лекин бу зарар ҳалиги фақирларнинг фақирлик натижасида ҳалокатга учраб қолишига нисбатан кичик. Шунинг учун моли нуқсонга учраши туфайли бойга етадиган кичик зарар ҳисобига катта зарар йўқотилади.

Бешинчи қоида:

«Хусусий зарар умумий зарарни даф қилиш учун таҳаммул қилинади».

Бир ёлғиз шахснинг зарарига рози бўлиб бўлса ҳам жамиятга етадиган зарарни кетказишга шариатда рухсат бор.

Мана шу маънода жоҳил табибнинг рухсатномаси олиб қўйилади. Бир одам билиб-билмай беморларни даволайман, деб уларнинг пулини олаётган эди. Унинг ҳужжатини олиб, «Энди табиблик қилмайсан», дейилса, даромад йўли кесилади, фақат унинг ўзига зарар етади. Лекин бу ишда жамиятнинг кўпчилик аъзоларини адашувдан, нотўғри даволанишдан, пулини бекорга сарфлашдан ҳимоя қилиш бор.

Олтинчи қоида:

«Фасодни қайтариш манфаатни жалб қилишдан устундир».

Бир жойда бузуқчилик, яна бир жойда эса манфаат бор. Манфаатни касб қилиш, бузуқчиликни қайтариш керак. Аввал ишни бузуқчиликнинг, фасоднинг олдини олишдан бошлаш керак бўлади.

«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганини айтар эди:

«Сизларни бир нарсадан қайтарсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга бир нарсани амр қилсам, қудратингиз етганича қилинглар».

Муслим ривоят қилган.

«Наҳйи қилинган нарсадан қудратингиз етганича қайтинглар», демаганлар, балки «Тамоман, бутунлай қайтинглар», деганлар. Шунинг учун наҳйи қилинган зарарни дарҳол кетказиш лозим бўлади. Зарарни кетказиш фойдани жалб қилишдан устун қўйилади. Фойдага юрса, у фойда бўладими, бўлмайдими – гумон. Лекин зарар фойдани ҳам қўшиб йўқ қилиб кетиши хавфи бор. Аввал зарарни қайтариб олинса, манфаатни бир оз кейинроқ жалб қилса ҳам бўлаверади.

Еттинчи қоида:

«Заруратлар ман қилинганларни мубоҳ қилур».

Ушбу қоида Қуръони Каримдаги бешта оят асосида олинган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Кимки гуноҳга мойил бўлмаган ҳолида қаттиқ очликда мажбур бўлиб қолса, албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Моида сураси, 3-оят).

Шу ва шунга ўхшаш бешта оят асосида: «Музтар одам оч қолганда ўлимтикними, қонними ёки ҳаром қилинган шаробними, тановул қилса, жоиз, гуноҳ бўлмайди», дейилган.

Саккизинчи қоида:

«Зарур нарсалар ўз ўлчови билан ўлчанади».

Бас, музтар бўлган одам ҳаром таомдан фақат жонини сақлаб қолиш учун етадиган миқдорнигина ейди, маза қилиб, кекирадиган даражага тўйиб етмайди.

Тўққизинчи қоида:

«Музтарлик бошқанинг ҳаққини ботил қилмайди».

Бир одам ўзи ўлиб қолмаслиги учун бошқа одамнинг овқатини еб қўйди. Эгаси «Нимага единг?» деса, «Есам нима бўпти? Мен шаръий қоида бўйича едим», дейишга ҳаққи йўқ. «Узр, музтар бўлиб еб қўйдим, иншааллоҳ, тўлаб бераман», дейиши керак. Бу ерда музтарлик бўлса ҳам, бировнинг ҳаққи ботил бўлмаяпти.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