Кремл Киевни 3 кун ичида забт этишни режалаган эди. Аксинча, бир йил ичида у минглаб аскарларини йўқотиб, жанг майдонида улкан муваффақиятсизликларга учради.
2022 йилнинг 24 феврал куни эрта тонгда ўн минглаб Россия аскарлари бир неча кундан сўнг Киевнинг асосий трассаси бўлмиш Крешчатик бўйлаб парад ўтказишни режалаган ҳолда Украина чегарасини кесиб ўтган эдилар.
Буни кейинчалик босқинчиларнинг йўқ қилинган зирҳли машиналаридан топилган униформалардан тахмин қилиш мумкин эди.
Ўшанда Кремл бир йил ўтиб, ўз режасининг ўндан бирига ҳам эриша олмаслигини, ҳарбий техника ва аскарлар орасида ҳалокатли қурбонлар беришини тасаввур ҳам қилмаган эди.
ORYX мониторинг гуруҳининг ҳисоб-китобларига кўра, Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан бери Россия 1500 дан ортиқ танкидан маҳрум бўлган. Таҳлилчиларга кўра, уларнинг 1017 таси йўқ қилинган, яна 547 таси қўлга олинган.
Ҳарбий таҳлилчи, ORYX блоги муаллифи Якуб Яновский 9 феврал куни CNNга берган интервьюсида «Россия урушни 3000 га яқин жанговар ҳолатдаги танклар билан бошлаганини, шу сабаб фойдаланишга яроқли танкларининг ярмини йўқотган бўлиши мумкинлигини» таъкидлади.
ORYX ҳисоб-китобларига кўра, Кремл умумий ҳисобла 9000 донадан ортиқ техника йўқотган. Ва бу тахмин фақат фотосурат ёки видео билан тасдиқланган ҳолатларга асосланган. Ҳақиқий талафотлар сони янада кўпроқ.
Бу орада 7 феврал куни Буюк Британия мудофаа вазирлиги Украинадаги урушда қурбон бўлган россиялик аскарлар сони 60 мингга етиши мумкинлигини, уруш бошидан бери Россия мудофаа вазирлигининг яна 175 мингдан 200 минггача ҳарбий хизматчилари ва хусусий пудратчилари қурбонлар берганини айтди.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби эса каттароқ рақамларни келтирган: урушда 140 мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлган.
Амалга ошмаган блицкриг
Босқин бошланганидан сўнг бир йил ичида Россия президенти Владимир Путиннинг таваккалчилиги муваффақиятсизликка юз тутди, дейди уруш кузатувчилари.
Россиянинг «махсус операция» деб аталган амалиётининг илк соатлари урушнинг кайфиятини белгилаб берди.
Озиқ-овқат ва ёнилғи танқислиги, ташлаб кетилган зирҳли техника ва самолётларнинг бой берилгани Россия армиясини мушкул аҳволда қолдирди.
Босқинчилар карвонлари тўхтаб қолди, украиналиклар эса Кремл ҳаво кучларига осмондаги назоратни қўлга олишга бермадилар.
Украина қўшинлари россияликларнинг ичкарироқ киришига қўйиб бердилар, сўнг таъминот карвонларга зарба бера бошладилар ва охир-оқибат уларни Киев вилоятидан чекинишга мажбур қилдилар.
«Мен учун энг муҳим ва ҳал қилувчи лаҳза Киевнинг илк кунларда туриб бергани бўлди. У йиқилмади. Ва бу ибратли воқеа бўлди», дейди Украина хавфсизлик хизматининг (СБУ) собиқ зобити, Украина келажак институти таҳлилчиси Иван Ступак.
«Мен ўшандаёқ ҳаммаси яхши бўлиши билдим. Бу жараён узоқ ва оғир кечади, аммо якун биз учун ижобий бўлади», деди у.
«Киев вилоятининг озод этилгани. одамларга умид берди».
Киевдаги Defence Express консалтинг фирмасининг ҳарбий таҳлилчиси Иван Киричевский ҳам шу фикрда.
«Урушнинг дастлабки соатларида бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳаво кучларимизни издан чиқаришга урингани Россиянинг энг йирик мағлубиятларидан бири бўлди. Улар бунинг уддасидан чиқа олмадилар», дейди у.
«Урушнинг дастлабки соатларидаги бу муваффақиятсизлик шу қадар стратегик аҳамиятга эгаки, руслар ҳали ҳам бундан азият чекмоқдалар».
14 апрел куни Россия Қора денгиз флотининг байроқдор кемаси – «Москва» ракета крейсерининг сувга ғарқ бўлиши навбатдаги йирик мағлубиятга айланди.
«Москванинг чўкиши билан боғлиқ воқеани алоҳида ғалаба сифатида ажратиб кўрсатса бўлади», дейди Киричевский. «Бу шунчаки рамзий маъно касб этмайди. Бу ракеталар ёрдамида чўктирилган тарихдаги биринчи крейсер тоифасидаги кема эди».
«Илгари ҳеч ким бундай қилмаган эди. Бизнинг икки дона Нептун ракетамиз кемани енгди», деди у.
Сентябр ойида Харков вилоятидаги муваффақиятли қарши ҳужум ва ноябр ойида Херсоннинг озод этилиши Россиянинг навбатдаги муваффақиятсизлиги ва урушдаги йирик бурилиш нуқтаси бўлди.
«Улар одамларга ғалаба ким тарафида эканини билдирувчи ўзгаришларнинг рамзий маъносига айланди, гарчи бундан кейин жангни давом эттириш керак бўлса ҳам», деб ёзди Украина президенти Владимир Зеленский 20 ноябр куни Телеграмдаги расмий каналида.
«Биз эндиликда Херсон озод бўлганидан кейин, айнан шуни ҳис қиляпмиз.»
Мувозанатнинг бузилиши
Аммо, Путиннинг уруш давомидаги энг катта муваффақиятсизлиги Украина иттифоқчиларининг бирлашиши бўлди, ўшандае бери улар юқори аниқликдаги қуроллар, жумладан Юқори ҳаракатчанликдаги артиллерия ракета тизимларини (HIMARS) етказиб бердилар.
«Бу жуда муҳим. Украинага ёрдам ҳажми ошмоқда. Суръатлар жадаллашмоқда. Қурол турлари кенгаймоқда», дейди Киевда жойлашган «Бирлашган Украина» таҳлил маркази сиёсий таҳлилчиси Игор Петренко.
«Бутун ривожланган дунё: Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа кўплаб мамлакатлар Украина тарафида. Мувозанат эса Россия фойдасига эмаслиги аниқ», деб айтган у.
«Дастлаб, улар Киевни уч-тўрт кунда қўлга оламиз деб ўйлашган. Кейинчалик бу муддатни бир неча ойга суришди», деб айтган у.
«Кейин Суровикин тайинланди ва улар худди Суриядаги каби террорчилик тактикасидан фойдаланишга қарор қилишди, аммо бу ҳам иш бермади», деган эди Петренко октябр ойида Украинадаги Россия кучлари қўмондони этиб тайинланган генерал Сергей Суровикинни назарда тутиб.
Суровикин аввал Сурияда Россия аэрокосмик кучларига қўмондонлик қилган, у ерда шафқатсиз тактикаси, жумладан фуқаролик объектларига ҳужум қилиш ва кимёвий қуроллардан фойдаланиш билан танилган.
Январ ойида мудофаа вазирлиги Суровикин ўрнига Россия бош штаби раҳбари, генерал Валерий Герасимов тайинланганини эълон қилган эди.
«Герасимовни тайинлаган Кремл ҳаммасини узоқ муддатли низога айлантирмоқчи, аммо улар ҳеч қандай натижага эришолмайдилар», дейди Петренко.
«Ўлим ҳукми»
Ўтган йилнинг асосий натижаси – қўшинлари фалажланган кучсиз Россия, дейди таҳлилчилар.
«Уларга ресурслар етишмаяпти, шунга қарамай олдинга ҳаракат қилишмоқда», деб айтган Defence Express консалтинги ходими Киричевский.
Россиялик ташвиқотчилар ҳаммаси яхши эканлигини таъкидласа-да, Россия мудофаа вазирлиги маслаҳатчилари сир сақлашда давом этишмоқда, дейди у Кремлга очиқдан-очиқ «Россия ҳужум қилишга лаёқатли эмаслигини» айтган Руслан Пуховнинг сўзларига ишора қилиб.
Пухов Москвадаги Стратегиялар ва технологиялар таҳлили маркази раҳбаридир.
«Россиянинг энг катта муаммоси нимада эканлигини биласизми? Кўр-кўрона нафратда», дейди СБУ зобити Ступак.
«Кўр-кўрона нафрат, ғазаб бўлган жойда оқилона фикрлаш қийин. Холисона ҳаракат қила олмайсиз», дейди у.
«Россия учун вазият оғир», деб айтган Петренко.
«Россиянинг асосий муаммоси – Путин. Агар мамлакатнинг салоҳиятлироқ раҳбари бўлганида адекват таклифлар билан музокарага киришиш кераклигини аллақачон тушуниб етган бўларди».
«Аммо, Путин учун музокара олиб бориш мағлубиятни, бошқача қилиб айтганда ўлим ҳукмини англатади».
«Уни чўлоқ ўрдак каби топтаб ташланишини жуда яхши билади», деб айтган Петренко.