loader
Foto

63. Мунофиқун (мунофиқлар) сураси

 

Мадинада нозил бўлган, 11 оятдан иборат

 “Мунофиқлар» маъносидаги ушбу сура Қуръони каримнинг олтмиш учинчи сурасидир, у Мадинада нозил қилинган, 11 оятдан иборат. Одамлар кўз ўнгида Ислом динига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кишилар «мунофиқ» дейилади. Сурада мунофиқларнинг кирдикорлари - тубан ахлоқлари, ярамас сифатлари, тиллари билан диллари бошқа-бошқа экани ва ниҳоят улар устла-рига Ислом тўнини кийиб олиб, одамларни Исломдан тўсишлари фош этилади. Бу сураи каримада ҳам шариат аҳкомлари, Исломнинг амалий тарафлари ҳақида сўз кетади. Сура ниҳоясида мў-минларни дунё зийнатларига алданиб қолмасликка ва бошларига ўлим келиб қолишидан олдин Аллоҳ таоло уларга ато этган нарса-лардан инфоқ-эҳсон қилишга буюрилади. Асосан Мадинада юзага келган нифоқ ва мунофиқлар ҳақида сўз юритилади. Суранинг «Мунофиқун» - «Мунофиқлар» деб аталишининг боиси шу туфайлидир. Ушбу сура мунофиқларнинг кўпгина кирдикорларини фош қилади. Жумладан, улар турли ёлғон миш-мишлар тарқатадилар, мусулмонларни маънавий-руҳий тарафдан заифлаштиришга, уларнинг қалбларида имонни сусайтиришга ва умидсизликни кучайтиришга ҳаракат қиладилар. Мунофиқлик турли ахлоқий разилатнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзламачилик, ваъдага хилоф қилишлар шулар жумласидандир. Мунофиқликнинг ниҳоятда қабиҳ жиноят экани, бинобарин, улар дўзахда тортадиган азоб ҳам кофирларга бериладиган азобдан кўра кучлироқ бўлиши баён этилади.

1. (Эй Муҳаммад), мунофиқлар ҳузурингизга келиб, «Гувоҳлик берамизки, сиз албатта Аллоҳнинг Пайғамбарисиз», дейишади. Ҳолбуки, сиз Унинг Пайғамбари эканингизни Аллоҳ албатта билади ва Аллоҳ гувоҳлик берадики, мунофиқлар албатта ёлғончидирлар.

Оят тафсирига киришишдан олдин мунофиқлирнинг кимлиги ҳақида тўхталиб ўтиш зарур. “Мунофиқ” сўзи “нифоқ”дан олинган бўлиб, луғавий маъноси «ичи бўш, кавак» деганидир. «Мунофиқ” эса «нифоқ қилувчи, иккиюзламачи» маъноларини англатади. Ис-тилоҳда эса, ташидан мусулмонлигини эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмаган кимса «мунофиқ» дейилади. Қалбида имон шартларини тасдиқ қилмай, фақат тилидагина унга иқрор бўлган, одам-лар кўзига мусулмон каби кўриниб, аслида эътиқоди бузуқ бўлган кимса мунофиқ саналади. Мунофиқ кофирдан ҳам ёмондир. Шунинг учун мунофиқ дўзахнинг қаъри (энг чуқур жойи)га ташланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мунофиқнинг уч белгиси бўлишини айтганлар. Булар: ёлғон гапириш, ваъдага вафо қилмаслик ва омо-натга хиёнат қилишлардир. Шариат ҳукмига кўра, бундай одамлар то тили билан куфрини очиқ баён этмагунича ёки хиёнат ишлари фош бўлмагунича зоҳирига қараб мусулмонлар қаторига қўшиб турилади. Чунки Исломда шубҳа билан ёки ноаниқ далилга суяниб ҳукм чиқарилмайди. Қуръони каримнинг ушбу ва бошқа кўпгина сураларида ҳам мунофиқлар қаттиқ қораланган. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини мунофиқларнинг кирдикорлари ҳақида огоҳлантириб, мунофиқлар дилларида Пайғамбар алайҳиссаломга имонлари бўлмаса ҳам, у кишини кўрганларида: «Биз сенинг Аллоҳнинг Расули эканингга иқрормиз, эътироф этамиз», дейишади. Ваҳоланки, Аллоҳ бу ҳақиқатни ҳам, мунофиқларнинг гувоҳликлари ёлғон эканини ҳам Ўзи билиб турибди. Исломнинг илк даврида Маккада мунофиқлар бўлмаган, ҳижратдан кейин мусулмонлар Мадинада алоҳида давлат қуриб бемалол яшай бошлаганларидан сўнггина бу дард пайдо бўлди. Маккада мусулмонлар оз сонли, заиф бўлиб, хоҳлаган киши уларга бемалол зулм ўтказар ва азоб берар эди. Одатда бундай пайтда фақат ҳақиқий мўминларгина сабр-чидам билан динларини маҳкам ушлайдилар. Мадинада эса мусулмонлар куч-қувватга, ўз давлатларига эга бўлдилар, улар билан ҳисоблашмасликнинг иложи қолмади. Шундай бир пайтда дилларини моғор босган, қалбларида хасталиги бор баъзи кимсалар мунофиқлик йўлига ўтдилар. Бундайлар Аллоҳдан эмас, Аллоҳнинг бандаларидан қўрқиб, Исломга юзаки кирдилар, тилларидагина имонларини изҳор қилдилар.

