Аллоҳ таоло одам зотини азизу мукаррам қилган. Аллоҳ таоло одамга азизлик ҳис-туйғусини қўшиб яратган. Бошқача қилиб айтганда, одамни соф табиат билан яратган ва азизликни ҳис қилишни одамнинг мазкур соф табиатига қўшиб яратган. Одамнинг азизлигини таъминлаш учун Ислом динини жорий қилган. Ислом ақийдаси, шариати ва таълимотлари инсоннинг азизлигини рўёбга чиқаришга йўналтирилган.
Ислом тавҳид ақийдаси асосидаги диндир. Ушбу ақийдага биноан борлиқнинг ягона илоҳи бор, иккинчиси йўқ. Ўша илоҳ – Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи наф ва зарар берувчидир. Унинг ёлғиз Ўзи тирилтирувчи ва ўлдирувчидир. Унинг ёлғиз Ўзи барча қувват эгасидир. Унинг ёлғиз Ўзи беҳожатдир ва ҳоказо.
Ислом шариатида жорий қилинган барча тоат ва ибодатлар мазкур ақийдани қўллаш ва ҳимоя қилишга қаратилгандир.
Қай бир инсон ушбу тавҳид ақийдасини ва утақозо қилган ҳақиқатларни ўзига сингдириб олса, катта кичик барча ҳожатларини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидангина сўрайдиган бўлади. Унинг Ўзигагина ёлборади. Унинг Ўзигагина хору зорлигини изҳор қилади. Ундан ўзгадан ҳожатини раво қилишини сўрамайди. Ундан ўзгага ёлбормайди. Ундан ўзгага хору зорлигини изҳор қилмайди.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг ушбу ҳикматида бандани мазкур азизилигини хорликка айлантирадиган нарса – тамагирлик ҳақида сўз юритмоқда.
Олдин тамагирликнинг маъноси, таърифи ва хусусиятлари билан яқиндан танишиб олайлик.
Тамаъгирлик арабча «тамаъа» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. «Тамаъ қилди» билан «ҳирс қўйди» бир хил маънони англатади.
Роғиб «Муфрадот»да тамаънинг таърифида: «Тамаъ нафснинг бир нарсага шаҳват ила боғланишидир», деган (207-бет).
Агар тамаъ Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамаълари мисол бўлади.
Аллоҳ таоло «Шуаро» сурасида Иброҳим алайҳиссаломнинг тамаъларини шундай баён қилади:
«Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан тамаъ қилганим – умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи» (82-оят).
Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тамаъ билан дуо қиладиганларни мадҳ этган.
Аллоҳ таоло «Сажда» сурасида:
«Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва тамаъ – умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар», деган (16-оят).
Аммо тамаъ дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Билингки, тамаъ фақийрликдир. Тамаъ қилмаслик бойликдир», деган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: «Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаъларнинг чақмоғидандир».
Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумолар бирга бўлишганда Каъб розияллоҳу анҳу:
– Эй, Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар? – деди.
– Унга амал қилувчилар, – деди.
– Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима? – деди.
– Тамаъгирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш, – деб жавоб берди.
Тамаъгирликнинг зарарлари:
1. Тамаъгирлик иймон заифлигининг аломатидир.
2. Тамаъгирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир.
3. Тамаъгирлик саховат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир.
4. Тамаъгирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади.
5. Тамаъгирлик доимий чарчоқликдир.
Баъзи ҳукамолар дейдилар: Агар тамаъгирликка:
– Отанг ким? – дейилса,
– Қадарга шак келтириш, – дейди.
– Ҳунаринг нима? – дейилса,
– Хорликни касб қилиш, дейди.
– Fоянг нима? – дейилса,
– Маҳрумлик, – дейди.
Тамаъгирлик азизни хор қилади. Тамаъсизлик хорни азиз қилади.
Тамагирликдан қутилиш йўлини ахтаришдан олдин билиб қўиш лозим бўлган нарса шулки, тамагирликни, хусусан молу дунёга ва шаҳватлардан ҳузурланишга бўлган тамани инсон нафсидан таг-томири билан қўпориб ташлаш мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло бу нарсани инсон табиатига қўшиб яратган. Ва бусиз дунё обод ҳам бўлмайди.
Аллоҳ таоло "Адият" сурасида марҳамат қилади:
“Албатта, у мол-дунёга ниҳоятда ўчдир”, - (8-оят).
Аллоҳ таоло "Фажр" сурасида марҳамат қилади:
“Ва молни кўп яхши кўрасизлар”, - (20-оят).
Шунинг учун инсон ўзидаги ушбу тамани тартибга солишга уриниши керак бўлади. Шариат рухсат берган даражада, ўзини хор қилмайдиган савияда тама бўлса майли. Бошқача қилиб айтганда тамани фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидан қилсин, бандалардан эмас.
Бандалардан тамагир бўлишнинг давоси сабр, илм ва амалдан иборатдир.
Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади:
1. Маийшатда тежамкор бўлиш ва сарф-харажатда мулойим бўлиш.
Ким қаноатли бўлишни истаса, имкони борича ўзидан харажат эшигини бекитишга ҳаракат қилади. Нафсини фақат зарур нарсалар билан кифоялантиришга уринади. Муяссар бўлган таомга қаноат қилади. Хўракни иложи борича озайтиради. Кийимда ҳам содда бўлишга ҳаракат қилади. Мазкур нарсаларни ўзига одат қилиб олади. Оила аъзоларини ҳам шунга ўргатади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Солиҳлик йўли, солиҳлик ҳайъати ва иқтисод нубувватнинг йигирма беш жузидан бир жуздир», – дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:
«Гўзаллик ҳайъати, шошмаслик ва иқтисод нубувватнинг йигирма тўрт жузидан бир жуздир», дейилган.
Солиҳлик ҳайъати – гўзал кўриниш аҳли солиҳларнинг кўриниши. Иқтисод – гап-сўз, хатти-ҳаракат ва барча ишларда тежамкор бўлиш. Албатта, бу каби фазийлатлар ҳусни хулқдандир.
Термизий ва Муслим қилган ривоятда:
«Ким мусулмон бўлиб, ризқи учма-уч бўлса ва Аллоҳ унга қаноат берса, батаҳқиқ, нажот топибди», дейилган.
Бошқа бир ривоятда:
«Исломга ҳидоят қилиниб, маийшати учма-уч бўлиб, қаноат қилган одамга яхшилик бўлсин», дейилган.
2. Ўзига етарли нарса муяссар бўлса, келажаги учун изтиробга тушмайди. Ризқи албатта келишига қаттиқ ишонади. Шайтоннинг унга фақирлик ваъда қилишига ишонмайди.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида марҳамат қилади:
«Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг риз¬қи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир», - (6-оят).
Ер юзида ўрмалаган нарса – одамзод, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлар. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади.
Аллоҳ таоло "Анкабут" сурасида марҳамат қилади:
«Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар».
Фақат Унинг Ўзигина сизларга ризқ бера олади. Шунинг учун ҳам фақат Унинг Ўзигина ибодатга сазовордир.
«Унга ибодат ва шукр қилинглар».
Аллоҳ таолонинг ризқ берувчилигининг ўзиёқ Унга ибодат ва шукр қилишни тақозо этади. Иккинчи томондан, қиёматда
«Унгагина қайтарилурсиз».
Ҳисоб-китобни Унинг Ўзигина қилур. Шунинг учун ҳам ёлғиз Унинг Ўзигагина ибодат қилиш даркор.
Аллоҳ таоло "Зарият" сурасида марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳ Ўзи кўплаб ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир”, - (58-оят).
Ҳа, Аллоҳ таоло инсонлару жинлардан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради.
Аллоҳ таоло "Нур" сурасида марҳамат қилади:
“Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур”, - (32-оят).
Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасида марҳамат қилади:
“Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз”, - (97-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Жаннатга яқинлаштирадиган амал бўлсаки, албатта, сизларни унга амр қилдим. Дўзахга яқинлаштирадиган амал бўлсаки, албатта, сизларни ундан қайтардим. Бирортангиз ўз ризқини зинҳор кеч қолди, демасин. Жаброил алай-ҳиссалом кўнглимга сиздан бирор киши ризқи мукаммал бўлмасдан бу дунёдан чиқмаслигини солди. Бас, уни Аллоҳга маъсият қилиш ила талаб қилмасин. Чунки, Аллоҳнинг фазлига маъсият ила етишилмас».
Ҳоким ривоят қилган.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Руҳул қудус менинг кўнглимга: «Нафс ўз ризқини тўлалигича олмагунича зинҳор ўлмас, Аллоҳга тақво қилинглар, талаби ризқни гўзал қилинглар, ризқнинг кеч қолиши сизни уни Аллоҳга маъсият ила талаб қилишга олиб бормасин. Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақат У зотга тоат қилиш ила эришилади», деган маънони солди», – дедилар». Ибн Аби Дунё ривоят қилган.
3. Қаноатнинг фойдасини, ҳирс ва тамаъгирликнинг зарарини тушуниб етмоғи лозим.
Қаноат шубҳали ва ортиқча нарсаларга сабр қилишдан иборат бўлиб, охиратда савобга сабаб ҳам бўлади. Ўз иззатини ҳавойи нафсидан устун қўя олмаган одамнинг ақли расо бўлмайди.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар, яна бердилар. Ҳаттоки, ҳузурларидаги нарса қолмади.
Шунда у зот: «Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ неъмат берилмаган», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга чидаб, қаноат ҳосил қилиб юриши яхши экани тарғиб қилинган. Мусулмон инсон турмушни яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо, ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун, ўзига берилган ризқ-насийба Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри эмас.
Мазкур ривоятларда мусулмон инсон ўзига берилган ва берилмаган ризққа нисбатан қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида бир неча кўрсатмалар берилмоқда:
Иффатли бўлиш.
