loader
Foto

Байден БМТда нималарга урғу беради?

АҚШ Президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида маъруза қилиш учун Ню-Ёрк шаҳрига борди. Яқинда Ҳиндистондаги “Катта Йигирмалик” саммитида ривожланаётган давлатларни Россия-Украина уруши масаласида Украина тарафига оғдиришга ҳаракат қилган Байден БМТ тадбирида ҳам Россияни Украинада уруш олиб бораётгани учун қоралашдан бош тортаётган мамлакатларни фикридан қайтаришга яна уриниб кўради.

"Бу уруш Украинани давлат сифатида, украиналикларни халқ сифатида йўқ қилишга қаратилган”, - деган эди Байден Бош Ассамблеяда бир йил олдинги чиқишида.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам Ню-Ёркда бўлиши кутилмоқда. Байден у билан пайшанба куни Оқ уйда кўришади.

Украина урушидан ташқари АҚШ раҳбари ривожланаётган мамлакатларни қийнаётган қатор масалалар - иқлим ўзгариши, қашшоқлик, қочқинлар тақдири, инфлятсия ва ташқи қарзни камайтиришга ҳам урғу бериши керак, дейди кузатувчилар.

“Бу масалалар бир-бирига боғлиқдир. Чунки Россиянинг Украинадаги ваҳший уруши озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига таҳдид солди, дунёдаги мамлакатларга турли шаклда зарар етказди. Урушни адолатли шартлар билан, суверенитет ва ҳудудий дахлсизлик тамойиллари асосида тугатиш нафақат Украина халқи, балки дунёдаги бошқа одамлар манфаатларига ҳам хизмат қилади”, - дейди Оқ уй миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жейк Салливан.

Байден Марказий Осиё республикалари, жумладан ўзбекистон раҳбарлари билан ҳам учрашиши кутилмоқда. Йил бошида улар Хитой президенти билан кўришишган эди.

“Хитой билан бу мамлакатларга таъсир қилиш учун рақобатда эмасмиз. Шунчаки мавжуд алоқаларни кучайтиряпмиз”, - деди бу ҳақда АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд.

Бош Ассамблеянинг йиллик сессияси доирасида Байден Бразилия ва Исроил раҳбарлари билан ҳам гаплашмоқчи.

Қўшма Штатлар Бенямин Нетаняху ҳукуматининг айрим сиёсати, жумладан суд тизимини ислоҳ қилиш режасидан норози. Байден шу масалани ҳам кўтариши мумкин.

Унинг БМТдаги маърузаси сешанба кунга белгиланган.