2. Қасамларини қалқон қилиб олиб, Аллохдинг йўлидан тўсдилар. Уларнинг қилаётган ишлари нақадар ёмондир.

Мунофиқлар устларида Аллоҳнинг Пайғамбарини “Расули барҳақ” деб гувоҳлик беришса-да, уларнинг бу иддаолари ғирт ёлғондир. Улар ичларида у зотга мухолифлик қилиб, Пайғамбарга эргашган мўминларни Аллоҳнинг динидан тўсишади. Қасамларини ўзларига қалқон қилиб олиб, қасам билан ўзларини мусулмон қилиб кўрсатишса-да, аслида бошқаларни Исломдан қайтаришади. Ўша пайтда мунофиқлар одамларни ишонтириш учун «Биз мусулмонмиз» деб қасам ичишарди. Мусулмонлар уларнинг қасамларига ишониб, уларга тегишмас эди. Шундай қилиб, қасам уларга қалқон бўлиб хизмат қиларди. Уларнинг зоҳирда мусулмон бўлиб кўриниб, дилларида кофирликни исташлари Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига улкан хиёнатдир. Шунинг учун динимизда мунофиқнинг гуноҳи ҳатто кофирникидан ҳам оғир саналади, чунки кофир кимса куфрини очиқ-ойдин изҳор қилса, мунофиқ буни яшириб, мусулмонларни алдашга уринади.

3. Бунга сабаб, уларнинг имон келтириб, сўнгра кофир бўлганларидир. Шунда диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар англай олишмайди.

Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласига икки хил маъно бериш мумкин: 1) мунофиқлар олдин имон ҳақиқатини англаб етишган бўлса-да, кейинчалик куфрни ихтиёр қилишган; 2) улар мўминлар ҳузурига келганда тилёғламалик билан юзаки имон келтиришса, қавмларининг олдига борганда уларга ёқиш учун дарров имондан юз ўгиришади. Аллоҳ таоло мунофиқларнинг ана шундай хиёнаткорона қилмишлари касофатидан уларнинг дилларини муҳрлаб, унга имон ва ҳидоят нурлари кириб бормайдиган қилиб қўйган. Шунинг учун уларда имон ва ҳақ учун, ҳидоят ва соф эъти-қод учун жой қолмаган.

4. Қачон уларни кўрсангиз, қиёфалари сизни ажаблантиради ва агар гапиришса, сўзларига қулоқ соласиз. Улар худди суяб қўйилган ходаларга ўхшашади. Улар ҳар бир қичқириқни ўз зиддиларига деб билишади. Улар душмандирлар, улардан эҳтиёт бўлинг! Аллоҳ уларни ҳалок қилсин! Қаёққа ўгирилиб кетишяпти?!

