loader
Foto

Черков яна жинсий тажовузда айбланмоқда

Британияда 3 йил аввал эълон қилинган ҳисоботда 3 мингдан ортиқ ёш бола черковларда жинсий тажовузга учраганлигини фош қилганди. Шунга ўхшаш ҳисобот АҚШда ҳам эълон қилиниб, Балтимор бош епископлигидаги 156 роҳибнинг охирги 80 йилда 600 дан ортиқ кишига жинсий тажовуз қилганлиги ва жисмоний тазйиқ ўтказганлиги ошкор бўлди.

Британия, Канада ва Францияда юз берган черковдаги тажовузлар жанжалига АҚШ ҳам қўшилди. Мариланд штат бош прокуратураси кеча эълон қилган ўлканинг энг эски католик черковларидан бўлган Балтимор бош епископлигидаги жинсий тажовуз ҳодисалари билан боғлиқ ҳисобот тортишувларни авж олдирди.

Пасхадан аввалги христианларча муқаддас саналган бир ҳафтада эълон қилинган ҳисоботда Балтимор епископлигига қарашли католик черков ва мактабларида 156 роҳибнинг сўнгги 80 йилда 600 дан ортиқ кишига жинсий тажовуз қилинганлиги ва жисмоний тазйиқ ўтказилганлиги таъкидланди.

2019 йилдан буён давом этган суриштиришлар доирасида тайёрланган ҳисоботда Балтимор бош епископлигида ёш болаларга нисбатан жинсий тажовуз ҳақида “Тажовузнинг шу даражада кенг тарқалганлиги черков иерархиясининг айбини кўрсатмоқда” дейилди.

Ҳисоботда “Тажовуз қилганлар ва қурбонларнинг кўплиги зўравонларнинг ахлоқсизлиги ҳамда уларга ёш болаларни овлашда давом этиш фурсатининг берилиш мунтазамлиги ҳайратланарли” деб изоҳланди.

Черков бошчиларининг жабрланганларни ҳимоя қилишга ёки зўравонларни тўхтатишга эмас, буларни хас-пўшлашга уринаётгани айтилган ҳисоботда баъзи ҳолларда жабрланганларнинг аҳволи тажовуз қилган роҳибларнинг ўзига ҳам билдирилганига эътибор қаратилди.

Ҳисоботда черков бошчиларининг айбланган дин одамларини вазифасидан олиш ёки ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига билдириш ўрнига молиявий дастак билан нафақага чиқишларига рухсат бергани ёки иш жойларини ўзгартирганини таъкидлади.

Интернетдаги очиқ манбаларда Балтимор бош епископлигининг 1980 йилдан буён 301 та тажовуз қурбонига 13,2 миллион доллардан ортиқ товон тўлаганлиги кўрсатилган.