Россиянинг Украинага босқини ва уруш давомида муваффақиятсизликларга учрашидан аввал, араб иттифоқчилари Москвани у билан ҳисоблашиш керак бўлган куч деб ҳисоблар эди.
Аммо ҳозир вазият ўзгариб, Россия обрўсига путур етмоқда, дейди таҳлилчилар.
Уларга кўра, Россиянинг ўзидан анча кичик рақиби – Украинага ҳарбий жиҳатдан бир неча бор енгилиши Россия президенти Владимир Путин ҳукмронликка эриша олмаган Суриядаги муваффақиятсизликларнинг давомидир.
Ҳарбий қудратга эга давлат бўлишга интилаётган Россия ўз ҳаракатларининг реал натижасини етарлича режалаштира ва кўра билмаслиги ошкор бўлган.
«Россия стратегик режа туза олади. Бу факт. Аммо юмшоқ қилиб айтганда, у етарли даражада эмас», деб айтган киевлик сиёсатчи ва Бирлашган Украина таҳлилчиси Дмитро Левус.
Сурия етакчиси Башар Асад режимини қўллаб-қувватлаган Кремл минтақани беқарорлаштирди ва ўз имкониятларига ҳаддан ташқари ишониб, стратегик мақсадларига эриша олмади.
Россиянинг Асад режимига ишончи «ўзини оқлади, чунки у иқтидорда қолди», дейди Левус. «Аммо россияликлар Сурияда мустаҳкам ўрнаша олмади.»
«Улар ўзи истаганидек, таъсирни монополлаштира олмади», деб қўшимча қилди у. «Туркия ва Қўшма Штатлар аралашди. Россия шуни кўра билмаган эди.»
Россиянинг ўзига ҳаддан ортиқ ишониши
Баҳорда Россиянинг жанговар шай ҳолатдаги бўлинмалари Киев яқинида мағлуб бўлганидан сўнг, Кремл Украинага юбориш учун Суриядан ўз кучларини чиқара бошлади.
У шунингдек, Украинадаги жанглар учун Вагнер гуруҳига янги жангарилар ёллашни, Сурия, Марказий Африка республикаси (МАР) ва гуруҳ фаол бўлган бошқа қайноқ нуқталардаги аскарларни Украинага юборишни бошлади.
Бу чора Россиянинг Яқин Шарқдаги позициясини янада заифлаштирди.
«Уларга аскарлар, маблағ, техника етишмаяпти, улар хориждан ўз бўлинмаларни чиқара бошлади», деди Россия фанлар академиясининг Яқин Шарқ бўйича тадқиқотлар маркази раҳбари ўринбосари Сергей Данилов.
«Вагнер гуруҳи хусусий харбий компанияси Африкадаги каллакесарларини ҳам чақириб олмоқда», деди у. «Улар ҳозир Бахмут яқинида жанг қилишмоқда.»
«Украинага қарши тажовуз ва Украинанинг кутилмаган қаршилиги бўлмаганида, россияликлар Суриядан кетмаган бўларди», деб айтган Данилов.
«Нима бўлганини кўринг: Украинадан аввал Араб мамлакатлари Россияни ҳисоблашиш керак бўлган давлат сифатида кўришар эди, аммо энди бунинг акси бўлмоқда.»
Россия мағлубиятларнинг асосий сабаби унинг ўзига ҳаддан ташқари ишонишидир, дейди таҳлилчилар.
«Ҳатто россиялик дипломатлар ёки экспертлар билан тасодифий мулоқотлар ҳам» уларнинг ўз билимлари ва тайёргарлиги ҳақида юқори фикрда эканини яққол кўрсатган, дейди Левус.
Аммо бу тарзда ўзини ҳаммадан юқори кўриш, «шунингдек Россия дунёсининг ягоналигига ишониш ўзига хос кўрликка олиб келади», деб айтган у. «Айниқса, стратегик режалаштиришга келганда. Ва айниқса Украина масаласида.»
Иккита турли жанг
«Сурия ва Украина низолари кўп жиҳатдан бир-бирига боғлиқ», дейди Украинадаги стратегик тадқиқотлар миллий институтининг ташқи сиёсатлар тадқиқоти маркази раҳбари Максим Паламарчук.