Ушбу ояти карима орқали Аллоҳ таоло мунофиқларнинг баъзи хислатлари ва қиёфаларини баён этиб, мўминларни уларнинг бу сифатларига алданиб қолмасликка чақирмоқда. Мунофиқлар бошқаларни ҳамиша ўзларининг ростгўйликлари, холисликларига ишонтиришга мажбурдирлар. Мадинадаги мунофиқлар шундай йўл тутишган. Уларнинг ташқи қиёфалари ҳақиқатан мақтагудай эди: улар келишган, салобатли, гўзал юзли бўлишган, яхши кийинишда ҳам намуна бўлишган. Уларнинг бундай қиёфалари бошқаларни алдаб қўяр, улар бу билан бошқаларнинғ ишончини қозона олар, одамлар шундай баобрў кишидан мунофиқлик содир бўлмаслигига ишониб қолишарди. Бир қарашда улар ўз сухандонликлари, фасоҳатли сўзлашлари билан атрофдагиларни ром қилиб қўяр, аммо ана шулар воситасида улар тинимсиз ёлғон гапирар, иккиюзламачилик қилар, тилёғламаликка борар эдилар. Масалан, мунофиқларнинг ўша пайтдаги сардори Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул қомати келишган, чиройли ва сўзамол одам эди. Бошқа мунофиқлардан ҳам унга ўхшашлари бор эди. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг мажлисларига келиб, деворга суяниб ўтиришар эди. Саҳобалар уларнинг юриш-туришларига ҳавас билан боқишар, гапларини эътибор билан тинглашарди. Лекин барибир қалблари имондан, яхшиликдан холи бўлгани учун ояти каримада улар деворга суяб қўйилган ичи пўк ходага ўхшатилмоқда. Бунинг чуқур рамзий маъноси бор: деворга суяб қўйилган ходани кўрган одам уй қуришда ёки бошқа бирор мақсадда фойдаси тегади, деб ўйлайдию, аммо унинг ичи пуч, бўш эканини кўриб ҳафсаласи пир бўлади. Мунофиқлар ҳам ўз номларига мувофиқ ичлари бўш, кавак одамлар бўлгани учун, имонсизликлари сабабли одамларнинг назарига кирмайдиган пуч кимсалардир. Уларнинг фожиаси шундаки, доимо қўрқувда бўлишади, ҳар қандай баланд овозни ўзларига қарши балога йўйишади. Икки киши орасида кечаётган ҳар қандай суҳбатдан ҳам ҳадиксирайверишади. Мазкур хусусиятларга эга бўлган кишилар аниқ душман саналади. Демак, уларнинг ташқи кўринишига ишониб-алданиб қолмаслик керак. «Аллоҳ уларни ҳалок қилсин» деб таржима қилинган арабча «қоталаҳумуллоҳ» жумласини муфассирлар «Аллоҳ уларни лаънатласин, Ўз раҳматидан узоқ қилсин, ҳалок қилсин» деб тафсир қилишган.

5. Қачон уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг Расули сизлар учун мағфират сўрайди», дейилса, улар бошларини буриб кетишади ва уларнинг кибрланган ҳолларида юз ўгираётганларини кўрасиз.

Мунофиқлар шунчалар кибрга кетганки, уларга “Келинглар, Аллоҳнинг Пайғамбари сизлар учун истиғфор айтиб, Аллоҳдан гуноҳларингиз мағфиратини сўрайди” дейишса, индамай юз ўгириб кетишади ва кибрлари зўрлигидан Аллоҳнинг мағфирати ва ҳидоятидан юз ўгиришади. Муфассирлар ва сийрат аҳллари айтишади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Мустаълиққа ғазот қилганларида унинг Марисиъ деган қудуғи ёнига тушдилар. Одамлар қудуқдан сув ола бошлашди. Умар ибн Хаттоб билан бирга Жаҳжаҳ ибн Саид исмли Бани ғифорлик бир хизматкор бор эди. У Умарнинг отини етаклаб борарди. Жаҳжаҳ хазражлик Бани Авф уруғининг иттифоқдоши Саннон Жуҳаний билан сув устида жанжаллашиб кетишди. Шунда Жуҳаний: “Эй ансорлар жамоаси!” деб жар солди. Ғифорий эса: “Эй муҳожирлар жамоаси!” деб бақирди. Икки қавм тўпланиб турганида Абдуллоҳ ибн Убай келди ва: “Итингни семиртирсанг, ўзингни қопади. Буларга ёрдам қилиб жой бергандик, энди бу ишларини қаранглар. Агар Мадинага борсак, кучли-азиз кучсиз-хорни ҳайдаб чиқаради”, дейди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етди. Пайғамбар алайҳиссалом Абдуллоҳнинг ўғлини чақириб: “Отанг шундай, шундай дебди”, дейдилар. У: “Отам тўғри айтибди, сиз азизсиз, отам хордир”, деди ва Мадина дарвозасига бориб пойлаб туради. Абдуллоҳ ибн Убай келганида ўғли: “Орқангга қайт!” деди. Ўғли мусулмон эди. Абдуллоҳ: “Ҳолингга вой бўлсин, сенга нима бўлди?” деди. У: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, Мадинага ҳеч қачон кирмайсан, фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн берсаларгина кирасан, бугун ким кучлию, ким кучсиз эканлигини билиб оласан”, деди. Абдуллоҳ ўғли қилган ишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга одам юбориб, шаҳарга киришга изн бердилар. Шунда ўғли: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари келгани учунгина майли, кир”, деди. У кирди. Ушбу сура нозил бўлиб, Абдуллоҳнинг ёлғончилиги ошкор бўлгач, унга одамлар: “Эй Абу Ҳаббоб, сен ҳақингда жуда қаттиқ оятлар нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, кечирим сўра!” дейишди. У эса бошини бурди. Ушбу: “Қачон уларга: Келинглар Аллоҳнинг Расули сизлар учун мағфират сўрайди”, дейилса, улар бошларини буриб кетишади” сўзи шу ҳақдадир”.

6. (Эй Муҳаммад), улар учун мағфират сўрайсизми ёки мағфират сўрамайсизми - уларга барибирдир. Аллоҳ уларни асло мағфират қилмайди. Албатта, Аллоҳ фосиқ қавмларни ҳидоятга йўлламайди.

Банда гуноҳ ёки бир хато иш қилсаю, истиғфор айтса, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ азза ва жалла унинг гуноҳларини албатта кечиради. Истиғфор айтилса, яхшиликдан умид қилинади. Аммо банда кибр ё ғурурга бориб, истиғфор айтишни канда қилса, ўзига зулм қилган, ўз зарарига ишлаган бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳунинг мушкулини ечади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради», деганлар (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва Абу Довуд ривояти). Аллоҳ таоло айтяптики, эй Пайғамбарим, тилида мусулмонликни даъво қилса-да, дилида мусулмонларга хиёнат қилган мунофиқлар учун мағфират-кечирим сўранг ёки сўраманг, уларга бунинг фарқи йўқ, барибир имонга келишмайди. Аллоҳ уларнинг бу қилмишларини асло кечирмайди. Чунки уларнинг гуноҳи Алйоҳ наздида ниҳоятда улкандир, улар ўзларининг нифоқлари билан мағфират эшикларини тақатақ ёпиб қўйишган. Мунофиқлик Парвардигорингиз наздида шунчалар улкан гуноҳ саналадики, У бандаларининг куфр, ширк, мунофиқликдан бошқа барча гуноҳларини кечиради, нифоқни эса асло кечирмайди. Яъни, сиз мунофиқларни кечиришни сўраб қанчалар дуо қилманг, кофирликлари учун Аллоҳ таоло уларни асло кечирмайди, тўғри йўлга бошламайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним измида бўлган Зотга қасамки, агар сизлардан гуноҳ содир бўлмаса, Аллоҳ таоло сизларни кетказиб, ўрниларингизга гуноҳ қилгач бунга истиғфор айтувчи ва Ўзи уларнинг гуноҳларини мағфират қилувчи бошқа бир қавмни яратади», деганлар” (Муслим ривояти).

Мунофиқлар ташқаридан мусулмонлик даъвосини қилиб юрганлари учун баъзи гуноҳларни содир этишганда мусулмонлар уларни ҳам Аллоҳдан гуноҳларини мағфират қилишини сўрашга, истиғфор айтишга чорлашган. Аммо уларнинг ичида нифоқ бўлгани учун икки дунё саодатига сабаб бўлувчи бу таклифни рад этиб, ҳидоятдан юз ўгиришган. Шу билан улар ўзларининг мунофиқликларини ўзлари фош этиб қўйишган. Айниқса, уларга «Келинглар, Аллоҳнинг Пайғамбари сизлар учун истиғфор айтади» дейилганда, бош чайқашлари уларнинг мунофиқликларини очиқ-ойдин фош этади. Чунки қалбида заррача имони бор шахс Аллоҳга истиғфор айтишдан зинҳор бош тортмайди. Хусусан, «Аллоҳнинг Расули сизларга истиғфор айтади» дейилганда, уларнинг рад маъносида бош чайқашлари мўминга хос сифат эмас.

7. Улар «Аллоҳнинг Расули ҳузуридагиларга эҳсон қилманглар, токи тарқаб кетишсин» дейдиганлардир. Ҳолбуки, осмонлару Ернинг хазиналари фақат Аллоҳникидир, лекин мунофиқлар билишмайди.

Яъни, мунофиқлар орасидаги айрим нокаслари «Аллоҳнинг Расулига ва у киши билан бирга бўлганларга инфоқ-эҳсон қилманглар, моддий ёрдам кўрсатманглар, шунда улар очлик ва муҳтожликда қолиб, Пайғамбар атрофидан тарқалиб кетишади, Пайғамбарга ҳам ёрдам бера олишмайди», деб тушунтирадилар. Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазот қилдик. Биз билан бирга аъробийлар ҳам бор эди. Тўсатдан сув устидан чиқиб қолдик. Аъробийлар олдинда боришарди. Бир аъробий ҳамроҳларидан олдин келди-да, идишни тўлдириб, ҳамроҳлари келгунича ҳеч кимни қўймай қўполлик қила бошлади. Шунда ансорлардан бир киши келиб, туясининг сув ичиши учун тизгинини бўшатди. Аъробий уни қўймади ва хода олиб, у билан ансорийнинг бошига уриб жароҳатлади. Ансорий мунофиқларнинг каттаси Абдуллоҳ ибн Убайнинг олдига борди ва воқеани айтиб берди.

У одам ҳам унинг ҳамроҳларидан эди. Бундан Абдуллоҳ ибн Убай ғазабланиб: “Расулуллоҳнинг ҳузуридаги кишиларга эҳсон қилманглар, шунда улар унинг атрофидан тарқалиб кетишади”, деди ва бу гапи билан аъробийларни назарда тутди. Кейин яна ҳамроҳларига: “Агар Мадинага қайтсангиз, Азиз ундан Хорни ҳайдаб чиқаради”, деди. Мен уловда амакимнинг орқасида мингашиб олгандим. Абдуллоҳнинг гапини эшитиб қолдим-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бердим. Абдуллоҳ келиб, мени ёлғончига чиқарди. Шунда амаким келиб: “Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон кўриб қолишларини ва мусулмонлар ёлғончига чиқаришларини хоҳламасдим”, деди. Шунда мени шундай ғам қопладики, ҳеч ким бундай ғам чекмаганди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан эргашдим. Бирдан у киши олдимга келиб қулоғимни чўзиб уқалаб қўйдилар ва юзимга қараб кулдилар. Шу пайтда бутун дунёни тортиқ қилишса ҳам мени шу табассумчалик хурсанд қилмаган бўларди. Эртасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мунофиқун сурасини “Кучлилар куч-сизларни ундан ҳайдаб чиқаради” сўзигача ўқидилар”.

8. Улар: «Агар Мадинага қайтсак, албатта кучлилар кучсизларни ундан чиқариб юборади», дейишди. Ҳолбуки, куч-қудрат Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва мўминларга хосдир, лекин мунофиқлар билишмайди.

Мунофиқлар Бани Мусталиқ жангидан кейин Мадинага қайтиб боришганида ўзлари каби кучлилар томонидан Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ мўминларни кучсиз санаб, шаҳардан ҳайдаб чиқаришга қарор қилишади. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул «кучли» деганда ўзи каби мунофиқларни, «кучсиз» деганда Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом бошлиқ маккалик муҳожирларни назарда тутган эди. Бундан аён бўладики, мунофиқлар мусулмонларга қарши ҳамма усул ва тадбирларни ишга солиб, уларни камситишга уринишади. Улар бунда маҳаллийчилик қилиб, Мадина аҳлини имонларини сақлаб қолиш учун Маккадан кўчиб келган муҳожирларга қарши қўйишга ҳам ҳаракат қилишади. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, у кишига эргашиб келган муҳожирлар ҳам мадиналик эмас эдилар, балки дин учун Маккадан ҳижрат қилиб келишганди. Мунофиқлар Мадинанинг туб аҳолиси бўлмиш ансорийларда турли йўл билан маҳаллийчилик руҳини (қўзғаб, уларни ўз дин қардошларига қарши отлантиришга ҳам уринишган. Мунофиқлар шундай йўллар билан мўминларни хорламоқчи бўлишганди, аммо Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини хор-зор қилиб қўйди. Улар ўйламаган тарафдан бошларига турли балоларни олиб келди. Мазкур ҳодисада Абдуллоҳ ибн Убай ва ҳамтовоқларининг мусулмонларга хусумати ва фитнаси фош бўлганидан сўнг одамлар орасида «Расулуллоҳ Абдуллоҳ ибн Убайни қатл этишга фармон берганмишлар» деган гаплар тарқалади. Баъзи шижоатли мусулмонлар у зотдан бу ишни амалга оширишга рухсат ҳам сўрашади. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом бунга кўнмайдилар. Мунофиқлар ўзларини азиз, кучли билиб, мўминларни хор, залил қилишга уринишса ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини икки дунёда расво ва хор қилиб қўйди. Бунга Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг бошига тушган кўргиликлар яққол мисол бўлади.

Имом Абу Довуднинг ривоят қилишларича, «Одамлар (ўша ғазотдан сўнг) қайтиб, Мадинага яқинлашиб келганларида Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғли шаҳарга кираверишда қиличини яланғочлаб турди. Одамлар бир-бир унинг олдидан ўтиб кетавердилар. Қаршисига отаси Абдуллоҳ ибн Убай келганда: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ изн бермагунларича бу ердан ўтмайсан, албатта у зот азиз, сен бўлсанг хорсан», деди. Абдуллоҳ ибн Убай Расулуллоҳ алайҳиссаломга ўғлидан шикоят қилди. Ўғил эса: «Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, сиз изн бермагунингизча отам шаҳарга кирмайди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бердилар. Шундан кейингина ўғил отасига: «Расулуллоҳ изн берган бўлсалар, ўтавер», деди.

Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлганидан кейин Зайд ибн Арқамни чақирдилар ва оятни ўқиб бердилар. Сўнгра шундай дедилар: “Бу Аллоҳ Ўз изни билан амалга оширадиган нарсадир”. Яна бир ривоятга кўра эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Арқамга “Аллоҳ сени ростгўй деб ҳисоблайди”, деганлар.

9. Эй имон келтирганлар! Молларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам сизни Аллоҳнинг зикридан чалғитмасин. Ким шундай қилса, ана ўшалар албатта зиён кўрувчилардир.

Аллоҳ таоло мунофиқларнинг дунё ва охиратдаги шармандалик-ларини баён қилганидан сўнг мўмин-мусулмонларга хитоб қилиб, мунофиқларнинг ҳолига тушиб қолмасликлари учун уларни шун-дай огоҳлантирмоқда: “Сизлар ҳам мунофиқлар каби дунё зийнатларига берилиб кетманглар! Мол-дунёингизнинг кўплиги, фарзандларингизнинг зиёдалиги ва камоли сизларни ҳам Аллоҳнинг зикри ва тоатидан ғафлатда қолдирмасин! Инсон учун энг катта мусибат шуки, у боқий нарсани унутиб, фоний нарсага кўнгил қўяди. Аъло нарсани ташлаб, паст нарсани қўлга киритишни истайди. Агар фарзандлар Аллоҳнинг зикридан тўсмаса, яхшидир, агар инсон фарзандларига маҳлиё бўлиб, Парвардигорини эсдан чиқарса, охиратини бой берган бўлади. Боз устига дунё ҳам бундай кимсаларга роҳат-фароғат бера олмайди. Шунинг учун ҳам Қуръони карим мусулмонларни Аллоҳнинг зикрини унутмасликка такрор-такрор даъват этади.

10. Бирортангизга ўлим келиб: «Парвардигорим, мени озгина муддатга қолдирсанг-у, садақа қилсам ва солиҳлардан бўлсам» демасидан олдин Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилинглар.

