loader
Foto

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи

Ҳурматли раис жаноблари!



Ҳурматли Бош котиб жаноблари, делегациялар раҳбарлари, хонимлар ва жаноблар!



Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг бугунги сессияси халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган бир шароитда бўлиб ўтмоқда.



Жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилмоқда. Глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаймоқда. Ва буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлмоқда.



Геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилмоқда.



Бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда.



Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат.



Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йил Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотимизнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ишонаман.



Муҳтарам анжуман иштирокчилари!



Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бормоқда.



Жорий йил апрель ойида миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи янгиланган Конституция бўйича Ўзбекистон тарихида биринчи марта умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдумда овоз берганларнинг 90 фоиздан зиёди ушбу чинакам халқ Конституциясини қўллаб-қувватлади. Шу тариқа ислоҳотларимизнинг ортга қайтмайдиган муқаррар тус олиши таъминланди.



Биз Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатимизни яна бир бор тасдиқладик.



Мана шундай ҳуқуқий асосда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясини қабул қилдик. Бу стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз.



Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!



Изчил давом этаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиёти, глобал таҳдидларга қарамасдан, барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Сўнгги олти йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми бир ярим мартадан ортиқ кўпайди. Бизнинг бош мақсадимиз – 2030 йилга қадар бу кўрсаткични яна 2 баробарга оширишдир.



Иқтисодиётимизни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифамиз – яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишдир.



Халқимизнинг турмуш даражасини оширишга қаратилган сиёсат туфайли мамлакатимизда 2017 йилдан буён камбағаллик икки баробарга камайди. Биз 2030 йилгача уни 7 фоизга туширишни режа қилганмиз. Аҳолини ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий хизматлар билан таъминлаш кўламини бир неча бор оширишни белгилаганмиз.



Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф этаман.



Ҳурматли саммит иштирокчилари!



Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича эътиборга лойиқ натижаларга эришдик. Мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.



Бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилган эди.



Қатъий иродамиз туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди.



Янги Конституциямизда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилди ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш зарур, деб ҳисоблайман. Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, бунга чек қўйиш имкони бор.



Хонимлар ва жаноблар!



Инсон капиталини ривожлантириш ва креатив ёш авлодни тарбиялаш – Ўзбекистон ўз олдига қўйган стратегик вазифалардан биридир.



Биз ҳамма учун очиқ ва сифатли таълимни камбағалликка барҳам бериш, халқ фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишнинг энг самарали омили, деб биламиз.



Мамлакатимиз охирги йилларда бу борада катта тажриба тўплади – таълим тизими тубдан ўзгармоқда. Ўтган олти йилда мактабгача таълимдаги қамров 21 фоиздан 70 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 38 фоизга етди. 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.



Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!



Сўнгги йилларда Марказий Осиё яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан бормоқда.



Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли Ўзбекистон барча қўшнилари билан давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлмоқда.



Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақамиз иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.



Марказий Осиёнинг дунёга очиқлиги – минтақа хавфсизлиги ва барқарор ривожланишини таъминлайдиган энг муҳим шартга айланмоқда.



Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!



Аминманки, халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этади. Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади.



Муҳтарам анжуман иштирокчилари!



Аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга. Ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланди.



Айни пайтда биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, бошқа минтақаларнинг илғор тажриба ва ютуқларини ўрганишдан манфаатдормиз.



Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишни таклиф этаман. Унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.



Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!



Хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб масаласидир. Миллий сиёсатимиз марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат.



Гендер тенгликка эришиш борасида ҳам тизимли ишларни олиб бормоқдамиз. Жумладан, ўтган йили олийгоҳларга қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши эса биринчи марта 35 фоизга етди. Аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилинди.



Биз “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз. Биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф этамиз.



Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!



Ҳозирги вақтда дунёда кескин экологик вазият кузатилмоқда. Сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучаймоқда.



Ана шундай мураккаб шароитда Орол денгизи фожиасига қарши курашни давом эттираётган Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланмоқда.



Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида ҳаракат қилмоқда. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этилди. Бу саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.



Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўпдир. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда.



Агар ўз вақтида таъсирчан чораларни кўрмасак, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказади.



Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлаймиз. Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш тарафдоримиз.



Биз минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Бундай шериклик манфаатларимизга бирдек мос бўлиб, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган. Бу борада “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.



Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз. Унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилишни таклиф этамиз.



Шу ўринда таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларини иқлим ўзгаришларига мослаштириш, углерод нейтраллигига эришиш ва “яшил” энергетика улушини кескин ошириш биз учун стратегик вазифа бўлиб қолади.



Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!



Биз экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларимизни кучайтиришимиз зарур.



Ўтган йил март ойида Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши глобал стратегиясини Марказий Осиёда амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.



Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегиямиз доирасида бир масалага алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. У ҳам бўлса, илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масаласидир.



Биз бу борада ўзига хос тажриба орттирдик, беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссиясини ўтказдик. Унинг доирасида 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болаларни Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли низолар ҳудудларидан юртимизга қайтардик. Уларнинг барчасига тиббий, психологик, ижтимоий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди.



Халқаро жамоатчилик жорий йилнинг июнь ойида мана шу ерда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида мамлакатимизга олиб келинган ва янги ҳаёт бошлаган шахсларнинг тарихини уларнинг ўзларидан эшитди.



Биз бу йўналишдаги ҳаракатларни давом эттириш ва доимий тажриба алмашишни йўлга қўйиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида уруш ҳудудларидан қайтганлар билан тизимли ишлаш бўйича Минтақавий экспертлар кенгашини тузишга қаратилган амалий қадамларни ташладик.



Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда янада бирлашиб, ҳаракат қилишлари керак.



Яна бир муҳим фикрни таъкидлашни истардим. Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қиламиз.



Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз. Шундай буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурамиз.



Ҳурматли сессия иштирокчилари!



Халқаро хавфсизлик Афғонистондаги жараёнлар билан бевосита боғлиқдир. Ушбу мамлакатда янги вазият вужудга келган бўлиб, у афғон масаласини ҳал этишда ўзига хос ёндашувларни талаб этмоқда.



Афғонистонни ўз муаммолари билан яна ёлғиз қолдириш – бу катта хато бўлади. Инкор қилиш, яккалаб қўйиш ва санкциялар қўллаш оддий афғон халқининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда.



Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деб ҳисоблаймиз. Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз. Бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак.



Мен бугун ушбу нуфузли минбардан туриб, дунё ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлида бирлашишга чақираман. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳнамолигида Афғонистон бўйича биргаликда ишлаб чиқилган, вазиятга мослашувчан ва конструктив позицияни белгилаш принципиал жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблайман.



Ҳурматли раис!



Ҳурматли анжуман қатнашчилари!



Биз барчамиз ҳозирги тарихий туб бурилиш палласида келгуси авлодларга сайёрамизни қандай ҳолда қолдириш ҳақида ўйлашимиз лозим.



Мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкин. Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур.



Сўзимнинг якунида Ўзбекистон шу йўлда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти институтлари ва барча давлатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шерикликни чуқурлаштиришга тайёр эканини яна бир бор таъкидламоқчиман.



Эътиборингиз учун раҳмат.