154. Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз.
Мўмин-мусулмонлардан баъзилари Аллоҳ йўлида, унинг сўзини ўзи муносиб бўлган олий мақомга етказиш учун, ҳақ динини бошқа ботил ва бузилган динлардан устунликка эриштириш учун бўлган ҳаракатларда қатл этиладилар. Шунда улар одамлар кўзида гўё ўладилар. Аммо Аллоҳ таоло ушбу оятда уларни ўликлар демасликка амр қилмоқда.
«Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни ўликлар деманг».
Демак, уларнинг ўлими зоҳирий ўлим, бошқа одамларнинг кўзига ўлим бўлиб кўринади, холос.
«Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз».
Аслида, ушбу оятда таъкидланганидек, улар тирикдирлар, аммо уларнинг тирикликларини биз сезмаймиз. Уларнинг ҳаётлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Чунки инсон ҳаёт ва ўлимнинг ҳақиқатини англаб етиши мумкин эмас. У зоҳирга қараб, ҳаракатдагини ҳаёт, ҳаракатсизини ўлик деб ҳукм чиқараверади. Аммо шаҳидларни, Аллоҳнинг йўлида жонини қурбон қилганларни Аллоҳ тирик деяптими, демак, улар тирик бўладилар. Шунинг учун ҳам уларни бошқа ўликлар сингари ювилмайди. Чунки ўлик баданини поклаш учун ювилади. Шаҳидлар ўзлари пок, улар тирикдирлар. Ҳам шаҳидларга ўликларнинг кийими–кафан кийдирилмайди, қайси кийимда шаҳид бўлсалар, ўшанда дафн этиладилар.
Шаҳидлик олий мақом, унга эришиш осон эмас. Урушга кирган ҳамма ҳам шаҳид бўлавермайди. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф бу масалани ойдинлатади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан: «Шижоат билан урушга кирган одам Аллоҳнинг йўлида урушган бўладими, тарафкашлик учунми ёки риё учунми?» деб сўралганда, у зоти бобаракот: «Ким Аллоҳнинг сўзи олий бўлиши учун урушга кирса, Аллоҳнинг йўлида урушган бўлади», деганлар.
Шаҳидликнинг олий мақомлиги, шаҳидларга бериладиган мартабалар ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Мисол тариқасида биттасини келтирамиз.
Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Шаҳиддан бошқа жаннатга кирганлардан бирорта одам қайтиб чиққиси келмайди. Унга ер юзида ҳеч нарса йўқ. Шаҳид бўлса, жаннатда кўрган эҳтиром ва икромдан сўнг яна дунёга қайтиб ўн марта ўлдирилишини орзу қилади», деганлар.
155. Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.
156. Улар мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар.
Катта масъулият қийинчиликларини кўтара олиш учун турли синовлардан ўтиш керак. Қийинчиликларда, синовларда одам тобланади. Ушбу оятда ўша синовлардан баъзилари саналгандир.
«Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз».
Қўрқинч деганда душмандан бўладиган хавф-хатар туйғуси тушунилади. Қаҳатчилик ёки бошқа сабаблардан келиб чиқадиган очарчилик ҳам Аллоҳ таолонинг бир нави синовидир. Шунингдек, мол-мулкка, ўғри олиш, офат етиши ёки золимларнинг тажаввузи туфайли нуқсон етказиб, жонга, яқин кишиларни, ёр-биродар ва шерикларнинг ўлими, касаллиги билан нуқсон етказиб, меваларга офат етказиш, баракасини кетказиш билан нуқсон етказиш билан синаб кўрамиз, дейди Аллоҳ таоло. Бошга шундай синов келган, мусибат еган банда нима қилса яхши бўлади? Бу ҳақда Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб кўрсатма бермоқда:
«Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда, «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», дерлар».
Демак, мусибат етганда мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Ҳақнинг Ўзи ўргатган дуони қилиши керак. Бу дуо Қуръон тилида:
«Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун», деб талаффуз этилади. Буни айтишни қисқача «истиржоъ» дейилади. Эътибор қилинса, истиржоъда улкан маъно ётибди.
