loader
Foto

1 апрелда ёлғонга рухсатми?

Абдуллоҳнинг телефони жиринглади. Дўстларидан бири ташвишга туширадиган, қалбнинг тинчини бузадиган машъум нарсадан хабар берди. Телефонда гаплашаётиб кайфияти бузилган Абдуллоҳдан оила аъзолари ташвиш сабаби ҳақида сўрашди. Абдуллоҳ рўй берган воқеани айтиб берганди, улар ҳам Абдуллоҳнинг ташвишига шерик бўлиб, бутун оила ғамга ботди. Ҳеч қанча вақт ўтмай ҳалиги дўсти яна телефон қилди ва мазкур айтган ташвишли хабари ҳазил экани, бундан баъзиларнинг одатига кўра 1 апрел муносабати билан айтилган ёлғонни ва ҳазил-мутойибани ирода қилганини айтди.

Шариатимиз бундай хунук ҳазилга нима дейди?

 Ёлғончилик хулқларнинг ёмони ва ўта пасткашлик бўлиб, Ислом шариати уни иймонни қотирадиган, иймондан узоқлаштирадиган ва мунофиқликнинг  белгиларидан бўлган хулқ деб эътибор қилади.

Шариатимиз муайян, истисноли ўринлардан бошқа ўринда ёлғон гапиришга рухсат бермайди. Бу истисноли ўринлар ичида ҳазиллашиб ёлғон гапиришга ўрин йўқ.

Ҳатто Пайғамбар с.а.в. одамларни кулдириш мақсадида гапириладиган ёлғондан ҳам қайтарганлар. Айтганларки:

“Гапириб қавмни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин,...” Имом Абу Довуд, Термизий ва Насоий р.а.лар ривояти.

Ёлғоннинг зарари катта ва барча разолатларга пойдевор бўлгани учун Расулуллоҳ с.а.в. вайлни такрор-такрор айтдилар.

Бошқа ҳадисда эса шундай деганлар:

“Банда ёлғонни ҳатто мазаҳ ва жанжал ўрнида ҳам тарк қилмагунича тўлиқ иймон келтирган бўлмайди, агарчи ўзи ростгўй бўлса ҳам” Имом Аҳмад ва Тобароний р.а.лар  ривояти.

Демак, мазаҳ ва жанжал ўринларида ҳам ёлғон гапириш мумкин эмас экан.

Шунингдек Пайғамбар с.а.в. ўзларининг кўп ҳадисларида мусулмон кишини хоҳ ҳазил бўлсин, хоҳ жиддий бўлсин ўз биродарини қўрқитишдан қайтарган.

Имом Абу Довуд р.а. Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилади. У киши дедилар: Муҳаммад с.а.в.нинг саҳобалари бизга гапириб беришди. Улар Набий с.а.в. билан бирга йўлга чиққандилар. Улардан бир киши ухлаб қолди. Уларнинг баъзиси бориб унинг арқонини олиб қўйганди, у қўрқиб кетди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Мусулмон  учун мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дедилар.

Нуъмон ибн Башир р.а.дан ривоят қилинади, у киши айтдилар: Расулуллоҳ с.а.в. билан йўлда кетаётган эдик. Бир киши уловининг устида мудраб қолди. Шунда бир киши унинг ўқдонидан ўқни олиб қўйди. У киши уйғонди ва қўрқиб кетди. Набий с.а.в.: “Ҳеч бир киши учун мусулмон кишини қўрқитиш ҳалол эмас”, дедилар. Имом Тобароний р.а. ривояти.

Абдуллоҳ ибн Соиб ибн Язиддан ривоят қилинади. У киши отасидан, у киши эса бобоси розияллоҳу анҳудан. У киши Расулуллоҳ с.а.в.нинг: “Ҳеч бирингиз биродарингизнинг буюмини ҳазиллашиб ҳам, чиндан ҳам олиб қўймасин.” Имом Термизий р.а. ривояти.

Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бировнинг буюмини ҳазиллашиб ҳам олиб қўйиш жоиз эмас экан.

Сизни қалби-ю икки қулоғи билан тинглаб турган, сизга ишонч билдирган кишини алдашингизни Пайғамбар с.а.в. катта хиёнат санаб шундай деганлар: “Биродарингизга бир гапни айтишингиз ва у уни тасдиқ қилиб туриши, сиз эса уни бу гапингиз билан алдашингиз қандаям катта хиёнатдир.” Имом Аҳмад ва Тобароний р.а.лар ривоят қилишган.

Бундай ёлғонлар, хусусан 1 апрел муносабати билан гапирилган ёлғонларнинг тўрт жиҳатдан ҳаром эканлиги маълум бўлади.

1. Ёлғон гапиришнинг ўзи ҳаром. Чунки Қуръони карим ва суннат бундан қайтарган.

2. Бундай ёлғон ҳазил бўлса-да, унинг ортида бир лаҳза бўлса ҳам асоссиз, ҳожатсиз бир инсонни қўрқитиш, ваҳимага солиш, қалбини сиқиш вужудга келади. Рости айтилгунга қадар бу ёлғонни ким эшитса ташвишга тушиши, хусусан оила аъзоларининг ғамга ботиши рўй беради.

3. Бу ёлғонда хиёнат бор. Чунки сизга ишониб турган кишини сиз алдаяпсиз. (Кейин яна қайта ишончини оқлай оласизми?)

4. 1 апрел ёлғонига тақлид қилиш аҳмоқона одатга тақлид қилишдир. Шунингдек бизнинг юртларимизда бўлмаган, халқимиз орасида тарқалмаган, динимизга зид бўлган ботил тақлидни кенг ёйишликка хизмат қилишдир. Шунингдек динимизда қабоҳат ва разолат деб эътибор қилинган хулқларда мусулмон бўлмаган кишиларнинг аҳмоқона ишларига эргашишдир.

Кўпинча бундай ёлғонлар сабабидан жамиятда ҳар хил кўнгилсизлик ва нохушликлар вужудга келади. Ҳатто баъзи ҳолатларда эр-хотиннинг бир бирига ишончсизлиги, оилаларнинг бузилиши рўй беради. Ёлғон ҳазиллар сабабидан қанча-қанча кўнгилсизликлар юз берганига гувоҳ бўлганмиз. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат бўлса керак.

Ёшлигимизда бобо, момоларимиз ёлғон гапиришдан қайтарарди, ҳатто ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмагин, охири ёмон бўлади, деб қўйларини бўри еб кетган “Ёлғончи чўпон”нинг ҳикоясини айтиб беришарди.

Хулоса шуки, ёлғон ҳар доим ҳаром, хусусан 1 апрел муносабати билан гапириладиган ёлғоннинг ҳаромлиги зиёдароқдир. Чунки бу билан жамиятда бузуқ хулқнинг тарқалишига ёрдам берган бўлади. Бунинг оқибатида одамлар ўртасида ишончисизлик юзага келади. Валлоҳу аълам.

Сидиқметов Қудратуллоҳ

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

1 апрелда ёлғонга рухсатми?