loader
Foto

Покистон суди Имрон Хонни ҳибсга олиш учун ордер берди

Сешанба куни Покистон суди собиқ бош вазир Имрон Хонни ҳибсга олишга ордер берди. Хоннинг ўзи тарафдорларини шиддатли сиёсий инқироз фонида намойишни давом эттиришга чақирди.

Собиқ бош вазирни ҳибсга олишга қарор қилган пойтахт Исломобод суди Хон ҳукумат совғаларини сотиш ва мулкини яширишда айбланган суд мажлисини ўтказиб юборганини айтди.

Судья Зафар Иқболнинг буйруғи Покистондаги сиёсий драма кунида чиқди, чунки сешанба куни яна учта суд Хонни терроризм, рақиб сиёсатчини ўлдиришга уриниш ва порахўрлик айбловлари билан боғлиқ алоҳида айбловлар бўйича ҳибсга олинмаслиги лозимлиги ҳақида қарор чиқарди.

70 ёшли Имрон Хон ноябр ойида норозилик намойиши чоғида оёғига ўқ узилганидан сўнг Исломободда илк бор пайдо бўлганида, қўриқчилар ва минглаб тарафдорлар томонидан кутиб олинди. Ўша пайтдаги ҳужумда Хоннинг тарафдорларидан бири ҳалок бўлган ва яна ўнлаб киши яраланган ва бу миллий қоралашга сабаб бўлган.

Хон бир неча ойдирки норозилик намойишларига бошчилик қилиб, амалдаги Бош вазир Шаҳбоз Шариф ҳукуматини ағдариш учун муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда, унинг айтишича, парламент беш йиллик ваколатларини якунлагач, сайловлар шу йил охирида ўтказилади.

Покистондаги Теҳрик-е-Инсаф партиясининг юқори мартабали раҳбари Фавад Чаудрининг айтишича, у пойтахт атрофида ҳаракатланар экан, "Имрон Хон ва минглаб одамлар хавфсизлигига жиддий таҳдид" бор. Унинг айтишича, Хон "сохта ишлар" бўйича бир суддан иккинчи судга ўтказилган.

Хон апрел ойида қонунчиларга ишончсизлик вотуми натижасида Бош вазир лавозимидан четлатилган эди. У Шарифни ўзини ҳокимиятдан четлатиш учун АҚШ билан тил бириктирганликда айблади, бироқ далил келтирмади.

Хон учун ҳуқуқий муаммолар кучайишда давом этмоқда. Октябр ойида сайлов трибунали Хонни ҳукумат совғаларини сотиш ва Бош вазир сифатида мол-мулкни яширишда айблаб, давлат лавозимини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. У Покистон парламентининг қуйи палатаси - Миллий ассамблеядаги мандатидан маҳрум қилинди.

Хон унинг дисквалификациясига қарши чиқди ва қонунбузарликни рад этди.

Охирги воқеалар Исломобод полицияси истеъфодаги армия генерали ва Хон иттифоқчиси Амжад Шоаибнинг жамоатчилик ва ҳукумат амалдорларини миллий институтларга қарши қўзғатганликда айбланиб ҳибсга олинганини эълон қилганидан бир кун ўтиб кузатилди.

Шоаиб шанба куни Покистон янгиликлар каналида Хон тарафдорларини қамоқхоналарда, хусусан, мамлакатнинг чекка ҳудудларида сақлаётгани учун расмийларни танқид қилиш учун гапирганидан кейин ҳибсга олинган.

Хон ва Шариф ҳукумати ўртасидаги қарама-қаршилик мамлакатни ларзага келтирди, чунки унинг иқтисодиёти оғир муаммоларга ва кучайиб бораётган валюта инқирозига дуч келди.

Покистон Халқаро Валюта Жамғармаси билан 2019 йилда Хон ҳокимиятда бўлганида имзоланган молиявий ёрдам дастурини янгилаш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Moody's Investors Service сешанба куни Покистон рейтингини пасайтирди. Бу ҳаракат Покистоннинг ташқи қарзларини тўламай қолиши эҳтимолидан огоҳлантириш сифатида кўрилмоқда.

Moody's баҳолашига Покистоннинг тобора заифлашиб бораётган ликвидлиги ва ташқи мавқеи сабаб бўлди, бу эса дефолт хавфини Cаа3 даражасига оширади.