Швеция беш нафар россиялик дипломатни чиқариб юборади, деди сешанба куни Швеция ташқи ишлар вазири Тобиас Билльстрём.
“Уларнинг бизнинг ҳудудимиздаги фаолияти дипломатик мақомига тўғри келмайди.
“(Россия) элчихонасида ишловчи беш кишига Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенциясига тўғри келмайдиган фаолиятлари натижасида (Швециядан) чиқиб кетиш сўралган”, — дейилади Швеция ТИВ баёнотида.
Сешанба куни ташқи ишлар вазирлигига чақирилган Россиянинг Швециядаги элчиси Швеция расмийларининг қарори ҳақида хабардор қилинган.
2022-йил апрелида Швеция Россиянинг Украинага тажовузкорлиги муносабати билан Россия элчихонасининг уч ходимини чиқариб юборган эди.
Жорий йилнинг апрел ойи бошида Норвегия 15 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборишини эълон қилган эди.
Норвегия ҳукумати уларнинг барчаси дипломатик паспорт ниқоби остида фаолият юритувчи разведка ходимлари, деб ҳисоблайди.
Россия ўз ходимларининг Швециядан чиқариб юборилишига жавоб беришга ваъда бермоқда, деб ёзади “ТАСС” Россия ТИВдаги манбаларига таяниб.