loader
Foto

Раҳмат, мағфират… ва нур ойи

Эзгу ва хайрли амалларга интилиш – инсон фитратида азалдан бор бўлган ҳолат. Шу боис бўлса керак бирор савобли ишни қилсак, кўнглимиз ҳузур топади, хотиржам бўламиз. Бирор ёмонликни қилиб қўйсак, кўнглимиз хижил бўлади, сиртимизга чиқармасак-да, ичимизда пушаймон бўламиз, ўзимизни койиймиз. Бу бежиз эмас, албатта. Бу имоннинг аломати, виждонимиз поклигидан дарак.

Башариятга хос бўлган бу одат, яъни савоб амалларни кўп қилиш, ҳеч бўлмаса, ёмонликлардан тийилиш Рамазон ойида яққол намоён бўлади. Чунки бу шундай ойки, унда жаннат эшиклари очилиши, дўзах эшиклари ёпилиб, шайтонлар занжирбанд қилинишига доир ҳадислар бор.

Рўза ибодати ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон ойида қуйидаги оят билан фарз қилинди: «Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда…» (Бақара сураси, 183–184-оятлар).

Ояти каримада: “Саноқли кунларда”, деб марҳамат қилинди. Демак, Рамазон ойи ҳижрий-қамарий ҳисобда баъзан йигирма тўққиз, баъзан ўттиз кун бўлиши мумкин. Бир йилда уч юз эллик тўрт кун ичида фақат йигирма тўққиз ёки ўттиз кунгина рўзани адо этиш Аллоҳнинг бизларга бўлган марҳаматидир.

Аллоҳ бизга хоҳлаган нарсаларнинг бари осондир. Агар бир ой эмас икки ой, уч ой, ҳатто олти ой рўза тутишни фарз қилганда эди, албатта, биз мўминлар уни сўзсиз адо этган бўлар, лекин машаққатга қолган бўлар эдик.

Имом домлаларнинг бот-бот такрорлайвериши туфайли бугун Рамазон сўзига қўшиб “ойлар султони”, деган ибора ҳам ишлатиладиган бўлди. Хўш, нима учун бошқа ойларга эмас, айнан Рамазонга ойлар султони дейилади?

Аввало, Қуръони каримда номи очиқ зикр этилган ой фақат Рамазон ойидир: «Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир» (Бақара сураси, 185-оят).

Қуръони карим шу ойда нозил қилинган, минг ойдан хайрли кеча ҳам айнан шу ойдадир: «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр сураси, 3-оят).

Бу ойда инсонларга рўза тутиш фарз қилинган: «Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабаб) тақволи бўлсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Илоҳий китобларнинг барчаси Рамазон ойида туширилгани бу ойнинг фазли буюклигига далилдир.

Восила ибн Асқа розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Иброҳим алайҳиссаломга саҳифалар Рамазоннинг биринчи кечасида нозил қилинди, Таврот Рамазоннинг олтинчи кечасида, Инжил Рамазоннинг ўн учинчи кечасида, Фурқон (Қуръони карим) эса Рамазоннинг йигирма тўртинчи кечасида нозил қилинди”, дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадисларда ҳам рўзага тарғиб қилинган: “Ким Рамазон ойи рўзасини савобига ишонган ҳолда, ихлос билан тутса, ўтган барча гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти); “Агар умматим Рамазон фазилати ва ундаги мукофотлар кўплигини билганларида эди, йил бўйи Рамазон бўлишини орзу қилар эди”.

Рўза Одам алайҳиссалом давридан бери тутилади. Аввалги умматлар ҳам рўза тутган. Масалан, Довуд алайҳиссалом бир кун рўза тутар, бир кун тутмас эди. Бунинг энг фазилатли рўза эканини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуд алайҳиссалом рўзасидир. У бир кун рўза тутиб, бир кун тутмас эди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Рўза – тенги йўқ ибодат. Бу ойнинг маънавий фойдаларини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу билан бирга, бу ой соғлиқ жиҳатидан ҳам жуда фойдали эканини замонамий тиббиёт исботлади.

Рўза иммун тизимини мустаҳкамлаб, тугунлар фаолиятини яхшилайди. Иммун тизимини ҳимоялашда иштирок этувчи ҳужайралар сони кўпаяр экан. Рўза ортиқча вазн ва унинг асоратлари олдини олади.

Шунингдек, рўза туфайли тўқималар ва ҳужайраларда заҳарли моддалар тўпланишининг олдини олар экан. Рўза сабабли ошқозон-ичак касалликлари бартараф этилар, ҳазм фаолияти яхшиланар экан. Буларнинг барчаси анча йиллар аввал башорат қилинган “XXI асрда дунёнинг энг кучли табиблари рўйхатидан мусулмонларнинг рўзаси жой олади”, деган сўзнинг амалдаги инъикосидир.

Хуллас, уламоларимиз арабча бўлган “рамазон” сўзидаги ҳарфларни шарҳлай туриб: “р” ҳарфи раҳмат; “м” ҳарфи мағфират; “з” ҳарфи (замон) жаннат кафолати; “о” ҳарфи дўзахдан омонда бўлиш; “н” ҳарфи мағфиратли ва ҳалим Зот бўлган Аллоҳ таоло томонидан бўладиган нур, деганлар. Дарҳақиқат, шундай.

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби