loader
Foto

Украинадаги орклар кимлар? Украинлар учун Мордор нимани англатади?

Украина ҳудудида Россия иштирокидаги ҳарбий можарони ёритувчи украинапараст телеграм каналларида кўпинча қандайдир орклар ва Мордор ҳақида ёзишади. Бир қарашда, Толкиеннинг бунга нима алоқаси бор? Мордор ўзи нима? Мордор – Сауронга қарашли ерлар, Ўрта Ернинг жануби-шарқидаги Андуиндан шарқда жойлашган минтақа. Форо ва Сэм исмли хоббитлар чексиз ҳукмронлик узугига абадий чек қўйиш учун айнан ўша ерга йўл олишади. Мордор шимол, ғарб ва жануб томондан учта улкан тоғ тизмалари билан ўралган бўлиб, бу ҳудудга фақат шарқдан ҳужум қилиш мумкин. Мордор зулмат босган ва жонсиз жой сифатида тасвирланади (аҳолининг ўзидан ташқари) - у ерда на ўсимлик, на ҳайвонлар бор.

Мордор пойтахти - Барад-дур, бу "Қора минора" деган маънони англатади, "Саурон қалъаси" ёки "Саурон минораси" деб ҳам аталади. Жон Толкиен антииндустриалист, яъни минтақа ва мамлакатда саноат фаолиятини қисқартириш ёки бутунлай тўхтатиш тарафдори эди. Унинг айнан шу хусусияти Мордорнинг яратилишига хизмат қилди. Унинг прототипи Англиянинг Лидс ва Шеффилд шаҳарлари (бошқа тахминга кўра - Бирмингем ва Уиган) орасидаги саноат ҳудуди эди. Доим тутун буруқсираб турадиган саноат корхоналаридан иборат тоғлар – Мордор мана шу эди.

Орклар ўзи ким? Орклар Ғарбий Европа халқлари фолклорида ва фантазия жанридаги замонавий асарларда учрайдиган хаёлий мавжудотлардир. Орклар ёзувчи Жон Толкиеннинг фантастик асарлари туфайли кенг оммага маълум бўлди. "Узуклар ҳукмдори" сериясининг ўзи кўп нарсадан далолат беради.

Толкиенга кўра орклар Ёвуз Ҳукмдорга бўйсунган ва унинг қуролли кучларининг асосини ташкил этган жоҳил, ваҳший халқдир. Азалдан улар қора сеҳр ёрдамида элфлардан яратилган ва кейинчалик Ўрта Ернинг мустақил халқи, ёвуз табиатли Зулматнинг хизматкорлари бўлишган. Бироз вақт ўтгач, Саурон Мордор билан иттифоқ тузади ва уларни одамлар билан чатиштириб, оркларни яхшилашни бошлади. Шу аснода ёрдамида ёруғликда заифлашмайдиган оркларни, урук-хайларни яратиш мумкин бўлди. Кўплаб орк қабилалари Мордорда яшаган ва Сауронга хизмат қилган.

Украиналиклар қандай Мордор ва қандай орклар ҳақида ёзишяпти? Келинг, асосий нарсага ўтайлик, украиналиклар нимани Мордор деб ва кимни орклар деб аташади? Орклар - бу Россия армияси. Ахир, орклар, Толкиенга кўра, бадьашара, шафқатсиз ва тажовузкор йиртқичлар ирқи бўлиб, эзгуликни ифодаловчи элфларнинг акси. Чатларида шундай бемаъни гапларни ёзаётган украиналиклар афтидан, ўзларини ва Ғарбни элф деб билишади шекилли. Мордор - Россия Федерацияси. Орклар элфларнинг ерларини забт этиш учун келган ҳудуд. Зулмат босган жой, у ерда фақат қоялар, орклар, Саурон қалъаси ва Сауроннинг ўзи бор. Анча қизиқ ўхшатиш.