Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги «ал-Кавсар» сўзидан олингандир. «Кавсар» сўзи луғатда кўп яхшилик, жуда ҳам кўп яхшилик маъносини англатади. Арабларда сон жиҳатидан, қадр-қиймат жиҳатидан ва аҳамияти жиҳатидан кўп бўлган нарсага кавсар, дерлар. Ушбу сурадаги Кавсардан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга икки дунёда берилган кўп яхшиликлардир. Машҳур муфассирлардан Абу Хайённинг айтишларича Кавсардан кўзланган мурод ҳақида йигирма олти хил нарса зикр қилинган экан.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади.: «Кавсар жаннатдаги дарё бўлиб, унинг икки қирғоғи олтиндан, ўзани дуру ёқутдан, тупроғи мискдан хушбўй, суви асалдан ширин, қордан оқдир. Ким ундан бир ичса, кейин абадий чанқамайди».
Имом Муслим ва Имом Термизийлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса тубандагилар айтилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда турган эдилар, бир оз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум-ла бошларини кўтардилар. Биз:
«Сизни нима кулдирди, эй Аллоҳнинг Расули?» дедик.
«Менга ҳозиргина бир сура туширилди», деб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнака ал-Кавсар» сурасини қироат қилдилар. Сўнгра:
«Кавсар нималигини биласизларми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидирлар», дедик.
«У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир бандани суғириб олинади. Мен, у менинг умматимдан! дейман. Шунда, бу сендан кейин нима қилганини билмайсан, дейилади».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Кавсар-кўп яхшилик» деган. Шу маънода Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёда берилган: нубувват, Қуръон, илм, умматнинг кўплиги, душманларга ғолиблик, фатҳларнинг кўплиги ва у дунёда берилган: шафоат, ҳавз, мақоми маҳмуд кабилар ҳаммаси кавсардан ҳисобланади, деганлар.
Бу сура Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос. У зотга яхши ваъдалар беради. Шунингдек, душманларнинг номини ўчиришга ваъда беради ва у зоти бобарокатни шукрга йўллайди.
Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари турмаган, вафот этган. Кофирлар, душманлар шундан ҳам дарров гап тарқатганлар, чунки мусулмонларнинг раҳбарига туҳмат қилиб, обрўсини тўкиш билан Исломнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш дин душманларининг қадимдан ишлатиб келаётган услуби. Улар Муҳаммаднинг орти кесик, ишни давом этдирадиган ўғил фарзанди йўқ, вафотидан сўнг ҳамманинг ёдидан чиқади, дейишган.
Аллоҳ таоло Ўз ҳабибига тасалли бериб, душманларга раддия қилиб, дин фарзанддан афзал эканини баён қилади.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик.
Кавсарни тафсирчиларимиз–«кўп яхшилик» деб айтишлари, бу эса–Пайғамбарлик, Қуръон, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат ва Пайғамбаримизга берилган бошқа сон-саноқсиз яхшиликлардан иборатлиги ва бошқалар тўғрисида юқорида гапирилди.
2. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй.
Кавсарни берган Аллоҳга ҳар қанча шукр қилса шунча оз, холис Ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат Худонинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.
3. Албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг ўзининг орқаси кесик.
Аллоҳ таоло ваъдасига вафо қилувчидир. Дарҳақиқат, душман, кофирларнинг орти кесилди. Ному нишонлари йўқ бўлди, йўқ бўлмоқда ва йўқ бўлади ҳам. Ислом душманларининг номлари тилга олинса ҳам, лаънат билан олинади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эса ортлари кесилгани йўқ, ишлари давом этмоқда ва қиёматгача давом этади. Ҳозир ер юзининг барча бурчакларида миллиарддан ортиқ инсон у кишининг умматиман, деб юрибди. У кишини бола-чақасидан, ота-онасидан, қариндош-уруғидан ва ҳатто ўзидан ҳам афзал кўради.