loader
Foto

Миссионерлар ҳақида

Худосизликни ўзларига расман ақийда қилиб олган, дин халқлар учун афюндир, деб эълон қилган коммунистлар тузуми ортидан қолган иймон-эътиқод, дину диёнат бобидаги бало офатларнинг чеки йўқ эканлиги ҳаммага маълум.

Етмиш йилдан зиёд вақтда "илмий ҳақиқат", деб иймон келтириб юрган Марксизм-Ленинизми шайтоннинг васвасасидан ҳам бадтар нарса эканини билиб қолган халқ ўзини бирдан динга урди. Ҳар ким ўз динини ўрганишга, иймон, эътиқод соҳиби бўлишга ҳаракат қила бошлади. Жумладан, собиқ Совет Иттифоқида яшовчи халқлар ҳам ўз ота-боболари динига қайта бошладилар.

Албатга, узоқ муддатли узилишни улаб кетиш осон эмас эди. Шунинг учун ҳам чет эллардаги дин қардошлар ёрдамга кела бошладилар. Ҳукмдорлар ҳукмдорлик учун ўзаро кураш билан овора пайтларида бунга унча эътибор берилмади. Аммо, аста секин муаммолар чиқа бошлади. Биринчи бўлиб ҳамма динига қайтса-қайтсину мусулмонлар қайтмасин, деган хулосага келинди. Ана шу тушунчани амалга оширишда қонуний давлат, демократия, инсон ҳуқуқлари каби тушунчалар бетига биринчи бўлиб, ушбу тушунчаларнинг соҳиби-Ғарб туфлади. Мазкур баландпарвоз ғояларда ўзи қўл берган устозидан бу фатвони олган Шарқ, бетига туфланган ҳақиқатни оёқ остига олиб тепсай бошлади. Мусулмонлар учун ўз динларига қайтиш йўлига мунофиқларча қўйилаётган турли тўсиқларни, қонун бузарликларни, даъватчиларни ҳайдаб чиқариш, қамаш, турли иғво ва туҳматларга дучор қилишларни бир томонга қўя туриб, Босна-Ҳерсак, Чеченистон ва Тожикистон улгуржи муаммоларини олиб кўрайлик.

Боснияда ўтган демократик сайловларда кутилмаганда "Демократия иши" фирқаси ютиб чиқди. Ҳа, кутилмаганда, агар кутилганда, Жазоирга ўхшаб, сайлов тугашига қараб турмасдан керакли чора кўрилар эди. Чунки, "Демократия иши" фирқаси мусулмон одам Али Иззатбегович томонидан тузилган фирқа эди. Шунинг учун ҳам бу партия ва унинг бошлиғи томонидан тузилган демократик ҳукуматни йўқ қилиш учун ҳеч нарсадан тап тортилмади. Ҳа, Али Иззатбегович ва унинг одамлари мусулмон бўлганлари учунгина, Босния ва Ҳерсак фожиаси амалга оширилди. Уларнинг ўрнига собиқ коммунист ёки янги фашист ёхуд яна кимдир келганида буни келтириб чиқаришмас эдилар. Даъвомиз қуруқ бўлмаслиги учун бу масалада энг ювош, энг мўътадил кўринган давлат ва унинг раҳбарининг ўзини тутишидан биргина мисол келтирамиз. Ғарб матбуотида асл нусхасининг суврати босиб чиқилган, ўта махфий белгиси билан Англия Бош вазири Джон Межер ўз одамларидан бирига юборган хатда, нима қилиб бўлса ҳам Боснияда мусулмонлар ҳукумат тепасига келмасликлари учун барча чораларни кўриш, бу ишда ҳеч қандай мулоҳазага бормаслик қайта-қайта такрорланади. Дарҳақиқат, Боснияда жаноб Мейжер ва махфий хатлари фош этилмаган раҳбарларнинг тавсияларига тўлиқ амал қилинди. Аммо, Босния мусулмонларининг фидокорликлари, уларга Аллоҳнинг ёрдамигина режани тўла амалга ошишига йўл қўймади.

