Аҳли сунна ва жамоанинг фиқҳий мазҳаббошиларидан тўртинчилари имом Аҳмад ибн Ҳанбалдирлар. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у кишининг ота-оналари марв-лик бўлиб, кейинроқ улар Арабистон томон кўчганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам Марвда ҳижрий 164-санада туғилдилар. Ёшликларида етим қолиб, фақийрликда ўсдилар, қийналиб ўқидилар. Ул зот кийим тўқиб сотар, хаттотлик қилиб қорин тўйғизар эдилар. Баъзи вақтларда ҳаммоллик ҳам қилганлар. Ёшликданоқ ҳадис илмига қаттиқ қизиқдилар. Бу эса, ўз навбатида, илм талаб этиш учун кўп сафар қилишга чорлади. Имом Аҳмад Абу Ҳанифанинг бош шогирдларидан бўлмиш имом Абу Юсуфдан дарс олдилар.
Кейинчалик, Бағдодда катта муҳаддис Ҳушайт ибн Башир ал-Воситийда тўрт йил мунтазам ўқиб, у кишидан уч мингта ҳадис ёзиб олдилар. Илм талабида Яман, Куфа, Басра, Мадийна, Макка ва бошқа жойларга сафар қилдилар. Маккаи Мукаррамада имом Шофеъийдан дарс олдилар.
Имом Шофеъий Бағдодга келганларида ораларидаги алоқа яна ҳам мустаҳкам бўлди. Имом Аҳмад у кишидан кўпроқ таълим олишга ҳаракат қилдилар.
Имом Шофеъий Мисрга кўчиб кетаётганларида имом Аҳмад ҳам у киши билан бирга кетмоқчи бўлдилар-у, аммо шароит тўғри келмади.
Имом Шофеъий Бағдоддан чиқаётиб: «Мен Бағдоддан чиқдим, энди бу шаҳарда Ибн Ҳанбалдан тақводорроқ ва фақиҳроқ одам йўқ», дедилар.
Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадис илмида жуда ҳам илгари кетганлар. Кўпчилик уламолар у кишининг ҳадисдаги «Муснад» китобларини энг мўътабар олтита ҳадис китоби жумласига киритадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдлари ва мухлислари у кишининг фиқҳлари билан фахр қилишар эди. Ҳатто, улуғ тарихчи Тобарий ўзининг «Ихтилофул уламо» китобида Аҳмад ибн Ҳанбални «муҳаддис» деб атаганда, Ибн Ҳанбалнинг мухлислари у кишининг уйига бостириб кирганлар ва «Нимага Ибн Ҳанбални фақиҳ демадинг?» деб жанжал қилишган. Охири, Тобарийни миршаблар зўрға ажратиб олишган.
Албатта, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазратларининг бундай «ёрдам»га ҳожатлари йўқ эди. Шундоқ ҳам у кишини бутун Ислом олами улуғ олим, фақиҳ, муҳаддис, зоҳид ва тақводор сифатида яхши танир эди. У киши барчага устоз эдилар.
Имом Аҳмаднинг даври сиёсий ва ақийдавий ихтилофлар кучайган давр бўлди. Айниқса, ўша пайтда Мўътазилий мазҳаби тарафдорлари ҳукуматга яқин бўлиб олиб, кўп бузғунчиликлар қилдилар. Уларнинг ўша даврдаги бошлиқларидан бири Ибн Абу Довуд халийфа Маъмунга одамларни мажбур қилиб «Қуръон махлуқ» деб айттиришга уринди. Унинг маслаҳати билан халийфа Маъмун волийларга Аҳли сунна ва жамоа уламоларини ҳақоратлаб хат ёзди. Уларни ҳукумат қароргоҳларига олиб келиб «Қуръон махлуқ» деган гапни айттиришни, уни бажармаганларни эса, жазолашни амр қилди.
Мусулмонлар улкан фитнага учрадилар. Ислом ақийдаси бузилиши хавфи туғилди. Бағдодда имом Аҳмад ибн Ҳанбал бошчилигида уламолар бунга қаттиқ қаршилик кўрсата бошладилар. Улар илмий мунозараларда мўътазилийларни шарманда қилишар эдилар. Буни сезган халийфа Маъмун Бағдоднинг еттита атоқли олимини ўз ҳузурига юборишни амр қилди. Уларни мажбур қилиб, эътирофларини олди ва ҳаммага эълон қилди. Шу билан имом Аҳмаднинг қанотини кесмоқчи ва шавкатини синдирмоқчи бўлди. Лекин имом Аҳмад бу фитнага қарши салобатли тоғдек маҳкам турдилар. У киши фитначиларни халқ орасида ҳужжат ва далиллар билан шарманда қилиб, довдиратиб қўйдилар.
Шунда Маъмун ўзи турган Турмус шаҳрига имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Нуҳни юборишни амр қилди. Олимларнинг қўлларини кишанлаб, беҳурмат қилиб олиб кетишди. Аммо улар йўлдалик пайтида халийфа Маъмун вафот этди.
Олимларни кишанланган ҳолларида Бағдодга қайтаришди. Йўлда Ибн Нуҳ вафот этдилар. Имом Аҳмад у кишини ўзлари ювиб, жаноза ўқиб, кўмдилар. Имом Аҳмадни эса, янги халийфа тайин бўлгунча қамаб қўйишди. Янги халийфа ҳам эскисининг йўлини тутди.
Акаси Маъмуннинг васиятига амал қилган халийфа Мўътасим ҳам фитна йўлини давом эттирди. Имом Аҳмадни икки йилдан ортиқ, аниқроғи, йигирма саккиз ой қамоқда ушлаб қийнашди, аммо иродаларини бука олмадилар. Имом Аҳмаднинг эътирофлари кўпчиликнинг ҳузурида бўлишини хоҳлашар эди. Шунинг учун, одамларни тўплаб, халифа Мўътасим ўзи чиқар ва имом Аҳмадни сўроққа тутар эди.
Гап билан енга олмасликларига кўзлари етгандан сўнг калтаклашга ўтдилар. Ҳар сафар гап-сўз фойда бермагандан сўнг Имомни ҳушидан кетиб қолгунча дарра билан уришар, кейин эса, кўтариб, қамоққа олиб кетишар, бу ҳол эртасига яна янгидан бошланар эди.
Бир куни калтак зарбидан ҳушидан кетаёзган Имомнинг қулоғига фитнабоши Ибн Абу Довуд:
«Эй, Аҳмад, қулоғимга, Қуръон махлуқ, деб қўйгин, сени халийфанинг қўлидан қутқариб оламан», деди.
Шунда имом Аҳмад бошларини зўрға кўтариб:
«Эй, Ибн Довуд, қулоғимга Қуръон Аллоҳнинг каломи, махлуқ эмас, деб қўйгин, сени Аллоҳнинг азобидан қутқариб оламан», дедилар.
Бу воқеа халийфанинг тавба қилиши, фитнабоши Ибн Абу Довуд ва унинг шериги Башрул Мусрайсийнинг боши олиниши ва имом Аҳмаднинг эъзозланиши билан тугади.
Шундай қилиб, бу буюк Имом мусулмонларнинг катта фитнадан қутулиб қолишларига сабабчи бўлдилар.
Имом Аҳмад умрларининг охирида бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар. У киши ҳижрий 241-сана, 12 робиъул аввал, жума куни вафот этдилар. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра, у зотнинг жанозаларига икки ярим миллион одам қатнашган.
Имом Аҳмад ўз мазҳабларида Қуръон ва Суннатни асосий манбаъ қилиб олдилар. Сўнгра ижмоъ ва саҳобаларнинг кучли гаплари ўрин олди. Қиёсни бошқа илож қолмагандагина ишлатиш керак, дейдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳаблари масалаларни тор олиши ҳаммага маълум. У киши кўп масалаларда тақво асосида ҳукм чиқарганлари учун шундай бўлиб кўринади.
Масалан, ит ялаган идишни тозалаш учун имом Шофеъий етти марта ювиш керак, дейдилар. Ҳадиси шарифда ҳам шу адад келган. Аммо Ибн Ҳанбал саккиз марта ювиш керак, деганлар.
Аллоҳ таоло улуғ Имомимизни ўзи раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин. Омийн!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф