loader
Foto

Толибон бир-бирини очиқчасига танқид қила бошлаган, ички зиддият авжидами?

Афғонистонни бошқараётган Толибоннинг энг юқори поғоналарида зиддият авж олаётгани кузатилмоқда. Раҳбарлар бир-бирини очиқчасига танқид қила бошлаган ва келишмовчиликларни оммадан яширмаяпти, жумладан қизларнинг билим олиш масаласи юзасидан. Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний ўзидан тепадагиларни ҳокимиятни мутлақ эгаллаб олганликда ва қарор қилиш механизмини маҳкам ушлаб турганликда айбламоқда.

“Қудрат монополияси сабаб бутун бошқарувимиз ёмонотлиқ бўлмоқда", - дейди вазир. Бу фикрларини у ўзининг она вилояти Хостда диний доирада айтган.

"Вазиятга тоқат қилиш мумкин эмас", - дея нолиган Ҳаққоний.

Вазир қизларнинг билим олиши тарафорими ё қарши, ноаниқ. Бироқ у тузум ва халқ бир-бирига яқинлашсин, дея ундаётгандек.

Толибон раҳнамоси, амир Ҳибатуллоҳ Охунзода эса хотин-қизлар ишламасин ва таълим олиши ҳам чеклансин, дея буюрган.

Ҳаракат сўзловчиси Забиҳулла Мужоҳид дейдики, ҳукуматдагилар бир-бирини ҳурмат қилиши керак.

“Ислом одоби амир, вазир ёки бирор арбобнинг шаънига қарши гапирмасликни ўргатади. Ҳар қандай танқид ўша одамнинг ўзига айтилиши керак. Очиқ айтсангиз, сизга қулоқ солишмайди", - дейди Мужоҳид.

Адлия вазири ўринбосари Абдул Ғани Фаиқ эса тизимда ҳеч ким бир-бирини танқид қила олмайди, деган фикрда.

Кобулда ёш юристлар олдида сўзлар экан, бу расмий раҳбариятни қоралаганлар кескин жазоланиши керак, дея ундаган.

“Исломий амирликка қарши гапираяпсизми, демак, сизга ҳукумат ичида тоқат қилинмаслиги керак", - дейди у.

Ҳаққоний билан гаплашган чет эл дипломатларига кўра, вазир қизлар ўқиши учун шароит яратиш тарафдори.

“Ҳукуматимиз яшаши ва ривожланиши учун халқ дардига муносиб жавоб беришимиз керак, унга ёрдам беришимиз лозим", - деган Ҳаққоний шу кунларда қилган нутқида.

Бу вазир АҚШ қора рўйхатида қидирувдаги террорист дея қайд этилган. Ҳаққонийлар тўдаси эса 2002-2021 йиллар орасидаги қатор қонли хуружларда айбланади, хусусан АҚШ ва НАТОга қарши ҳужумларда.

Халқаро ҳамжамият Толибон раҳабарияти ҳукумат сифатида тан олмаган. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва барча этник томонларни акс эттирган бошқарувни шакллантириш асосий талаблардан.

“Толибон ўзини ислоҳ қилгани ва қилаётганини аниқ кўришимиз керак, токи афгин қизлари мактаб ва университетларга бора олсин", - дейди Ториқ Фарҳодий, собиқ расмий ва таҳлилчи.

“Толибон учун ҳозир айни фурсат: ҳаракатда сиёсий прогресс борлигини кўрсатсин. Қизлар ўқишдан қолиб кетаяпти, ёшлар нима қилиб бўлса-да, мамлакатни тарк этиш пайида".

Толибон вакиллари Ғарбни ички зиддиятларни атайлаб бўрттириб кўрсатаётганликда айблайди.

Охунзода чет эл расмийлари билан деярли учрашмайди. Жанубдаги қароргоҳида, Қандаҳор вилоятида яшайди. Толибонга айнан Қандаҳорда асос солинган.