Тожикистон Уламолар кенгашининг фатво бўлими мудири Қобилжон Боев республика мусулмонлари раҳбари шайх Амонулло Неъматзода бундан буён жамиятда дин пешволари қўлини ўпишни тақиқлаганини маълум қилар экан, аксарият тожикистонликларнинг жума намозларидан сўнг айрим уламолар қўлини ўпишга уриниши талотум келтириб чиқараётганидан ташвиш билдирди.
- Жамиятда эътиборли деб қаралган дин пешволарининг қўлларини ўпишни тақиқладик. Кўп ҳолларда, хусусан, Жумъа намозларидан кейин намозхонлар айрим дин пешволарининг қўлини ўпиш мақсадида тўп-тўп бўлиб, у одамни ўраб олишади. Баъзида йўллар тўсилиб, намозхонларнинг ҳаракатлари ўта ваҳимали бўлиб кетади. Бизнингча, шахсга эҳтиромни қўл билан саломлашиш орқали ифода қилиш кифоядир, қўлни ўпиш шарт эмас, дейди Қобилжон Боев.
Тожик жамиятида дин пешволари қўли, аниқроғи, ўнг қўлини ўпиш ҳолатлари тез-тез кузатилади. Масалан, диний тадбирларда маъруза қилган домлаларни ўраб олиш ва унинг ўнг қўлини кўзга суртиб, ўпиш анъана тусига кирган. Кўп ҳолларда дин пешволари ўзи томон талпинаётган одамлар тўдасига бажонидил қўлларини узатганининг гувоҳи бўлиш мумкин.
Мавзу юзасидан саволларимизга жавоб берган шаҳарликларнинг бу борада фикрлари турлича .
Айрим шаҳарликлар фикрича, дин пешволари қўлини ўпиш ўринли иш бўлиб, бу уларга нисбатан муҳаббат ва эҳтиром ҳамда Ислом динига нисбатан ҳурмат белгиси экан.
- Ислом олимлари қўлини ўпишнинг айбга буюрадиган жойи йўқ. Менимча, бу мумкин. Бу ўша шахсга нисбатан ҳурмат ва муҳаббатимизнинг ортиқлиги белгиси. Худо олимлар муҳаббати ва охиратда иймонни бизга насиб этиши орзусида бу мўътабар шахслар қўлларини ўпамиз ва юзларимизга суртамиз, дейди биринчи суҳбатдошимиз.
- Имомларнинг қўлини ўпиш, менимча, нотўғри. Бу одамга сиғиниш дегани, ўпмаслик керак. Худога ишонган одам инсонга сиғинмаслиги керак, дейди ўзини Шодмонбек деб таништирган йигит.
Шодмонбек ўзи нотўғри деб билган ва қилмайдиган бу ишни кўпроқ тожикистонлик ёшлар, баъзида ҳатто аёлларда ҳам кузатаётганини айтади.
Суҳбатдошимиз унинг ўрнига ота-она қўлини ўпиш ва уларга фарзандлик муҳаббати, ҳурматини шу йўл билан билдириш тўғри иш бўлишини таъкидлайди.
Тожикистонлик жамиятшунос Дилшод Раҳимов муллалар ва эшонлар қўлини ўпиш Ислом маданиятига бегоналигини ва Ислом дини пайдо бўлгунга қадар фақат подшоҳлар қўлини ўпиб, улардан кўмак ёки кечирим сўралганини билдиради.
- Бу иш биз ва бизнинг маданиятимизга бегонадир. Биз самимий муносабатимизни қўл ўпиш билан эмас, балки сўз билан баён этсак, тўғри бўлур эди. Бу иш эса шахсга сиғиниш ифодасидир. Бутга сиғиниш ва унга сажда қилишга ўхшаш бу иш, ташқаридан қаралганда, баъзан бачкана туюлади, дейди жамиятшунос.
Дин пешволари қўлини ўпиш, Дилшод Раҳимовга кўра, хориждан келган бегона маданият ва урф-одат вакилларига хос иш бўлиб, у Тожикистонда шу кунга қадар сақланиб келинмоқда.
Маҳаллий зиёлиларнинг айримлари дин пешволари қўлини ўпиш аксарият диний маросимларда тожикистонликлар орасида кузатилаётганини ва улар бу йўл билан дин пешволари маърузаларини кучли эҳтирос билан қувватлаётганини билдирмоқчи бўлаётганларини қайд этадилар.
Дин соҳасида маҳаллий таҳлилчи Зубайдуллоҳ Розиқ дин пешвосининг қўлини ўпишни “исломий одоб” ёки “шарқона одоб” деб атайди.
Унга кўра, фақат арзигулик шахсга нисбатан шундай муносабат қилинади. Бироқ, таҳлилчига кўра, бу одоб сиғиниш ёки сажда қилишгача етиб бормаслиги зарур.
- Ислом пайғамбарининг қўлини ўз замонасида ўпмаганлар. Аммо пайғамбарга ҳурмат ва эҳтиром шунчалик кучли эканки, ҳатто у киши таҳорат учун тайёрлаган сувни мусулмонлар юзларига суртишар экан. Бу ўша шахсни муқаддас деб билиш, унга нисбатан чексиз ҳурмат нишонасидир, дейди маҳаллий таҳлилчи.