Хитойнинг Geo-Jade Petroleum компанияси Афғонистонда углеводородлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишга сармоя киритмоқчи.
Компания вакили ва Афғонистон «Толибон» ҳукуматининг кон ва нефть вазири в.б. Шаҳобиддин Делавер билан учрашувда нефт ва газ қазиб олиш лойиҳаларига сармоя киритиш мавзуси муҳокама қилинди, дея вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Хитой томони конларга сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилган меҳмонни тинглаб, афғон расмийси "Geo-Jade Petroleum" конларга қизиқиш билдирган ягона хорижий компания эмаслигини таъкидлади – унинг рақобатчилари кўп.
«Толибон» вакили барча сармоявий битимлар амалдаги халқаро стандартларга мос келиши кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, хом ашё қазиб олинадиган мамлакат ҳудудида қайта ишланиши керак. Хитой томонига тоғ-кон саноати соҳасида аниқ сармоявий таклифлар тайёрлаш сўралган.
Январь ойи бошида Афғонистон Хитойнинг CAPEIC нефт-газ компанияси билан мамлакат шимолидаги (Сирпул, Жузжон ва Фарёб вилоятларидаги) нефть конларини эксплуатация қилиш бўйича шартнома имзолади.