loader
Foto

Зилзилаларнинг сабаблари...

Ибн Абу ад-Дунё юборилган хабарни (мурсал) ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида зилзила бўлганида, қўлларини ерга қўйиб: "Тинчлан! Чунки сенинг вақтинг ҳали келмади". Сўнг ҳамроҳларига юзланиб: "Албатта, Роббингиз тавба қилишингизни талаб қилур, тавба қилинг!"дедилар.

Умар ибн ал-Хаттоб (розияллоҳу анҳу) даврида яна бир зилзила содир бўлди ва у айтди: "Эй одамлар, бу зилзила фақат сизлар қилган амаллар туфайли бўлиши мумкин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар бу ҳолат яна такрорланса, мен асло сиз билан бу ерда қолмайман".

Ибн Абу ад-Дунё яна бир воқеани ривоят қилади: Умар (розияллоҳу анҳу) даврида зилзила бўлиб, у қўли билан ерга урди, сўнг: "Сенга нима бўлди? Сенга нима бўлди? Агар бу тирилиш бўлса, у ўз хабарини айтади. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Қачонки қиёмат куни келса, унинг ҳар бир тирсаки ва ҳар бир товони гапиради", деганларини эшитганман.

Имом Аҳмад Сафия розияллоҳу анҳунинг сўзларидан ривоят қилади: "Умар (розияллоҳу анҳу) замонларида Мадинада зилзила бўлди ва у зот: "Эй одамлар, бу нима? Сиз янгиликларни қанчалик эрта кирита бошладингиз! Агар бу яна такрорланса, мен ҳеч қачон бу ерда сиз билан қолмайман".

Каъб айтади: "Ер юзасида гуноҳ содир этиладиган бўлса, ер титрайди. У Буюк Раббийдан қўрқиб, унга қараш учун титрайди”.

Умар ибн Абдулазиз шаҳарларга шундай мазмундаги хабар юборди: "Сўнгра: бу зарбалар орқали Қудратли ва Буюк Аллоҳ бандаларига танбеҳ беради. Мен шаҳарларга хабар юбордимки, фалон ойнинг фалон кунида улар чиқсин ва ҳар ким эҳсон тарқатиш имконига эга бўлса, эҳсон қилсин, чунки Қудратли ва Буюк Аллоҳ таоло айтади: " Дарҳақиқат, ким покланса, зафар топадир.... ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса" (Аълаа, 14-15).

Одам алайҳиссаломнинг айтганларини айтинг: «Икковлари: «Роббимиз, ўзимизга зулм қилдик. Агар бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўламиз», – дедилар» (Аъроф, 23).

Нуҳ алайҳиссалом айтганларини айтинг: «Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўрувчилардан бўлурман» (Ҳуд, 47).

Юнус алайҳиссалом айтганларини айтинг: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим» (Анбиё, 87).

«Касаллик ва шифо» китобида Ибн ал-Қаййим

Бугунги Туркиядаги каби даҳшатли зилзилаларга қандай муносабатда бўлиш керак?

Аввало, ёдда тутишимиз керакки, биз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз. Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, вайроналар остида вафот этган мўминлар, иншааллоҳ, шаҳид бўладилар.

Имом ан-Нававий ёзганидек, Аллоҳ таоло бундай кишиларни уларнинг қандай даҳшатли ва аламли ўлимга дуч келгани учун шаҳидлик даражаси билан улуғлайди. Бу уларнинг қарзларидан ташқари гуноҳлари кечирилишини билдиради.

Омон қолганлар учун эса зилзила оқибатлари оғир синовдир. Ким сабр ва тавозе қилса, у учун каффорат бўлади. Ким содир бўлган воқеадан сабоқ олса, яхшилик қилишга шошилади ва кўпчиликдан олдинда бўлади.

Кеча Туркияда катта қайғу ва буюк бирлашувга гувоҳ бўлдик. Ҳамма бўлмаса ҳам, атрофдаги кўпчилик бирор нарса қилишга, жабрланганларга қандайдир ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Бутун дунёдан биродарлар Ижтимоий тармоқлардан кун бўйи постлар ёзишди. Демак, умматимиз Аллоҳнинг марҳамати билан тирик ва унинг кучли руҳини ҳеч нарса синдира олмайди!

Биз эса Барҳаёт Парвардигоримизга таваккул қиламиз ва Ундан ўлганларга абадий ҳаёт ато этишини ва ҳали тирик ва қайғу чекаётганларнинг ҳаётини осонлаштиришини сўраймиз!

«Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккул қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир» (Фурқон,58).

25 йил муқаддам...

Тарихга кўра, 1999 йил Туркиянинг Измир шаҳрида содир бўлган 7,6 балли зилзила 17 мингдан ортиқ одамнинг ўлимига, ўн минглаб одамнинг жароҳатланишига, ярим миллионга яқин одамнинг бошпанасиз қолганига сабаб бўлган. Кўрилган зарар миллиардлаб долларга баҳоланган ... Зилзила атиги 37 сония давом этган эди...

Ушбу ҳалокатли зилзила сабаби Измирдаги ҳарбий-денгиз базасида содир бўлган пайтда уюштирилган байрам бўлиб, Исроил, Америка генераллари ва Туркиядан генераллар, шунингдек, Тел-Авивдан келган раққосалар иштирок этган бир гуруҳ денгиз зобитларининг битирув маросими эди...

Академик байрам кечки соат тўққиздан кечаси ўн иккигача бўлиб, чиқишлар ва совғалар тақдимотидан иборат эди. Ярим тундан кейин бадиий байрамлар, рақслар ва спиртли ичимликлар бошланди.

Байрам қизғин паллада турк бош генерали капитан унвонига эга бўлган офицерларидан бирига Қуръон олиб келишни ва уни ўқишни сўради ...

У ўқиб берди. Кейин ундан оятларни тушунтиришни сўрашди, лекин у араб тилини билмагани учун изоҳ бера олмади ва бунинг учун узр сўради.

Шунда, мастликдан ғайрати жўшиб кетган бу генерал Қуръонни олиб, уни йиртиб ташлади ва раққослар оёғи остига қўйди ва Қуръондан қуйидаги оятни келтирди: «Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз» ва истеҳзо билан қўшиб қўйди - Аллоҳ уни қандай ҳимоя қиларкан?

Бу капитан қалбининг туб-тубида мўмин эди, юрагидаги ваҳима ва қўрқув бу қабиҳ жойни тарк этиб, қочишга имкон яратди...

Бу жинлар базми кундузги соат ўн иккидан тунги соат учгача бўлган. Истанбул вақти билан соат тахминан учларда ёрқин пушти нур бутун минтақани қамраб олди, кейин денгиз бўлинди ва ундан кучли портлаш (тектоник ёрилиш) билан бирга алангали олов кўтарилди.

Кейин бир неча сония ичида бу ҳарбий база барча офицерлар ва уларнинг меҳмонлари билан бирга ер юзидан ғойиб бўлди... 37 сонияда Аллоҳ уларни жазолади ва фанога жўнатди... Катта ер майдони сув остига кетди ва бундан кейин уни ҳеч ким топилмади. Бу фалокатдан олдин қочиб кетган шу капитандан бошқа ҳеч ким омон қолмади.

Туркиядаги ушбу зилзиладан кейин масжидлар тўлди, аёллар ҳижоб кийди, болалар Қуръон ўрганишни бошладилар. Бу Аллоҳнинг динидир, у кофирлар ёмон кўрса ҳам, ҳатто мушриклар ёмон кўрса ҳам, Аллоҳ таоло осмон ва ерни яратган кундан бошлаб Қиёматгача сақланиб қолган ва сақланиб қолади.

Мусулмон эканлигингиздан фахрланинг. Бу қисса бутун туркларга маълум бўлиб, одамларнинг Аллоҳга қайтишига, Унга ҳамд ва шукр қилишларига таъсир қилган.

Интернетдан.

Абу Муслим таржимаси