loader
Foto

Жаннатнинг кенглиги ҳақида

Жаннат ҳақида Қуръон оятларига тўхталмасдан, балки унинг кенглигини аниқлашга ҳаракат қиламиз.

Ҳадид сураси 21-оят: “(Эй, инсонлар!) Раббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган, жаннатга шошилингиз! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир”.

Китобнинг 60-61-бетларида Қуръоннинг Мулк сураси 5-ояти ва Соффот сураси 6-оятида келтирилган “Биз Ерга яқин осмонни юлдузлар билан зийнатладик”га асосан, ерга яқин осмоннинг кенглигини аниқладик. Унинг кенглиги Ердан энг яқин юлдузгача бўлган масофага тенглиги келиб чиқди. Шунга кўра, жаннатнинг кенглиги Ҳадид сураси 21-оятга асосан, Осмон ва Ернинг кенглиги, яъни 4 ёруғлик йили =3,8-10(13) км (4 йилни ёруғлик нури тезлигига кўпайтмаси)га тенглиги келиб чиқади. Бу масофа Ернинг кенглигидан тахминан 3 миллиард марта катта бўлгани учун Ернинг кенглигини ҳисобга олма-са ҳам бўлади. Жаннатнинг кенглигича бўлган бу масофани ракета ёруглик нурининг тезлигида 4 йилда, бир сонияда 50 км тезликда эса 24 минг йилда; самолёт 1 соатда 1000 км тезликда 4,3 миллион йилда; енгил машина 1 соатда 100 км тезликда 43 миллион йилда; агар инсон ҳар куни 10 км йўлни юрса, 10 миллиард йилда босиб ўтишини билишимиз мумкин.

Қолган Осмонлар ва уларнинг кенглиги ҳақида Қуръонда оятлар бўлмагани учун, уларга мос жаннатларнинг кенглигини аниқлаш мумкин эмас.

Бу ўринда уламолар жаннатнинг кенглигини билиш ақидавий нозик масаладир”, деб ёзишган. Бирор масала тўғри ёки нотўғри эканлигини билиш учун унинг далили кучига қаралади, агар далили кучли бўлса, масала ҳақиқатга яқин, далили кучли бўлмаса, масала гумон деб, ҳисоблашган. Биз ҳам бу масалада илмда эришилган ютуқлар ва Қуръон оятларига асосланиб, Ерга яқин осмонни, шу қатори, унга мос жаннатнинг кенглигини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Ҳар бир мўмин мусулмоннинг асл мақсади Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишилар қатори ато этадиган абадулабад қолувчи жаннатга киришдан иборат.

Умарбек Абдураҳмановнинг

"Қуръон оятлари мазмуни билан илм-фн орасидаги уйғунлик" китобидан