Ўзи учун бировнинг молидан умидвор бўлишни ор деб билиш. Ким ўзини иффатли тутишга уринса, Аллоҳ таоло уни иффатли қилиб қўйиши турган гап.
Ўзида бировнинг сариқ чақасига ҳам эҳтиёжи йўқлигини изҳор қилиш.
Аллоҳ таоло бундай одамнинг кўзини тўқ қилиб қўйса, ундан ҳеч бир очкўзлик содир бўлмас экан.
Кам бўлса ҳам, ўзига берилган ризққа сабр қилиш.
Сабр Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва кенг неъмат ҳисобланади. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб, ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Сабр неъматидан бебаҳра банда эса, дунёнинг ярмига эга бўлса ҳам, тийиннинг устида умбалоқ ошиб, ўзини хор қилади, очкўзлигини билдириб қўяди.
Мусулмон одам унга Аллоҳ таоло томонидан берилган етарли ризққа сабр қилиб қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган шахс бўлар экан.
Ҳақийқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир.
Абу Ҳозим: «Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса», деган.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мусулмон бўлиб, етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ нажот топган бўлур», – дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Аллоҳ таоло тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса, одамларнинг энг бойи бўлади.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қаноатни лозим тутинг! Қаноат туганмас молдир», – дедилар». Имом Тобароний ривоят қилган.
4. Ўтган қавмлардан дунёга ҳирс қўйган ва тамаъгир бўлганларнинг ҳоли нима бўлганига назар солсин. Шу билан бирга, ўтган Пайғамбарлар, аҳли солиҳлар ва азиз-авлиёларнинг ҳолидан ўрнак олсин.
Мусулмонларнинг аввалги авлодлари Аллоҳ таолодан бошқадан тама қилиш хорлигидан озод бўлганлар. Улар учун дунёнинг зийнатлари бир пулга арзимайдиган нарсага айланган. Буни ҳамма ҳатто душманлар ҳам яхши билган.
Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири – Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди.
Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Мусулмонларнинг вакилини музокара учун олдига таклиф қилишни элчиларига топширди. Арабларнинг қадимдан дунёга ўчлигини билгани учун ўзининг қароргоҳини молу дунёга тўлдириб ташлади. Келадиган мусулмон вакилни қойиб қилмоқчи ва молу дунё билан унинг кўнглини овламоқчи, қойил қилмоқчи бўлди.
Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини топа олмай, анча вақт овора бўлдилар. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида, ерда ўтириб гаплашаётган ҳолда топдилар.
Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарлари, мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканликларини билдирдилар.
Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Рибъий исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга:
«Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.
Рибъий розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб, сакраб, от устига минди ва элчиларга қараб:
«Кетдик», деди.
Элчилар лол бўлиб, туриб қолдилар. Бир жулдур кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»¬га қарадилар. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга:
«Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
«Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.
Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Рибъий розияллоҳу анҳу эса уларнинг бу кулгили ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай, кулиб, ичкарига кирди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғларининг олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди.
Рибъий розияллоҳу анҳу отдан секин, шошилмай тушди. Сўнгра ўша ердаги кимҳоб ва зарга кўмилган нарсалар тепалаб, отни бир устинга боғлади. Бу орада баъзи матоҳларни йиртиб ҳам юборди. Қасддан шошилмай, дунёнинг зийнатларига парво қилмай ҳаракатларнар эди.
Сўнгра Рибъий розияллоҳу анҳу бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини тешар эди. Рибъий розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Рибъий розияллоҳу анҳу:
“Мен сизларнинг ҳузурингизга ўзимча келганим йўқ. Ўзингиз чақирган эдингиз, келдим. Энди ўзим истаган жойда ўтиришим керак. Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар», деди.
Рустам ишора қилган эди одамлари четланишди. Рибьий розияллоҳу анҳу аршга ўтирди.
Форсларнинг каттаси таржимонга:
«Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди.
Рибъий розияллоҳу анҳу бу саволга жавобан, асрлар давомида қоида бўлиб қолган жумлани айтди:
«Аллоҳ таоло бизни бандаларнинг бандаларга ибодат қилишидан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.
5. Мол жамлашнинг хатарини тўлиқ тушуниб етиш лозим.
Молнинг офатларини унутмасин. Ўртаҳолликнинг фазлини билиш керак. Бунинг учун эса, молу дунёда ўзидан пастга назар солсин ва дийнда ўзидан юқоридан ўрнак олсин.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз молда ва халқда ўзидан афзал қилинган шахсга назари тушса, ўзидан пастга назар солсин», – дедилар».
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Бундоқ бўлиши Аллоҳнинг сизга берган неъматига ношукр бўлишингизга олиб келиши мумкин», – дедилар».
Иккисини икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Аллоҳ таоло барчамизни тамагирлик хорлигидан Ўзи асрасин! Ўзидан бошқага мутож қилмасин! Фақатгина Ўзидан умидвор бўлиб, иззатли бўлиб яшаб боришимизни насиб қилсин!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
"Ҳислатли ҳикматлар шарҳи" китобидан
Хислатли ҳикматлар шарҳи