АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Вашингтон НАТОдаги иттифоқчисининг табиий офатлар таъсирида вайрон бўлган ҳудудларни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ниятида.
АҚШ Туркия ва Суриядаги зилзила қурбонларига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун яна 100 млн доллар ажратади. Бу ҳақида 19 февраль, якшанба куни НАТО иттифоқчисини қўллаб-қувватлаш учун Туркияга ташриф билан келган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
Янги ёрдам "тез орада юборилади. Афсуски, гап қидирув-қутқарув операциялари ҳақида эмас, балки узоқ муддатли тикланиш ҳақида кетмоқда", деди Блинкен журналистларга. "Бу узоқ муддатли иш бўлади. Қайта тиклаш учун катта куч талаб этилади, лекин биз бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга қатъий қарор қилдик", деди у. Блинкеннинг сўзларига кўра, жами Вашингтон Туркия ва Сурияга ёрдам сифатида 185 млн доллар ажратган. Жабрланганларни ҳисоблаш давом этмоқда.
Блинкен Туркия жанубида, Адана шаҳри яқинида жойлашган Инжирлик ҳаво базасига учганлиги хабар қилинган. Ушбу АҚШ ҳаво базаси жабрланган ҳудудларга ёрдам етказиш учун ишлатилади. АҚШ Давлат котиби Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли билан биргаликда вертолётда жабрланган ҳудудларнинг бир қисми бўйлаб учиб ўтди.
Расмий маълумотларга кўра, Туркиядаги зилзила қурбонлари сони 40 689 кишига етган. Табиий офат қурбонларининг умумий сони, Сурияни ҳисобга олган ҳолда, ҳозирда 44 377 кишини ташкил этади.