Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Украинадаги урушнинг бир йиллиги муносабати билан баёнот бериб, Россиянинг беқарорлаштирувчи ҳаракати Марказий Осиё мамлакатларига ҳам глобал таҳдид эканини таъкидлади.
Боррелнинг сўзларига кўра, 2022-йил 24-феврал Россиянинг Украинага ноқонуний бостириб киришни бошлаган кун сифатида абадий эсда қолади. Ядровий қуролга эга давлат ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси томонидан ноқонуний куч ишлатиши “нормаллаштирилган” дунёда ҳеч ким хавфсиз эмаслигини англатади.
“Россия ҳар куни БМТ низомини бузиб, империалистик сиёсат билан дунё учун хавфли прецедент яратмоқда. Бегуноҳ украиналикларни ўлдириб, мамлакатга ракеталар ёғдирмоқда. Россия ёлғон ва уйдирма тарқатишда давом этмоқда. Европа Иттифоқи “уч қисмдан иборат стратегия”: Украинани қўллаб-қувватлаш, Россияга ноқонуний агрессиясини тўхтатишда, босим ўтказишда давом этмоқда”, — дейди Европа Иттифоқи расмийси.
Сиёсатчи Россиядан қазиб олинадиган ёқилғига бўлган қарамлик тўхтатилгани, Кремлнинг энергия даромади 50 фоизга қисқартирилгани, Қора денгиз ғалла ташаббуси туфайли енгиллаштирилганини қайд этди. Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиш сўровига ижобий жавоб беришилишини билдирди.
“Россия содир этган ҳарбий жиноятлари учун жавобгарликни таъминлаш устида ишлаяпмиз. Умумий мақсадимиз – демократия ҳукмронлик қиладиган Украинада босқинчини қувиб чиқариш, мамлакатнинг тўлиқ суверенитетини ва халқаро қонунийликни тиклашдир”, — таъкидлади Боррел.
Шунингдек, Европа Иттифоқи расмийси Россиянинг ҳаракатлари Марказий Осиёга ҳам таъсир қилиши ва бу галобал таҳдидга сабаб бўлишини маълум қилди.
“Россиянинг тажовузкор ревизионизми ва унинг беқарорлаштирувчи ҳаракатлари Марказий Осиё мамлакатларига ҳам таъсир қилувчи глобал таҳдиддир. Ўтмишни қўзғатишга уринаётган Россия ташвиқот машинасининг таъсирини, ахборотни манипуляция қилиш ва чет эл аралашуви бўйича саноат миқёсидаги ҳаракатларни кўрдик. Шу учун Европа Иттифоқи бу таҳдидга қарши курашмоқда. Россия истилоси Европа ва Марказий Осиё учун ҳаддан ташқари қарамликдан қочиш зарурлигини таъкидлади. Шунинг учун ҳамкорлигимизни кучайтиришимиз керак”, — деди Жозеп Боррел.
Сиёсатчи Европа ва Марказий Осиё барқарор ва очиқ жамиятларни илгари суришдан биргаликда манфаатдорлиги; барқарор тикланиш ва яшил ўтишни таъминлаш; фуқароларни терроризм, гиёҳванд моддалар, қурол ва одамлар савдоси каби хавфсизликка таҳдидлардан ҳимоя қилишимиз кераклигини билдирди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи минтақани алоқа ва ҳамкорлик учун очиқ майдон сифатида сақлаб қолмоқчи.