loader
Foto

Сунъий интеллект Ислом учун хавфлими?

Йилдан-йилга машиналар яхшиланиб бормоқда. Google компаниясига тегишли DeepMind ўзи турли ўйинлардан ўтишни ўргана оладиган дастур ишлаб чиқди. Бир томондан, компьютерлар, турли технологиялар ва сунъий интеллект кундалик ҳаётимизда фойдали воситалардир: кўпчилик телефон ва турли "ақлли" ёрдамчиларисиз бир кунни ҳам тасаввур қила олмайди.

Бошқа томондан, кўпчилик мусулмонлар мантиқий савол беришмоқда: сунъий интеллектнинг бундай тез ривожланиши нимага олиб келади ва бу динга зарар келтирадими?

Таниқли футоролог ва Google топ-менежери Рей Курцвейлнинг айтишича, тез орада одамлар ўз онгини компьютерлар билан боғлай олади, бу эса уларга янги ҳис-туйғуларни ривожлантиришга ва дунёни англашнинг мутлақо янги даражасига эришишга ёрдам беради.

"Биз тафаккуримизни бош суягидан ташқарига кенгайтира олсак, биз бошқача бўламиз. Неокортексни кенгайтириб, биз худоларга ўхшаймиз", дейди Курцвейл.

Ўз навбатида футурист ва ёзувчи Стюарт Бренд шундай дейди: "Биз худога ўхшаймиз, шундай экан, бундан фойдаланишни ўрганайлик".

Бу одамлар замонавий технологиялар ва сунъий интеллектнинг ривожланишини кузатиб, шундай дадил гапирадилар. Бу барча олимлар ва ихтирочилар ўзларининг технологиялари билан ўзларини Худо билан солиштиришга ёки фақат материя дунёси, Худосиз дунё мавжудлигини исботлашга ҳаракат қилмоқдалар.

Технология ва сунъий интеллектнинг зарари қанчалик кучли бўлиши мумкин?

Эътиборлиси, дин пешволари бу каби саволларга аниқ жавоб бермаяпти, чунки технология соҳасидаги бундай жадал ривожланиш қандай оқибатларга олиб келиши ва жамиятга қандай таъсир кўрсатиши номаълум. Бироқ, сунъий интеллект инсоният дини учун қанчалик хавфли бўлиши ҳақида тахминий башорат қиладиган дунёдаги баъзи таниқли шахсларнинг фикрлари қизиқ.

Афёндаги Кожатепе университети профессори, Психологик маслаҳат ва касбий йўл-йўриқлар кафедраси доценти Мужоҳид Гултекин Islomvemedya.com сайтига берган интервьюсида мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди. У илғор технологияни исроилликларнинг бўкирадиган бузоқлари билан таққослади, чунки унинг фикрича, сунъий интеллектнинг зарари антик давр бутлари билан бир хил.

«Сунъий интеллект аслида руҳсиз машинадир. Кимдир мен технологиянинг хавф-хатарини кам баҳолайман деб ўйлаши мумкин. Аммо мен буни фақат сунъий интеллект ҳақидаги мунозараларимиз машиналарни илоҳийлаштириб, уларда бўлмаган нарсаларни уларга боғлайдиган фантаст ёзувчиларнинг ҳикояларига ўхшамаслиги учун айтяпман.

Бу борада сунъий интеллект Мусо алайҳиссаломнинг қавмини у билан васвасага солган Сомирийнинг бўкирадиган бузоғидан фарқ қилмайди. Шубҳасиз, ҳозирда замонавий самарияликлар борки, уларнинг ижоди шовқин қилган олтин бузоқдан ҳам мукаммалроқ бўлади».

Дарҳақиқат, замонавий технологиялар одамларга катта фойда келтиради. Бироқ, гуноҳ қилиш имкониятлари ҳам ортади. Энди одам уйдан чиқмасдан туриб, илгари тасаввур ҳам қила олмаган катта гуноҳларни қилиши мумкин. Шу боис, биз ишонч билан айтишимиз мумкинки, замонавий технологиялар ва сунъий интеллектнинг инсон динига зарари жуда катта, аммо барчаси ҳар бир шахсга боғлиқ.

Зеро, кимдир камера, телефон ва интернет ёрдамида миллионлаб одамларга кўрсатма бериши, диний билимларини баҳам кўриши мумкин, кимдир эса Аллоҳга итоатсизлик қилиб, тақиқларни бузиб, кўп сонли одамларни ўз гуноҳларига гувоҳ бўлишига олиб келади.

Абу Муслим таржимаси