loader
Foto

Катта урушлар ҳақида

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Туркларга қарши қитол қилмагунингизча қиёмат қоим бўлмас. Уларнинг кўзлари кичик, юзлари қизил, бурунлари пучуқ ва юзлари худди тери қопланган қалқонга ўхшайди. Токи қил қавуш киядиган қавмга қарши қитол қилмагунингизча қиёмат қоим бўлмас», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ерда турк номини олган ўзига хос бир қавм ҳақида ва қилдан кийим кийядиган алоҳида бир қавм ила бўладиган катта уруш ҳақида сўз кетмоқда.     

Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятида:

«Ҳабашларни модомики сизларни тек қўйсалар, тек қўйинглар. Туркларни модомики сизларни тарк қилсалар, тарк қилинглар», дейилган.

Шарҳ: Демак, мусулмонлар бу ривоятда зикр қилинган қавмлар ўзлари бошламасалар уларга қарши уруш очмайдилар.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Ҳабашларни модомики сизларни тарк қилсалар, тарк қилинглар. Чунки Каъбанинг дафинасини Ҳабашистонлик икки болдири ингичка одам чиқариб олади», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам ҳабашларга тегмасликка даъват бор.

ҲИНД ВА АЖАМ ҒАЗОТИ

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом бизга Ҳинднинг ғазотини ваъда қилганлар. Агар ўшанга етсам, унга молимни ҳам, жонимни ҳам сарфлайман. Агар қатл қилинсам, шаҳидларнинг афзали бўламан. Агар қайтсам, мен озод қилинган Абу Ҳурайра бўламан».



Бошқа бир ривоятда: «Менинг умматимдан икки гуруҳини Аллоҳ дўзахдан сақлагандир. Бир гуруҳки Ҳиндга ғазот қиладир. Бир гуруҳки, Ийсо ибн Марям алайҳиссалом билан бирга бўладир», дейилган.

Иккисини Насаий ривоят қилган.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Токи ажамлардан Хуз ва Кирмон ила, юзлари қизил, бурунлари пучуқ, кўзлари қисиқлар ва юзлари худди тери қопланган қолқонга ўхшаш, қил кавушлилар ила қитол қилмагунларингизча қиёмат қоим бўлмас», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Хуз-Аҳвоз ва Тистр номли жойлар. Бу ривоятда номлари зикр қилинган маконлар ва сифатлари зикр қилинган ажамлар билан катта урушлар бўлган ва улар Исломга кирганлар. Шу билан Пайғамбар алайҳиссаломнинг гаплари ўз тасдиғини топган.

РУМ УРИШИ ВА МУСУЛМОНЛАРНИНГ ҒУТА ВА БАСРАДАН ПАНОҲ ТОПИШЛАРИ

Зи Михбар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишидан вақтинчалик сулҳ ҳақида сўралди. Шунда у, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг:

«Келажакда, Рум ила омонлик сулҳини тузурсизлар ва сизлар улар билан бирга орингиздаги душманга қарши ғазот қилурсизлар. Нусрат топиб, ўлжалар олурсизлар. Саломат қолиб, ортга қайтиб тепаликлари бор кенг ерга тушурсизлар. Аҳли насрониядан бир киши хочни кўтариб «хоч ғалаба қилди!» дейди. Шунда мусулмонлардан бир киши ғазабланиб у(хоч)ни даф қилади. Ана шунда румлар аҳдни бузадилар ва катта урушга одам жамлайдилар. Мусулмонлар силоҳларига отиладилар ва жанг қиладилар. Аллоҳ ўша гуруҳни шаҳидлик ила икром қиладир», деганларини эшитганман», деди». Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.



Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Катта уруш куни мусулмонларнинг қароргоҳи Шомнинг энг яхши шаҳарларидан бири бўлган Димашқ деб аталадиган шаҳар яқинидаги Ғўта деган жойда бўлади», дедилар.

Шарҳ: Димашқ шаҳрининг бу ном билан аталишига сабаб уни Иброҳим алайҳиссаломга иймон келтирган Димшоқ ибн Намруз ибн Канъон исмли одам қурганидир.



Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Умматимдан бир одамлар Дажла деб номланадиган дарё бўйидаги Басра деб аталадиган боғга тушадилар. Дарё устида кўприк бўлади. У ернинг аҳли кўпайиб мусулмонларнинг шаҳарларидан бирига айланади. Қачон охири замон бўлса, Бани Қантуролар, юзлари кенг, кўзлари қисиқлар келиб дарёнинг бўйига тушадилар. У ернинг аҳолиси уч фирқага бўлиниб кетади. Бир фирқа сигирнинг думларидан тутиб яйловда юриб ҳалок бўладилар. Бир гуруҳ ўзларига омонлик олиб, кофир бўладилар. Бир гуруҳ зурриётлари орқаларига қўйиб олиб уларга қарши жанг қиладилар. Ана ўшалар шаҳидлардир», дедилар».

Шарҳ: Бу ривоятда зикр қилинган нарсалар ўзининг барча тафсилотлари ила олти юз эллик олтинчи ҳижрий санада юзага келди ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизалари собит бўлди.



Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ҳали умматлар сизга қарши худди очкўзлар лаганларига ташлангандек ташланадилар ҳам», дедилар.

«Ўша кунда биз оз бўлганимиз учунми?» эй Аллоҳнинг расули» деди биров.

«Йўқ! У кунда сиз кўпсиз. Аммо селнинг кўпиги кабисиз. Албатта, Аллоҳ душманларингиз қалбидан сизнинг ҳайбатингизни суғириб олади. Ва сизнинг қалбингизга бўшангликни солади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг расули Бўшанглик недир?» деди биров.

«Дунёнинг муҳаббати ва ўлимни ёқтирмаслик», дедилар». Учовини Абу Довуд ривоят қилган.

БАЙТУЛ МАҚДИС ОБОДИ, ЯСРИБ ХАРОБИ

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Байтул мақдиснинг ободи ясрибнинг харобидир. Ясрибнинг хароби катта урушнинг хуружидир. Катта урушнинг хуружи Қустантиниянинг фатҳ бўлишидир. Қустантиниянинг фатҳ бўлиши Дажжолнинг чиқишидир», дедилар. Сўнгра қўллари билан ўзлари гапираётганнинг сонига ёки елкасига уриб туриб:

«Албатта, бу ҳақдир. Худди сен бу ердалигинг каби ёки худди сен бу ерда ўтирганингдек», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Катта уруш, Қустантиниянинг фатҳи ва Дажжолнинг чиқиши етти сананинг давомидадир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.



Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Катта уруш билан Мадийнанинг фатҳи орасида олти йил бор. Еттинчи йили масийҳи Дажжол чиқади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

ҚУСТАНТИНИЯ ФАТҲИ

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Токи румлар Аъноқ ва Добиққа келиб тушмагунларича қиёмат қоим бўлмас. Уларнинг қаршисига Мадийнадан ўша кунда ер аҳлининг энг яхшиларидан бўлган бир лашкар чиқади. Улар саф тортганларида румлар:

«Биз билан биздан асир тушганларнинг орасини очиб қўйинглар, уларга қарши қитол қилмоқчимиз», дейди.

Шунда мусулмонлар: «Йўқ! Аллоҳга қасамки, сиз билан биродарларимизнинг орасини очиб қўймаймиз», дейдилар. Бас, уларга қарши жанг қилурлар. Учдан бири енгилур. Аллоҳ уларнинг тавбасини абадул обод қабул қилмайди. Учдан бири Аллоҳнинг ҳузурида энг афзал шаҳидлар ҳолда қатл қилинурлар. Учдан бири фатҳ қилурлар. Улар абадул обод фитнага учрамаслар. Улар Қустантинияни фатҳ қилурлар. Улар қиличларини зайтунга илиб қўйиб ўлжаларни тақсимлаётганларида шайтон ичларида туриб «Албатта, Масийҳ сизнинг ўрнингизга аҳлингизни эгаллаб олди!» деб қичқиради. Улар чиқадилар. Аслида бу гап ботил бўлади. Қачонки улар Шомга келганларида у чиқади. Улар жангга ҳозирланаётганларида, сафларни тузатаётганларида, бирдан намозга иқомат айтилади ва Ийсо ибн Марям тушади ҳамда уларга имом бўлади. Қачон Аллоҳнинг душмани уни кўрса, худди туз сувда эригандек, эриб кетади. Агар уни тарк қилганида эриб ҳалок бўлар эди. Аммо Аллоҳ уни анинг қўли ила қатл қилади. Бас, уларга унинг қонини анинг найзасида кўрсатади», дедилар».

Шарҳ: Бу ерда Қустантиниянинг қиёматга яқин қолганда фатҳ этилиши ва Ийсо ибн Марям алайҳиссалом тушиб Дажжолни қатл қилишлари ҳақида гап кетмоқда.       



Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Бир томони қуруқликда, бир томони денгизда бўлган шаҳар ҳақида эшитганмисизлар?» дедилар.

«Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули», дейишди.

«Ўшанга Бани Исҳоқдан етмиш минг киши ғазот қилмасдан олдин қиёмат қоим бўлмайди. Қачон унга етиб бориб тушганларида силоҳ билан жанг ҳам қилмайдилар, ўқ ҳам отмайдилар. «Лаа илаҳа иллаллоҳу! Аллоҳу акбар!» дейдилар. Шунда унинг денгиз тарафи қулаб тушади. Улар иккинчи бор «Лаа илаҳа иллаллоҳу! Аллоҳу акбар!» дейдилар. Шунда бошқа тарафи қулаб тушади. Улар учинчи бор «Лаа илаҳа иллаллоҳу! Аллоҳу акбар!» дейдилар. Шунда уларга ҳамма тараф очилади ва унга кирадилар ҳамда ўлжалар оладилар. Улар ўлжаларни тақсимлашаётган пайтда бир қичқирувчи келиб «Батаҳқиқ, Дажжол хуруж қилди!» дейди. Улар ҳамма нарсани ташлаб қайтадилар», дедилар».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

ЎШАНДА РУМЛАР КЎП АММО ҒАЛАБА МУСУЛМОНЛАРГА БЎЛАДИ

Муставрид ал-Қураший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Амр ибн Осснинг олдида:

«Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг «Қиёмат қоим бўлганда румлар одамларнинг кўпи бўладилар» деганларини эшитдим», деди.

«Нима деяётганингга қара!» деди Амр унга.

«Расулуллоҳ алайҳиссаломдан эшитган нарсани айтмоқдаман», деди.

«Агар улар ҳақида ўша гапни айтсанг, уларда тўрт хислат бўлади; Улар фитна пайтида энг ҳалим одамлар бўлган бўлади. Мусибатдан кейин энг тез ўзига келган одамлар бўладилар. Қочгандан кейин энг тез қайта қувганлар бўладилар. Уларнинг энг яхшиси мискин, заиф ва етим бўлган бўлади. Уларда бешинчи гўзал яхшилик-подишоҳларнинг зулмидан энг кўп ман қилинганлар бўладилар», деди».



Нофеъ ибн Утба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссалом билан бирга бир ғазотда эдик. Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига мағрибдан бир қавм келди. Уларнинг устиларида жун кийимлар бор эди. Бас, у зотга тепаликда тўғри келдилар. Улар тик турар эдилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом эса ўтирган эдилар. Ўзимга ўзим «Бориб улар билан у зот орасига тур, у зотга бирор ёмонлик қилмасинлар, тағин» дедим. Сўнгра, «Эҳтимол у зот улар билан сир гапларни гаплашаётгандирлар», дедим. Кейин бориб улар билан у зотнинг орасига турдим. Шунда у зотдан тўрт калимани ёдлаб олдим, уларни қўлларим билан санайман; «Араб жазирасига ғазот қилурсизлар. Бас, Аллоҳ уни фатҳ қилур. Сўнгра форсга. Аллоҳ уни ҳам фатҳ қилур. Кейин румга ғазот қилурсизлар. Аллоҳ уни ҳам фатҳ қилур. Сўнг Дажжолга қарши ғазот қилурсизлар. Аллоҳ уни ҳам фатҳ қилур».

Шунда Нофеъ: «Эй Жобир! Токи рум фатҳ қилинмасдан Дажжолнинг хуружини кўрмаймиз», деди».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳнинг

Ҳадис ва Ҳаёт китобидан