loader
Foto

Ўзбекистон ва Қатар ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиқади

Доҳада Шавкат Мирзиёев ва шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний музокаралари бўлиб ўтди.

Доҳадаги “Амири Девон” мажмуасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари матбуот хизматига кўра, етакчилар Ссиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларини кўриб чиқишди.

“Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори, стратегик шериклик даражасига олиб чиқишга қатъий интилиш билдирилди”, - дейилган хабарда.

Турли даражаларда мулоқотлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда, икки мамлакат пойтахтлари ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилди. Қатарнинг йирик компаниялари билан қўшма лойиҳалар бошланди.

Ташриф арафасида Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилди, унинг фаолияти самарали шерикликни фаол ривожлантиришга кучли суръат бағишлайди.

Қатарда муваффақиятли амалга оширилаётган ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган “Нигоҳ 2030” давлат дастурига юқори баҳо берилди.

Томонлар савдо кўрсаткичларини каррасига ошириш, анъанавий ва “яшил” энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Қатарнинг илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, биотехнологиялар ва сунъий интеллект, “яшил” энергетика борасида қўшма тадқиқотлар ўтказишдан манфаатдор экани таъкидланди. Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризм ҳафталигини ўтказишга келишиб олинди.

Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Томонлар Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш механизмларини яратиш топшириғини бердилар.

Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.