«2014 йилда Қрим аннексияси қарорига таъсир қилган омил Россиянинг Қримсиз Сурияга куч юбора олмаслиги бўлган», деб тушунтирган у.
«Аммо энг муҳими, Россия нуқтаи назарида Сурия унинг раҳбарларини авантюрага мойил қилиб қўйган. Улар қуролли кучлардан фойдаланиш муваффақият олиб келади деб ўйлашган», дейди Паламарчук.
Кремлнинг Украинадаги ҳужумига етакчилик қилаётган генерал Сергей Суровикин Сурияда қўл келган тактика Украинада ҳам ишлайди деб адашди, дейди таҳлилчилар.
Левуснинг айтишича, «Суровикин ҳаводан ҳужум қилиш, фуқаролик ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини йўқ қилиш, бомбалар билан халқни қувиб чиқариш ва таслим бўлишга мажбурлаш Сурия иш бердими, демак Украинада ҳам иш беради, деб ўйлаган».
«Аммо оддий сабаб билан ундай бўлмади: шароитлар турлича.»
«Биринчидан, Украинанинг ҳаво ҳужумига ва ракетага қарши мудофааси кучли. Кейин, Украинанинг қарши туришга тайёрлиги, буни россияликлар ҳисобга олишмаяпти, уни умуман давлат деб тан олишмайди.»
«Ва ниҳоят, Ғарбнинг ҳаво мудофаасини кучайтиришдаги ёрдами», деди у. Шуларни инобатга олиб, Россия ўз имкониятларини қайта кўриб чиқиши керак эди.
«Россияча уруш»
Энди Кремл ҳарбий жиноятчи номига даъво қилиши мумкин, холос.
Россия қуролли кучлари томонидан Сурияда тинч аҳолига нисбатан содир этилган жиноятлар халқаро ҳамжамият томонидан қайд этилган. Ҳозир эса украиналик расмийлар ҳам шундай далилларни тўпламоқда.
Сурия Араб Республикаси бўйича мустақил халқаро тергов комиссиясининг ҳисоботида Россия самолётлари «икки марта зарба» ҳаво ҳужумларини амалга оширгани таърифланади. Бунда дастлабки ҳужумдан сўнг ёрдам келган қутқарувчилар иккинчи зарбага дучор бўлишган.
Украинага ҳужум қилишидан аввал Россия уруш қоидаларининг шундай бузилишлари билан ҳам қутулиб қолган эди.
«Террор, ҳарбий қонунлар ва анъаналарга беписандлик – Россиянинг уруш олиб услуби. Бундай уруш услуби анчадан бери ўзгармаган», дейди Паламарчук.
«Аммо у жазоланмади», дейди у. «Сурия учун, 1992 йилда Молдовада содир этилган ҳарбий жиноятлар учун ҳеч ким жазоланмади. Грузияда 1992 йилда ҳам, 1993 йилда ҳам, 2008 йилда ҳам ҳеч ким жазоланмади.»
«Албатта, буларнинг ҳеч бири Россия армиясида нормал ахлоқ кодексининг шаклланишига ёрдам бера олмади», дейди у. «Улар тинч аҳолига қарши террор уюштиришни яхши билади».
«Энди Россия ҳар бир жинояти учун жавоб беради», дейди Данилов. «Бунга шубҳа йўқ. Иш шу даражага етдики, бу шундоқлигича қолмайди.»
Яқин Шарқдаги Россиянинг собиқ иттифоқдошлари кенг миқёсда ҳарбий жиноятларни амалга оширувчи давлатдан иложи борича алоқани узмоқчи. Ҳеч ким Кремл эришмоқчи бўлган «суперқудратли давлат» мақоми ҳақида сўз очмаяпти.
«Араб мамлакатларидаги одамлар Россия ва Украина ўртасидаги уруш замонамизнинг асосий можароси эканини тушунишади», деди Данилов.
«Бу глобал хавфсизлик тузилмасига таъсир қилиши мумкин бўлган воқеа бўлиб, нима бўлаётганини тушуниш ва иштирок этиш жуда муҳимдир».