«Албатта, биз Аллоҳникимиз», яъни, барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эга Унинг Ўзи. Нимани, қачон, қандай тасарруф қилишни Ўзи билади.
«Ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз», яъни, эртами-кечми барибир, Унга қайтишимиз бор. Бизга етиб турган мусибат ҳам Унинг Ўзидан. Биз сабр қилишимиз лозим ва шундай қиламиз ҳам. Шу боис истиржоъга кўп-кўп савоблар ваъда қилинган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Умму Салама онамиз дейдиларки: «Бир куни Абу Салама Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларидан келди-да, Пайғамбар алайҳиссаломдан бир гап эшитиб жуда хурсанд бўлдим, у киши: «Мусулмонлардан бирига мусибат етганда истижоъ айтса ва сўнгра «Аллаҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» (маъноси: эй Аллоҳ, менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин) деса, айтгани бўлади», дедилар, деб айтди. Буларни мен ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида, истиржоъ айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча, менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда, дедим. Иддам чиққандан сўнг Расулуллоҳ келиб киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У кишига ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг, менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар. У киши гапларини тугатгач, мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», дедим. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар... Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни–Расулуллоҳни берди».
Имом Термизий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло, эй ўлим фариштаси, сен бандамнинг фарзандини, кўзининг қорачиғини, қалбининг самарасининг жонини олдингми, дейди. Фаришта, ҳа, дейди. Аллоҳ, у нима деди, деб сўрайди. Фаришта, сенга ҳамд ва истиржоъ айтди, дейди. Шунда Аллоҳ таоло, жаннатда унга бир уй бино қилинглар ва «Ҳамд уйи», деб номланглар, дейди», деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин», дейдилар. Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак. Кўзининг қорачиғи, жигарбанди, боласи ўлганда ҳам, оёқ кийимининг ипи узилганда ҳам. Мусибат етгандан кейин дарҳол итсиржоъ айтиб, сабр қилиш керак, ҳамма нарса Аллоҳники ва бари Аллоҳга қайтади, деган эътиқодни маҳкам тутиши керак.
Юқорида зикр этилган машаққатларнинг, шаҳидликнинг, Аллоҳ йўлида қатл этилишнинг, хавфу хатарга, очликка учрашнинг, молу жонга ва меваларга нуқсон етиб зарар кўришларнинг ва уларга сабр қилиб, истиржоъни айтиб, унинг маъносини ақида этиб яшашнинг мукофоти келаси оятда зикр қилинади:
157. Ана ўшаларга Роббиларидан саловатлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир.
Бу улкан тарбиянинг ёрқин мисолидир. Шунча синов ва машаққатларга мукофот қилиб ғалаба, нусрат ва бошқа нарсалар эмас, Аллоҳнинг саловатлари, меҳри ва шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Шунинг учун мўминлар доимо Аллоҳнинг розилигини кўзлаб иш қилишлари лозим бўлади. Бу дунёда ҳосил бўладиган баъзи бир натижалар охирги мақсад бўлиб қолмаслиги керак. Ҳатто ақиданинг ғолиб келиши ҳам юқорида айтилган мукофотнинг ўрнини боса олмайди.
Келаси оятда Аллоҳ таолонинг зикри, ибодати, яъни, «саъйи» ҳақида сўз кетади. Бу ҳам сабр чидам талаб қиладиган ибодатдир.
Жоҳилият пайтида Сафо тепалигига «Асоф» номли, Марва тепалигига «Ноила» номли бутлар қўйилган бўлиб, одамлар саъйи қилиб бориб, ўша ерга етганларида уларни улуғлашар эди. Ислом дини келиб ширкка қарши ўт очганда, янги мусулмонлар Сафо ва Марва ўртасида саъйи қилиш ҳам ширк ишлардан деб ўйлаб, саъйи қилмай қўйдилар.