Исроил қамоқхонаси маъмурлари пайшанба куни эрталаб Тел-Авив шимолидаги Ҳадарим қамоқхонасидан 66 ёшли Юнусни озод қилишди.
У 1983 йилда ҳибсга олинган ва Исроил судида уч йил аввал босиб олинган Суриянинг Голан тепаликларида исроиллик аскарни ўлдиришда айбланган.
Юнус Исроилнинг Фаластиннинг Ара қишлоғидан бўлиб, пайшанба куни уни кўплаб оила аъзолари ва дўстлари кутиб олишди.
"Мен қамоқдаги бошқа биродарларим билан бирга озодликка эришмоқчи эдим. Мен озодликка чиқдим, лекин бошқа маҳбуслар қолиб кетди", деди Юнус Ал-Араби телеканалига берган интервьюсида озод етилганини нишонлаш чоғида. "Умид қиламанки, тез орада биз барча маҳбусларнинг озод этилганини нишонлаймиз".
Юнус эрталаб соат 5:30 да қўйиб юборилган, ўшанда одамлар унинг қишлоғи кўчаларига чиқиб кутиб олишган.
У Фаластин курашидаги асосий шахс деб аталган. У қотилликда айбланиб, ҳибсга олинган пайтлар Фаластин сиёсатида ўсиб бораётган юлдуз ҳисобланган.
Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларнинг аксарияти босиб олинган Ғарбий Соҳилдан бўлса-да, Юнус Исроилнинг Фаластин фуқароси.
"Фаластинликлар у шунчаки ишғолчиларга қаршилик кўрсатганини айтишади, исроилликлар эса буни Исроилнинг ички иши, дейишади. Аввалига у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, кейинчалик жазо 40 йилга алмаштирилган. У жазони ўтагани учунгина озодликка чиқарилди", - дейди Ал-Жазира мухбири Имрон Хон.
Исроил ҳарбий разведкаси Юнуснинг озод этилишидан олдин унинг оиласига ташриф буюриб, уларга байрам уюштирмасликни буюрган. Бироқ, Ара қишлоқ аҳолиси ва унинг оиласи бу кўрсатмаларга эътибор бермаган кўринади.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, Юнусни Исроил расмийлари қамоқхона олдига тарафдорлари тўпланишига йўл қўймаслик учун эрта тонгда олдиндан огоҳлантирмасдан қўйиб юборишган. Юнусни полиция машинасида Тел-Авив шимолидаги Раанан яқинидаги автобус бекатига туширишди.
Қариндоши келиб, туғилиб ўсган Ара шаҳрига олиб кетишдан олдин у ўткинчининг телефони орқали оиласи билан боғланишга муваффақ бўлган.
Исроил расмийлари бу хабарларга изоҳ бермаган.
Юнус озодликка чиққач, бундан саккиз ой олдин вафот этган онасининг қабрини зиёрат қилди.
Айни пайтда Исроил қамоқхоналарида 4700 га яқин фаластинлик маҳбуслар сақланмоқда, улардан 150 нафари болалар ва 835 нафари судсиз ва терговсиз ҳибсга олинган.