loader
Foto

Покистон пайғамбар алайҳиссаломнинг оиласи ва саҳобаларини ҳақорат қилганлик учун жазони кучайтирди

Покистон парламенти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари, оила аъзолари ва саҳобаларига ҳурматсизлик кўрсатган шахсларга нисбатан қамоқ муддатини узайтириш ва жарима солишни назарда тутувчи қонунни қабул қилди.

Мамлакат Сенати "Жиноят қонунлари (ўзгартириш) 2023" қонун лойиҳасини қабул қилди, унда камида 10 йилдан то умрбод қамоқ жазоси, шунингдек, бир миллион рупий (тахминан 3500 доллар) миқдорида жарима белгиланиши кўзда тутилган.

Илгари бу қилмишлар учун максимал жазо уч йил қамоқ жазоси эди.

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, сенатор Муштақ Аҳмад Хоннинг айтишича, Покистон Жиноят кодексига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таҳқирлаганлик учун ўлим жазоси ўзгаришсиз қолмоқда.

Қонун лойиҳаси пайғамбарнинг рафиқалари ва яқин саҳобаларидан бирини очиқдан-очиқ лаънатлаган шиа жамоатининг айрим вакилларига қарши қаратилган кўринади.

Ayaan Institute таҳлилий маркази директори Жаҳонгир Муҳаммаднинг таъкидлашича, Покистонда бундай қонунлар зарур.

"Барча жамиятлар ижтимоий тотувликни тарғиб қилувчи ва одамларнинг муқаддас эътиқодига қарши гижгижлашларни тақиқловчи қонунларга муҳтож, - дейди у. - Покистонда суннийлар ҳам, шиалар ҳам экстремистик унсурлар томонидан диний ва конфессиялараро адоват билан боғлиқ кўплаб муаммолар мавжуд, шунинг учун тинчлик ва тотувликни сақлаш ва ижтимоий тартибнинг энг даҳшатли бузилишларини тўхтатиш учун диний гижгижлаш бўйича қандайдир қонунлар зарур. Британия давридаги эскирган куфр қонунларидан кўра, нафратга қарши замонавий қонунларга эга бўлишни афзал кўраман".

Унинг қўшимча қилишича: «Бироқ, бу Покистон эканлигини ва қонунлар кўпинча сиёсий қасос ва ҳисоб-китоблар учун ишлатилишини ҳисобга олсак, қонунлар мутаносиб ва тўғри бажарилиши, сиёсий мақсадларда фойдаланилмаслиги керак».

1987 йилдан 2007 йилгача бўлган давр мобайнида Покистонда шиа-сунний можароси натижасида 4000 га яқин одам ҳалок бўлганлиги тахмин қилинмоқда.