loader
Foto

Фуссилат сураси 26-27-оятлар

26. Куфр келтирганлар: «Бу Куръонга қулоқ солманглар, унга халақит беринглар, шояд, ғолиб бўлсанглар», дейишди.

Оламлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан ўзларига ваҳийлар нозил қилинганда уларни одамларга қироат қилиб, эшиттира бошладилар. Шунда Макка кофирлари Пайғамбар алайҳиссалом қаерда Қуръондан қироат қилмоқчи бўлсалар, бир бирларига юқоридаги гапларни айтишарди. Улар Қуръон тиловат қилинаётган жойга келиб, баланд овозда гаплашишар, қаттиқ овозда кулишар, натижада уни тинглаётган мусулмонларнинг фикрини чалғитиб, оятлар маъноси ҳақида тафаккур қилишларига халақит беришарди. Халақит беришнингусуллари ҳам кўп эди. Масалан, Ислом душмани Абу Жаҳл: «Муҳаммад қироат қилган вақтда унинг юзига қараб қичқиринглар, токи нима деяётгани билинмасин», деган. Баъзилари қироат пайтида ҳуштак ёки қарсак чалган. Баъзилари ўзларича шеър ва балоғатли сўзларни айтиб, кишиларни Қуръондан чалғитишга интилган. Молик ибн Назрга ўхшаганлар қадимги форс саркардалари Исфандиёр ва Рустамнинг қиссаларини айтишган.

Олдинги кофир ва мушриклар ўз воқеъликларидан келиб чиқиб, Қуръонга шу тариқа халақит беришга уринганлар. Кейинги мушрик ва кофирлар ҳам ўз воқеъликлари даражасида Қуръонга халақит беришга уриниб келишди ва ҳанузгача уринишмоқда. Улар ўзларича шу йўл билан Исломнинг зафарли юришини тўхтатиб қолишга, мусулмонларни ҳақ йўлдан тўсишга, улар устидан ғолибликка уринишарди. Аммо ҳақиқатда кофирлар эмас, доимо Қуръон ғолиб бўлиб келмоқда. Чунки Қуръон ҳақ, куфр ботилдир. Ҳақ доимо ботил устидан ғолиб бўлади. Қуръонга қарши чиққан кофирларга Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган азоблар бор. Куфр эгалари бу аҳмоқликлари билан Аллоҳнинг Сўзини ўчирмоқчи бўлишарди. Аммо бунинг асло иложи йўқлиги, ҳозиргача ҳеч ким илоҳий Сўзни тўсишга, уни тўхтатиб қолишга қодир бўлмагани уларнинг эсига ҳам келмайди.

27. Куфр келтирганларга албатта қаттиқ азобни тоттирамиз ва уларга қилмишлари учун энг ёмон жазони берамиз.

Куфр келтирганлар ўзларича Аллоҳнинг азобидан омонда қоламиз, деб хомтамалик қилишмасин. Улар Аллоҳга имонсизликлари, Унинг ваҳийларини ёйишга халақит берганлари, дунё ҳаётида гуноҳ ишларни тап тортмай қилганлари учун албатта қиёматда жуда қаттиқ азобга йўлиқадилар. Уларнинг гуноҳлари, ёмон амаллари асло жазосиз қолмайди. Уларга ўзлари ҳатто тасаввур ҳам қилол-майдиган энг оғир жазо берилади, дўзах қаърида инсон чидай олмайдиган азоб қийноқлар ичра абадий қолишади.

"Тафсири Ирфон", Фуссилат сурасидан

Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР