loader
Foto

Оламга фасод уч фирқа орқали кирган.

Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу: «Динни фақат подшоҳлар, ёмон аҳборлару роҳиблар бузди», деган маънода байт айтганлар.

1–Золим подшоҳлар, ўзларининг золим сиёсатлари билан шариатга мухолиф бўладилар ва ўша сиёсатларини Аллоҳ ва Унинг Расулининг ҳукмидан устун қўядилар.

2–Ёмон аҳборлар-шариатдан ўз фикрлари ва фосид қиёслари билан чиққан олимлардир. Улар Аллоҳ ва Унинг Расули ҳалол қилган нарсани ҳаром, ҳаром қилган нарсани ҳалол қиладилар.

3–Роҳиблар-сўфилардан чиққан жоҳиллар бўлиб, ий-мон ва шариат ҳақиқатларига завқ, хаёл ва турли ботил кашфларни устун қўйиб, Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариатга киритадилар. Алллоҳ пайғамбари орқали жорий қилган динни ботил қиладилар.

«Агар сиёсат билан шариат мухолиф бўлиб қолса, сиё-сатни устун қўямиз», дейишлик ҳар замон ва ҳар макондаги подшоҳ ва амирларнинг одати бўлган.

«Агар ақл билан нақл мухолиф келиб қолса, ақлни устун қўямиз», дейишлик, ақл бандалари ва ҳозирги кунимиздаги зиёли ёшларимизнинг одатидир.

Роҳиблар ва завқ соҳиблари бўлса: «Агар завқ ва кашф шариатнинг зоҳири билан мухолиф бўлиб қолса, завқ ва кашфни устун қўямиз», дейдилар.

Шунинг учун ҳам, Румий ўз маснавийсида: «Ошиқонро мазҳабу миллат жудо аст»–»Ошиқлар учун бошқа мазҳаб ва дин бордир», деган. Яъни, улар завқ, виждон ва кашфни шариат зоҳири устидан ҳакам қиладилар, дегани. Шариат зоҳирини инкор қилувчи бо-тинийларнинг ҳоли шу.

Аллоҳ таоло мазкур уч тоифа ҳақида қуйидагиларни айтади:

1–»Албатта подшоҳлар бир юртга кирганларида уни бузадилар ва азиз аҳлини хор қиладилар. Ана шундоқ қилурлар». (Намл сураси, 34)

2–»Эй, иймон келтирганлар, албатта аҳборлардан ва роҳиблардан кўплари одамларнинг молларини ботилдан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар». (Тавба сураси, 34).

«Бас, у куфр ва иймон, тасдиқ ва такзийб, иқрор ва инкор орасида васвасага тушган, адашган, шак қилган ҳолида музабзаб бўлур. У мўмин тасдиқ қилувчи ҳам эмас, кофиру ёлғонга чиқарувчи ҳам эмас».

Шарҳ: Яъни, фаҳмини таслимга қониқтира олмаган, холис тавҳиддан, соф маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсилган одам, изтиробга тушиб, иймон ила куфр, тасдиқлаш ила ёлғонга чиқариш, иқрор ила инкор орасида иккиланишга тушади. Ўзини васвасага, ҳайратга, динида шак-шубҳага туширади. Мўмин бўлиб, чин қалбдан тасдиқлай ҳам олмайди, кофир бўлиб, тили билан ёлғонга ҳам чиқара олмайди.

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ васф қилган ушбу ҳол ҳар бир Қуръон ва суннатдан оғиб нотўғри илми каломда юрган ёки илми калом билан Қуръон ва суннатни жамламоқчи бўлган одамнинг ҳолидир. Улар бир-бирига тўғри келмай қолганда Қуръон ва Суннатда келган нарсани таъвил қилишга ўтади, уни фикрга солиштириб кўради. Иши охир ҳайратга, залолатга ва шак-шубҳага бориб тақалади.

Мана, файласуфларнинг мазҳабларининг ва айтганларини энг яхши билган одам Ибн Рушд ўзининг Ғаззолийнинг «Таҳофутул Фалосифа» китобига раддия қилиб ёзган «Тахфутут-Таҳофут» китобида нима ёзганини олиб кўрайлик: «Илоҳиётда ким бирор ярагулик нарса айтибди?» Яъни, файласуфларнинг илоҳиётда айтган гаплари ҳеч нарсага арзимайди, демоқчи.

Илми каломнинг имомларидан бири, имом Ғаззолий охири келиб илми калом масалаларида ҳайратга тушди. Илми калом ҳақида китоб ёзиб, унга «Илжомул авом ан илмил Калом» («Овомни илми каломдан тийиш») деб номлади. Агар илми калом зарурий нарса бўладиган бўлса, дин ишида кифоя қиладиган бўлса, нима учун у ўз китобини уламоларга хос қилиб овом халқни унинг фойдаларидан тийди? Кейин эса, имом Ғаззолий мазкур йўлларнинг ҳаммасидан юз ўгириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига юзланди ва Саҳиҳ Бухорий кўксида турган ҳолида вафот этди.

Улуғ имом, катта тафсирнинг соҳиби Имом Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ар-Розий ўз умрининг охирида ёзган китобида:

«Умр бўйи қилган баҳсларимиздан фойда олмадик. Деди, дедидан бошқа нарсани жамламадик», деганлар.

Шунингдек, у киши яна: «Агар каломий тарийқатларни ва файласуфларнинг йўлларини таъаммул қилиб кўрсанг, дардга даъво, чанқоққа сув бермаслигини кўрасан. Энг яхши тарийқа, Қуръон тарийқаси эканини биласан. Ким мен қилган тажрибаларни қилиб кўрса, мен билган нарсаларни билади», деганлар.

Имоми Ҳарамайни Абул Маъолий ал-Жувайний:

«Эй асҳобларимиз! Калом билан машғул бўлманглар! Агар илми калом мени нимага етказишини билганимда, у билан шуғилланмаган бўлар эдим», деганлар.

Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким динни калом ила талаб қилса, зиндиқ бўлади. Ким молни кимё билан талаб қилса, касодга учрайди. Ким ғариб ҳадисни талаб қилса, ёлғончи бўлади», деганлар.

Имом аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Аҳли калом ҳақида менинг ҳукмим, уларни дарахт шохлари ва ковушлар билан уриб, қавм ва уруғлар бўйлаб айланти-иб: «Қуръон ва Суннатни тарк қилиб, илми каломга юзланганнинг жазоси шудир», деб жар солишдир», деганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ таржимаси

Таҳовий ақидасининг шарҳидан