Инсон зотининг табиати қизиқ: дунё ҳаётидаги тансиқ умрини мол-давлат топишга, ўйин-кулги, ҳаёт лаззатларидан тўла фойдаланиб қолишга сарфлайверадию, аммо охират ҳақида ўйлашга вақт тополмай қолади. Аллоҳ таолонинг унга ризқ қилиб берган нарсаларида бошқаларнинг ҳам - аҳли аёлининг, қавм-қариндошларининг, муҳтож ва ночор диндошларининг ҳам ҳаққи борлигини “унутиб”, уларни тўплашга, бойигандан бойишга ҳаракат қилаверади. Инфоқ-эҳсон қилиш, Аллоҳнинг ҳақларини адо этиш, муҳтожларга садақа қилиш ҳақида мутлақо ўйламайди. Ваҳоланки, ризқ берувчи Аллоҳ хоҳлаган бандасига беҳисоб ризқни бериш баробарида бундан нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга ҳам буюрган. Бу нарсани албатта ўлим келишидан аввал, соғ-саломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтида қилинса, ўрнига тушади. Ажал эшик қоқиб келганида ўша банданинг бирдан кўзи очилади, Аллоҳга ёлвориб, озгина муҳлат беришни, бу пайт ичида эҳсон қилиб, савобларини кўпайтиришни истаб қолади. Лекин унда кеч бўлади. Имом Ғаззолийнинг таъбири билан айтганда, “Одамлар дунёда уйқудадирлар, ўлгач уйғонадилар. Ана шунда ҳар бир муфлиснинг (синган киши) ночорлиги, ҳар бир мусибат эгасининг ҳалокати очилиб қолади. Хатоларни тузатиш учун берилган имкон тугайди”. Орифлардан бири шундай деган: “Ўлим фариштаси бандага кўриниб: “Бир соатлик умринг қолди, уни бир дақиқага ҳам узайтира олмайсан” деса, банда афсус-надомат билан шундай ҳасрат чекадики, ўша қолган бир соатини тавбаларга тўла, хатолари ўнгланган бошқа бир соатга алмаштириш учун бор-будини, агар бутун дунё уники бўлганида ҳам ҳаммасини сарфлаган бўларди. Лекин қани эди бунга йўл топа олса!”.

11.Аллоҳ бирор жонни ажали келганида кечиктирмайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.

Ақлли, фаросатли, фикрли инсон ажал келмай туриб охирати учун тайёргарлик кўради, солиҳ амалларни, эзгу ишларни кўпроқ қилишга интилади. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир қилмишидан яхши хабардор бўлгани учун уларни ажаллари келмай туриб тавбага шошилишга, дунё ҳаётидаги тансиқ йилларни Ўзига бандалик қилишга буюрган. Ажалини бирор сонияга ортга суриш қўлидан келмаган инсон имкон ва вақт борида Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришга, Унга тоат-ибодатни кўпайтиришга шошилсин. Тафсирларда келтирилишича, “Парда кўтарилар экан, банда ўлим фариштасига “Эй Малакул-мавт, бир кунгина муҳлат бер, Парвардигоримга юзланиб кечирим сўрай, гуноҳларимга тавба қилиб олай, нафсим учун бир солиҳ амал қилай”, дейди. Шунда ўлим фариштаси айтади: “Кунларни тугатдинг, кун қолмади”. “Лоақал бир соатгина муҳлат бер”, дейди банда. “Соатлар битди, энди соат йўқ”, дейди Малакул-мавт. Шунда тавба эшиги ёпилади. Жон ғарғарага келиб, охирги нафас бўғизда титрайди. Ғуссага тўлган ноумид кўзлар умрнинг зоеъ кетганидан аччиқ надомат ва сўнгсиз ҳасрат билан жавдирайди. Бу ҳолатлар зарбидан имон изтироб чекади”. Сўнгги нафасларда Аллоҳдан раҳмат етиб, жон тавҳид билан чиқса, жуда гўзал хотима бўлади. Тақдирда бадбахтлик битилган бўл-са (Аллоҳ асрасин), жон шак-шубҳа ва изтироб билан чиқса, жуда ёмон хотима бўлади. Аллоҳ азза ва жалла барчаларимизнинг хотимамизни гўзал қилсин, омин!