Чеченистон масаласига келсак, бу масала тўғрисида турли фикрлар айтилди ва айтилмоқда. Кимдир фожианинг асосий сабабини нефтга, кимдир муҳим жуғрофий мавқега, яна кимдир Россиянинг бирлигини сақлаб қолишга боғламоқда. Лекин асосий сабаб ҳақиқатда Ислом экани ҳаммага маълум. Чунки бошқа баҳоналар ҳаммаси бир пулга қиммат. Исломдан қўрқиш эса бор ҳақиқат. Бу ҳақиқатни чечен биродарларнинг ўзлари ҳам айтишмоқда. Дардни яширсанг иситмаси ошкор қилади, деганларидек қўйнинг оғзидан чўп олмайдигандек бўлиб юрадиган Россия Бош вазири бу ҳақиқатни фош қилиб қўйди. "Аскар оналари" ташкилоти фаолларидан бири Флорахоним Солиховскаянинг гувоҳлик беришларича, у кишининг, Черномирдинга: "Чеченистондаги бу қирғинни қачон тўхтатасизлар?" деган саволига, Бош вазир: "Улар мусулмонлар, бундан бошқа тил билан гаплашиш мумкин эмас", деган. Шунинг учун ҳам, "федерасияга кириш ва чиқиш ихтиёрийдир", деб федерасия қурган Россиянинг Чечен халқи бошига солган қирғин баротига бутун дунё, бу Россиянинг ички иши, деб қараб турибди.

Тожикистонда эса, ҳеч нарса бўлгани йўқ эди. Фақат "Ислом уйғониш партияси" қонуний рўйхатдан ўтиб, унинг биргина аъзоси муваққат ҳукуматга аъзо бўлганди. Аммо, демократлар тарафидаги бу мусулмонлар ҳаммага дахшат бўлиб кўринди. Шунинг учун ҳам ўша "ҳамма", демократиядан коммунистларни афзал кўрдилар. Оқибатда тожик халқи бошига катта кулфат тушди.

Катта сиёсатни бир томонга қўйиб, соф диний гапга ўтайлик. Ҳозирда мусулмонларнинг сиёсатга аралашгани ҳам, уйида ўтириб Қуръондан дарс бераётгани ҳам ҳукумат идоралари назарида айбдор саналади. Улар учун, мусулмон бўлишнинг ўзи хавф-хатар, Қуръон ўқитиш эса мисилсиз жиноят. Оддийгина бир мисол. Бир биродарнинг ўзи ҳикоя қилишича, у кишини миршаблар йўлда тутиб қамашибди. Бир ҳафтача қамоқда ётганидан сўнг, сўроқ пайтида эпини қилиб, телефон орқали танишларига нима бўлганини хабар қилишга эришибди. Уни сўраб суриштириб келган танишлар миршаббошига "Бу одам нима гуноҳ қилди? Ўғрилик қилдими ёки одам ўлдирдими?" десалар, миршаббоши "Одам ўлдиргандан ҳам қаттиқ жиноят қилди, болаларга Қуръон ўқитди", дебди. Мунофиқлик қилмай, ўзи амал қилаётган сиёсатнинг пўст калласини айтган ўша миршаббошига балли! Ўз-ўзидан "Мусулмонларнинг ҳоли шу бўлса бошқаларнинг ҳоли қандай?", деган савол пайдо бўлади. Ушбу мақоланинг асосий мақсади ҳам шу. Мазкур саволга жавоб оддий: мусулмонлардан бошқаларнинг ҳоли, ўзлари кутгандан ҳам яхши, нимани хоҳласалар қилмоқдалар. Бошқа соҳаларни ўз мутахассисларига қўяйликда, соф ғарбча тушунчадаги диний соҳани олайлик. Собиқ коммунистик давлатлардаги Исломдан бошқа дин ва мазҳабларга эътиқод қилувчилар ҳеч қандай тазйиқ ва босқиларга учрамай хоҳлаганларини қилмоқдалар. Ўша дин ва мазҳабларга эътиқод қилувчи туб аҳоли қонунлардан тўлиқ фойдаланиб, ўз динига қайтаётган бўлса, четдан келган миссионерлар қонунлардан ҳам кўра кўпроқ имтиёзларга эга бўлмоқдалар. Булар дунёнинг турли юртларидан келиб, узоқ вақт диний таълимдан бебаҳра қолган кишиларнинг бошларини айлантирмоқдалар. Сиртдан қўй оғзидан чўп олмайдиган бўлиб кўринган бу миссионерлар, аслида кўпни кўрган, ишбилармон, илоннинг ёғини ялаган уддабуронлардир. Улар баъзи соддаларга ўхшаб, иш режаси ва низомини кўтариб рўйхатдан ўтказишни сўраб давлат идораларига бормайдилар. Аввало вазиятни, кишиларни, амалдорларни, уларга чиқиш йўлларини яхшилаб ўрганадилар. Кейин эса аста секин инсоний ёрдам, тиббий хизмат, хайру эҳсонга ўхшаш нарсалардан гап очадилар. Қўлидан иш келадиганларга "совғалар" уюштирадилар. Ўз юртларига олиб бориб ўйнатиб келадилар. Қарабсизки, ўша миссионернинг ташкилоти расмий рўйхатдан ўтиб турибди-да. Аста-секин у ер, бу ердан одамларни тўплаш бошланади, оддий суҳбат, чой ичиш, видио филъм кўриш, кичкинагина совға ва совғага қўшиб, суҳбатдошнинг она тилидаги миссионернинг дини ҳақидаги китоб берилади. Китобнинг сўнгида тушунмай қолса, сўраб суриштириш учун телефон рақами ёки адрес албатта кўрсатилган бўлади. Икки-уч марта шунга ўхшаш суҳбат ва совғалардан кейин қарабсизки етти отаси мусулмон бўлиб келган бир шахс христиан, киришначи ёки буддачи бўлиб турибди-да. Янги динга, янги аъзо бўлган киши кўпроқ савоб топиши керак, дейди миссионер, ўзининг янги мухлисига. "Бунинг энг осон йўли, оила аъзоларингни, яқин кишиларингни динимизга чақиришинг. Агар ҳар ҳафта биттадан янги одам олиб келсанг, савобнинг тагида қоласан. Кўчада юрганингда ҳам бекор юрма, мана бу китобчалардан ўзинг билан олиб юр. Дўкон, бекатга ўхшаш одамлар кўп бўладиган жойларга битта-битта ташлаб қўй. Одамларнинг остонасидан ичкарига ташлаб қўйсанг яна ҳам яхши бўлади", дейди. Қарабсизки ўзимиздан чиққан иймонфуришлар, ўзимизни бузишга жон-жаҳди билан уриниб ётибди-да.

Ўз атрофида етарли гумашталарни тўплаб олган миссионерлар кичкина эълон чиқаради. Фалон жойда, фалон соатда дўстлик учрашуви бўлади. Барномада турли кўнгил очди ўйинлар, рақс, фильм. Хоҳловчилар марҳамат қилсин.

Аммо, барнома сўнгида албатта роҳибнинг ваъзи бўлиши, матбуот тарқатилиши аниқ бўлганидан уни ёзмаса ҳам бўлаверади. Аста секин бундай учрашувлар одат тусига киради. Кичикроқ бир жой ижарага олинади. Кейин сотиб олинади. Охири бориб ибодатхона қурилади. Ҳозирда асли мусулмон бўлган кишилардан Туркистонимизнинг ўзида бир неча роҳиблар қирғиз, ўзбек ёки бошқа черковларини бошқармоқдалар.

Туркистонни хиристиянлашишида Қирғизистон билан Қозоғистон олдинда бормоқда. Бошқа жумҳуриятлар ҳам орқада қолаётгани йўқ. Миссионерлар бундан жуда ҳам хурсандлар. Улар ўзларини қаҳрамон ҳис қилмоқдалар. Қирғизистоннинг Норин вилоятида хиристиянликни тарқатишда шуҳрат қозонган Андрей Петерснинг айтишича, бу халқнинг бўйнида икки қулф, атеизм ва мусулмончилик бор экан, энди ўша қулф очилибди.

Дарҳақиқат, миссионерлар катта муваффақиятларни амалга оширдилар. Улар аввалги йили, анжуман ўтказишиб, собиқ Совет Иттифоқидаги барча ёзиладиган тилларга Инжил таржима қилиб бўлингани, чоп этилиб тарқатилаётгани билан бир-бирларини табрикладилар ва ёзилмайдиган тилларга ҳам муқаддас китобни таржима қилишни маслаҳат қилиб олишди.

Бу йил (1995Й) 18-19 май кунлари Бишкекда Ўрта Осиё миссионерлик конференсияси бўлиб ўтди. Унда минтақадаги катта-кичик барча халқларни инжиллаштириш режаси тузилди. Шошилинч ишлар рўйхати ҳам ҳам эълон қилинди. Қозоғистонда элликка яқин шаҳар қишлоққа диний ходим-роҳиб керак экан. Қирғизистонга ўндан ортиқ жойга, жумладан, Жалолобод, Қорасув ва Қадамжойга. Шунингдек, Нуробод, Зарафшон, Самарқанд, Чоржўй ва Красноводскка ҳам. Тошкент ва Гулистон шаҳарларида черков қуришга моддий ёрдам керак экан. Миссионерларнинг Туркистондаги катта халқларни инжиллаштиришдан кўнгиллари тўқ шекилли, уйғур, тунгон, қорақолпоқ каби "кичик" халқларга, (ибора уларники) эътиборни кучайтиришга қарор қилдилар.

Хулоса қилиб айтганда, миссионерларнинг иштаҳалари чакки эмас. Ўз юртларида, дунёнинг бошқа жойларида ҳунарлари ўтмаганидан кейин, қулай жой ва фурсат топгандан кейин шундай бўлади-да. Биров уларнинг мушугини пишт демаса, содда, нима деса оғзига қараб тураверадиган, бир доллар берса етти юмалайдиганларни топиб олишган бўлсалар марра уларникида!

Наҳотки, асрлар давоми Ислом дини қуввати бўлиб келган бир юртда шу ишлар юз берса?! Бу юртнинг ҳозирги авлоди, улуғ боболар руҳи олдида уялмайдиларми?! Аллоҳдан қўрқишмайдими?! Диний, миллий ғурурлари борми, ўзи?! Кишиларни Исломга даъват қилаётганларни қувғин қилиб, қамаётганлар қани энди?!

Эҳтимол, миссионерлар бировга зарар етказмайди, эътиқод иши ҳар кимнинг шахсий иши биз демократия замонида яшаяпмиз, дейишлари мумкин. Ундай бўлса, нима учун мусулмонларни, ҳаводан олиб фундаментализмда айблашди?!

Шу билан бирга миссионерлар ҳам жуда фаришта эмас, асл фундаменталистлар ўшалар. Улар билан бирга бўлган мутахассисларнинг айтишларича, улар ҳар бир кишини мутаассиблик руҳида тайёрламоқдалар. Уларга қўшилган ҳар бир шахс келажакда портлаш учун жамиятнинг нозик нуқталарига бомба бўлиб кўмилмоқда. Чунки ўз дини, ўз эътиқодини қўйиб бошқа эътиқодга ўтган шахс, доимо шу вазифани ўтаб келган. Бу эса, энг енгил кўриниш.

Бошқача кўринишлари эса жуда кўп. Эски мисолларни бир томонга қўйиб, янгиларидан гап очайлик. Яқинда, инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш баҳонаси билан Самолига кирган миссионерлар мамлакатдан чиқариб юборилди. Чунки, улар инсонпарварлик ниқоби остида, қурол-яроғ олиб келиб, ўзларига эргашганларни қуроллантириб, ўз юртларига қарши бўлган самолиликлар билан уруш қилишган эди. Ўша миссионерлардан баъзилари жанг майдонида қўлида қуроли билан ушланибди. Азаматлар бўлиб, йиғиладиган учқичгача олиб келишган экан. Қани айтинг-чи, қайси Исломий диний ташкилот шуни қилди?

Ҳаммага маълум ва машҳур, "АУМ Синрике" сектасини олайлик. Ким Япониядек давлатда кимёвий ҳужум уюштириб, бегуноҳ одамларни ўлдиришга журъат этади? Турли вазирликлар тузади? Бу секта Россиядан бошқа қуролларни сотиб олганини рус матбуоти ўзи эълон қилди. Ана шундоқ дин ниқобидаги хавфли ташкилот Россиядаги расмий доираларнинг ишончини қозонган эди. Россияда бир неча ўн минглаб эргашувчиси бор эди. Фақат "Маяк" радиоси ундан бир йилда саккиз юз минг доллар олган экан.

Ҳозирда фаолият кўрсатаётган миссионер гуруҳлар "АУМ Синрике"га ўхшаш ишни қилмайди, деб ким кафолат бера олади?

Миссионерларнинг кўрсатаётган "каромат"лари кундан кунга ортиб бормоқда. Неча марта қиёмат қоим бўладиган кун ва соатни айтиб, эълон қилиб, жамоатчиликни, содда кишиларни беҳуда ташвишга солдилар. Аммо, яна ҳеч нарса бўлмагандек юрибдилар. Агар бирорта мусулмон томонидан бунинг мингдан бири қилинганидами, кўрар эдингиз машмашани.

Миссионерлар орасида ёшларни тўплаб олиб, турли наркотик моддаларга ўргатаётганлари йўқми? Бундайлари ҳам топилади.

Юқорида, миссионерлар совға бериш ила кишиларни ўзига жалб қилишларини айтиб ўтдик. Аммо,бу бирни берсанг, ўнни оласан, қабилидаги. иш. Чунки, миссионерлар кейинчалик ўз мухлисларидан хайри эҳсон талаб қиладилар. Бу ҳақда "Оброзователь" журналида Николай Бохрошин бир аёлнинг қуйидаги хатини мисол келтиради:

"Эрим уйни, машинани сотиб, барча пулни ўз сектасига хайри-эҳсон қилди. Қизим черковга қатнайдиган бўлгандан буён уйдаги пуллар йўқоладиган бўлиб қолди. Кейин эса, нарсалар йўқолди. Энди эса у очиқдан-очиқ олиб бориб беряпти".

Юқорида зикр этилган муаллифнинг "Оброзаватель" журналидаги мақоласида келтирилишича: АҚШдаги янги черковлардан бирининг раҳбари, собиқ ёзувчи Рон Хаббард: "Ҳар бир сўзга бир пенс олиш учун ёзиб ўтириш кулгули. Агар одам миллион доллар олмоқчи бўлса, энг осон йўли-ўзи шахсий дин ихтиро қилсин", деган экан.

Ана ўшандай шахсий дин ихтиро қилган Секу Асахара миллионларга ҳам қаноат қилмай, кимёвий ҳужум уюштириб қамалди.

Юқоридаги "ажойиб" фалсафа эгаси, шахсий дин ихтиро қилган Рон Хаббарднинг сафдошларидан еттитаси, жумладан хотини Мери Сью Хаббардни АҚШ ҳукумати турли муддатларга қамоққа ҳукм қилди. Бунга ўхшаш мисоллар кўп.

Собиқ Иттифоқда бу соҳада Россия биринчи бўлиб ўзига келди. Эҳтимол, "АУМ Синрике" сектаси машмашаси сабаб бўлгандир. Суд қарори билан "АУМ Синрике" сектаси тақиқланди. Қозон шаҳрида "Ҳаёт руҳи" сектаси бошлиғи судланди.

Аммо ўз юртларида қонун асосида фаолият кўрсата олмаган миссионерлар Ислом ўлкасида жавлон урмоқдалар. Уларга ҳамма нарса учун рухсат. Порани олиб рухсат бериб қўйган, "демократ" маъмур, ғарбнинг назаридан қолишдан қўрқиб бир нарса дея олмайди. Маъмурдан қўрққан мулла, улар ҳам Аллоҳнинг бандасида, дейди. Бир вақтлар кўксига уриб мусулмонлигини пеш қилиб юрган ёзувчи миссионернинг китобини яхшилаб маҳаллий тилга таржима қилиб беради. Ундан каттароғи "савоб" учун таҳрир қилиб беради. Матбаачи чоп қилиб беради. Маҳаллий миллатдан чиқиб, бўйнидаги "мусулмончилик қулфи" очилиб бошқа динга кирган муртад эса, ғизиллаб юриб одамларга тарқатади. Қарабсизки, Она юртимиз Туркистон инжиллашиб бормоқда.

Йўқ! Иншааллоҳ ундоқ бўлмайди! Миссионерлар ўз мақсадларига эриша олмайдилар. Чунки улар бундан олдин ҳам, мусулмон ўлкаларда мақсадларига эриша олмаганлар. Ислом Аллоҳнинг дини, бу динни У зотнинг ўзи ҳимоя қилади. Бизнинг ғурурсиз, номуссиз авлодимиз Унга хизмат қилмаса, унга содиқ бўла олмаса, Аллоҳ таоло бошқа авлодни келтиради. Бугунги кунда, миссионерлар олдида тили лол бўлиб турган калта фаҳмлар ҳам, бир кун келиб кўзи очилади. Лекин кеч бўлади. Азиз Туркистоннинг исломий шон-шавкатига қора доғ тушгандан кейин бўлади. Бунинг айбдорлари эса икки дунёда жавоб берадилар.

Миссионерлар ортидан дум бўлиб юрган туркистонликлар кўзингизни очинг! Саробга эргашманг. Агар уларнинг сизга айтаётган гаплари ҳақ бўлганида, юртларида черковларни сотмас эдилар. Турли сафсатабоз динлар чиқмас эди. Улар сизнинг қўлингизга тутқазган китобларини ақл ила ўқиб, камчиликларини топинг, бошқаларга тушунтиринг. Сизни диндан чиқармоқчи бўлганларни, Исломга киритишга урининг. Чунки, дунёнинг бошқа томонларида шундай бўлмоқда. Роҳиблар тўп-тўп бўлиб Исломга кирмоқдалар. Черковни масжидга айлантирмоқдалар.

Кўзингизни очинг биродарлар!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ

"Жамият кўксига урилган заҳарли ҳанжар" китобидан