loader
Foto

Риёкорлик билан мол сарфлаётганларнинг мисоли

Яна айтиладики, “уларнинг бу дунёда (риёкорлик билан) қилган эҳсонлари...” дейилганда, яҳудийлар қабиласининг Аллоҳ таолога итоат йўлига эмас, Муҳаммад (алайҳиссалом)га адоват йўлига сарфлашлари назарда тутилади. Динларини ҳимоя қилишлари учун ўз ахборларига (диний уламоларига) нафақалар қиладилар, Муҳаммад (алайҳиссалом)га эса адоватдалар.

Улар Аллоҳнинг ҳақини адо этмаганлари учун экинларини совуқ изғирин нобуд қилган қавмга ўхшатилдилар. Аллоҳ уларнинг ҳосилларини нобуд қилиб уларга зулм қилмади, балки улар Аллоҳ таолонинг ҳақини босиб ўтиб, ўзларига ўзлари зулм қилдилар.

Айтиладики, бу кофирлар хусусидаги мисолдир. Уларнинг хайрли ишларга қилган нафақалари ҳам худди совуқ шамолга ўхшайди. Чунки қалблари имон нури тафтидан мосуво. Аллоҳ таолодан узилган ва совиб қолган. Мана шу совуқлик уларнинг яхши ишларини йўққа чиқаради, улардан бирортаси қабул қилинмайди. Чунки бу амаллар Аллоҳга тавҳид нури ва имон билан суғорилган ҳаёт нурининг ҳароратисиз боради. Жасаддан руҳ чиқиб ва жон узилганда тана совиб, ундаги қон қотиб қолганини кўрганмисиз?

Уларга Иброҳим сурасида яна бир мисол келтирган: “Парвардигорларига кофир бўлганларнинг амаллари бамисоли бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулдир” (Иброҳим, 17). Ушбу кул сабабли ҳеч нарсани кўра олмайдилар. Шу каби кофирлар бу дунёда қилган амалларининг савобини олмайдилар. Бу амаллари уларга наф келтирмайди. Чунки улар ўз ҳавойи нафсларини ўзларига илоҳ қилиб олдилар. Улар имон нурига эмас, балки ўз ҳавойи нафсларига эргашиб иш тутдилар. Натижада нафслари уларни дўзахга етаклади.

Ҳаким Термизийнинг

"Ал-амсол минал Китоб вас Сунна" ктобидан

Иброҳим Усманов таржимаси