loader
Foto

Аёлларга кўз тушишининг гуноҳи борми?

 ЖАВОБ: Аллоҳ таоло Нур сурасида: «Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир« (31-оят), деган. Ушбу ояти каримада зинодан сақланишнинг энг бош омили сифатида номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилишга ва фаржларини зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда.

Бу дегани, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомий қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғотади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса, уни ё тасдиқлайди ё ёлғонга чиқаради».

Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим. Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», деганлар. Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғотади.

Бехосдан назар тушиши эса гуноҳ эмас. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ал-Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», деганлар.

Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун уларга ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади. Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», дейилган.

Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бир аёлнинг гўзалликларига назари тушсаю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», деганлар.

Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи оятни нотўғри талқин қилиб, Аллоҳ эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарган, аёллар ўзларини авайлаб, шаръий кийимда юришга амр қилинмаган, дейиш мутлақо нотўғридир. Чунки аёлларнинг ҳижобда юришлари лозимлиги ҳақида бошқа оятларда ҳукм бор.

Номаҳрам аёлларга назар солмаслик ҳақидаги амрдан бир неча ҳолатлар истисно қилинган. Масалан, бир одам уйланмоқчи бўлса, у аёлга назар солиши нафақат мумкин, балки мустаҳабдир. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Уйланмоқчи бўлиб, бир аёлга совчи қўйган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Уни кўрдингми?» деб сўрадилар. Мен: «Йўқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уни кўргин, бу албатта ораларингизда яқинлик ҳосил қилади», дедилар. Имом Аҳмад Абу Ҳумайддан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтангиз бир аёлга уйланмоқчи бўлса, унга назар солишида гуноҳ йўқдир, чунки у уйланиш ниятида назар солади«, деганлар.

Шунингдек, жиноятчини аниқлаш мақсадида текшириш ўтказаётган шахслар ҳам шу мажбурият юзасидан аёл кишининг юзига қарашса бўлади. Қози хусумат билан ёки гувоҳлик учун келган аёлга ҳукм чиқариш мақсадида вазифа юзасидан қараши мумкин. Табиб ҳам тиббий мақсадларда қараса, жоиз. Албатта, бу ҳолатларда синчиклаб қараш ҳақида сўз кетмоқда (Аллоҳ билувчидир).