Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги маданият марказида журналистлар учун ташкиллаштирилган тадбирда худкуш террорчи ўзини портлатди. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.
“Мозори Шарифдаги Эроннинг Табян маданият марказида портлаш юз берди. Афсуски, беш журналист ва уч бола жароҳат олди. Ярадорларнинг аҳволи қониқарли”, — деган Балх хавфсизлик хизмати вакили Муҳаммад Осиф Вазирий.
Кейинчалик Афғонистон Журналистлар маркази (АФЖC) 30 га яқин киши жароҳатлангани, 3 киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Журналистларга бағишланган тадбирда маҳаллий амалдорлар ва журналистлар йиғилган. Портлаш учун жавобгарликни ҳеч қайси ташкилот ўз зиммасига олмаган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Афғонистон бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннет ҳодиса сабабли журналистларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақирган.