loader
Foto

Доналд Лу: Марказий Осиё давлатлари Россияга эргашмади

Марказий Осиё давлатлари Россиянинг Украинада олиб бораётган жангларида Кремлни қўллаб-қувватламаяпти. Тожикистон ва Қирғизистонга ташриф буюриб, икки давлат расмийлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича муовини Доналд Лу шундай фикрни билдирмоқда.

“Владимир Путин Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиб, уларнинг Уураинага ҳарбийларни йўллашига эришмоқчи бўлди. Аммо Марказий Осиё давлатлари буни рад этди. Москва Украинада босиб олган ҳудудларнинг Россия ҳудуди сифатида эътироф этилишини истади, аммо Марказий Осиё давлатлари буни ҳам қабул қилмади”, - дея таъкидлади Бишкек сафаридан Душанбега ташриф буюрган Лу "Озодлик" радиосининг тожик хизмати билан суҳбатда.

Мулоқот пайтида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубаев ҳам расмий Бишкек иқтисодий ҳамкорликка, жумладан, яшил энергетика масаласида мамлакатда инвестицияга эҳтиёж мавжудлигини айтган ва ёрдам кутаётганлигини билдирган. АҚШ вакили ташрифи ортидан 27-апрел куни Қирғизистон парламенти – Юқори Кенгаш вакили Мейкинбек Абдалиев Вашингтон билан ҳамкорлик шартномасини имзолаш жараёнини тезлаштириш зарурлигини таъкидлаган.

АҚШ расмийси Қирғизистон Суриядаги фуқароларини мамлакатга қайтарганини ижобий баҳолади. Вашингтон Бишкек билан ўзаро манфаатлар юзасидан яқиндан ишлашини, иқтисодий тараққиёт шулардан бири, эканини таъкидлади. Аммо АҚШ ҳисоботларида Қирғизистон эндиликда Марказий Осиёдаги “Демократия ороли” эмас, охирги йиллар ҳатто қисман ҳам эркин эмас, дея таърифланмоқда. Сўз эркинлиги чекланадиган, инсон ҳуқуқлари топталадиган давлатлар қаторига тушиб қолган.

Лу АҚШ Қирғизистонга демократик институтларни кучайтириш ва фуқаро жамиятини мустаҳкамлашда ёрдамни аямаганлигини ва бундан кейин ҳам кўмаклашишда давом этишини таъкидлаган. Учрашувда Қирғизистон иқтисодига инвестиция киритиш ва хавфсизлик масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Хавфсизлик Лунинг Тожикистон ҳукумати билан мулоқотида ҳам асосий масалалардан бири бўлган. Душанбе Афғонистонда ҳокимиятни Толибон (Тожикистонда террористик ташкилот сифатида фаолияти тақиқланган) эгаллаб олганидан сўнг хавфсизлик масаласи қайта актуаллашганига эътибор қаратган. АҚШ вакилининг минтақага ташрифи пайтида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара минтақаларида кутилмаган вазият юзага келди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотига кўра, Афғонистондан халқаро террорчи ташкилот вакиллари мамлакатга ноқонуний кириб келган ва чегара қўшинлари томонидан зарарсизлантирилган. Аммо воқеа тафсилотлари маълум эмас.

Мустақил таҳлилчи фикрича, Тожикистон ҳукумати АҚШ каби қудратли давлатлар эътиборини Афғонистон инқирозига қаратишни исташи сир эмас.

“Афғонистон Марказий Осиё давлатлари учун йирик бир хатар сифатида сақланиб қолмоқда. Ироқ ва Шом исломий давлати террор гуруҳи парчаланганидан сўнг кўплаб келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган жангарилар Толибон қўлига ўтган Афғонистонда қўним топишди. Бу Марказий Осиё давлатлари учун янги хатарни вужудга келтирди. Бунинг устига Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган Толибон билан расмий Душанбенинг муносабатлари яхши эмас. Шунинг учун ҳам, Толибоннинг юқори мансабдорлари бир-неча маротаба Тожикистонга таҳдид билан баёнотлар берди. Шундай мураккаб бир вазиятда Тожикистон чегарани қўриқлаш учун ҳарбий техник қудратини мустаҳкамлашни исташи, табиий”, - дейди Юсупов.

Таҳлилчи фикрича, қўшни давлатдан террорчилар таҳдиди мамлакат ичидаги бошқа муаммоларни кун тартибидан четга суради.

Аммо Лу Тожикистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масаласига ҳам эътибор қаратган, шунингдек, чегара баҳслари ва иқтисодий ҳамкорликка.

Баъзи таҳлилчилар фикрича, АҚШ Марказий Осиё давлатлари Россия қаторида Хитой босими остида қолиб кетмаслигини истайди.

“Марказий Осиё давлатларига энг таъсири кучли бўлган давлатлар бу, шубҳасиз Россия ва Хитой, уларнинг таъсир кучи сақланиб қолмоқда. Хитойнинг иқтисодий таъсири ортиб бормоқда. Хитой минтақага катта инвестиция киритмоқда. Россия эса, хавфсизлик йўналишида катта таъсир кучига эга. Шунингдек, бу давлатлардан бир-неча миллионлаб меҳнат муҳожирлари Россияда ишлайди”, -дейди Шерали Ризоён.

Таҳлилчи фикрича, АҚШ ва Европа давлатлари минтақада инсон ҳуқуқлари, сўз ва диний эркинлик каби демократик қадриятлар шаклланиши, фуқаролик жамияти ривожланиши учун ёрдам бермоқда.

АҚШ ўз ҳисоботларида Тожикистон сўз эркинлиги, диний эркинлик ва умуман инсон ҳуқуқлари қўпол топталаётган давлатлар қаторида эканлигини қайд этади.

Сиёсий шарҳловчи Неъматулло Мирсаидов фикрича, Ғарб давлатлари Марказий Осиё давлатларига инвестиция киритишга рози, аммо бунинг учун бир қатор шартлар мавжуд.

“АҚШ ва Европанинг бир қатор давлатлари Марказий Осиё давлатларига турли соҳаларда ёрдам беришга тайёрлигини билдириб келади. Аммо улар бунинг учун бу давлатларда қонун устуворлиги таъминланиши, инсон ҳуқуқлари поймол этилмаслигини истайди. Бу ўринли талаблар, аммо улар ҳамиша ҳам Марказий Осиё давлатлари раҳбариятига ёқавермайди. Марказий Осиёга инвеститсия киритишда Хитойнинг устунликка эришишига ҳам шу сабаб. Марказий Осиё давлатлари учун АҚШ ва бошқа Европа давлатларига қараганда Хитойдан инвеститсия олиш осонроқ”, - дейди Мирсаидов.

Аммо Хитойдан қарз олишнинг нозик томонлари ҳам борлигига эътибор қаратади суҳбатдошимиз. Унинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари, хусусан, қўшни давлатлар Хитойга қарзларини вақтида тўлай олмаса, Пекин чегара ҳудудлардаги ерларга даъвогарлик қилиши мумкин. Таҳлилчи фикрича, Марказий Осиё давлатлари ҳам қалтис вазиятда қолмоқда. Чунки асосий стратегик шерикларидан бири бўлган Россия билан ҳамкорликни давом эттиришни мамлакат иқтисоди талаб қилади. Аммо бошқа тарафдан Ғарб давлатлари санксияларига тушиб қолинса, бу ҳам мамлакат иқтисодига катта зарба бўлади.

у Душанбе шаҳрида журналистлар билан суҳбат пайтида Россия Украина урушидан Марказий Осиё давлатлари аҳолиси азият чекаётганига ҳам эътибор қаратди.

"Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси бу вазиятдан (Россия Украина урушидан) азият чекаётганини кўраяпмиз. Озиқ-овқат ва ёқилғи нархи ошиб бормоқда. Биз ёрдам беришга ҳаракат қилаяпмиз. Биз Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион АҚШ доллари ва яна озиқ-овқат хавфсизлигининг таъминоти учун ёрдам сифатида 16,5 миллион доллар маблағ ажратмоқчимиз”, - деди Лу.

Лунинг айтишича, АҚШ Марказий Осиё минтақасига бефарқ эмас ва у келгусида ҳамкорлик яна ҳам ривожланишига ишонади.

"Мен Вашингтондан келдим ва шуни айтишим мумкинки, Марказий Осиё АҚШнинг диққат марказида. Чунки у стратегик минтақа ва биз учун имкониятлар кўп. Бу мамлакатлар халқи ва ҳукумати АҚШ билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини кўрамиз. Улар иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик қилмоқчи. Демократия соҳасидаги ҳамкорликни ҳам ривожлантирмоқчи. Мен Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилаётганимдан фахрланаман. Марказий Осиё биз учун устувор минтақадир", - дея таъкидлади Лу Тожикистон журналистлари билан суҳбатида.