loader
Foto

Саҳиҳ лиғойриҳи

«Саҳиҳ лиғойриҳи», яъни «бошқанинг сабаби билан саҳиҳ бўлган ҳадис»нинг таърифи:

Ҳасан лизатиҳи (ўз зоти билан ҳасан) ҳадисни унинг санадига ўхшаган бошқа бир санад билан, бошқа тараф-дан ривоят қилинса ёки ундан кўра кучлироқ ҳадис билан қувватланса, «саҳиҳ лиғойриҳи», яъни «бошқанинг сабаби билан саҳиҳ бўлган ҳадис» деб номланади.

Чунки бу ҳадиснинг саҳиҳлиги ўзидан эмас, бошқа тарафдан келяпти. Мана шу гапни қуйидаги математик тенглама орқали тушунишимиз мумкин бўлади.

Ҳасан лизатиҳи - ҳасан лизатиҳи - саҳиҳ лиғойриҳи.

Саҳиҳ лиғойриҳи - бошқанинг сабаби билан саҳиҳ бўлган ҳадиснинг мисоли қуйидаги ҳадисдир.

Муҳаммад ибн Амрдан, у Абу Саламадан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Агар умматимга машаққат қилиб қўйма-ганимда эди, уларни ҳар намозда мисвок ишлатиш-га буюрган бўлар эдим».

Термизий ривоят қилган.

«Мусталаҳул ҳадис» илмининг алломаларидан ҳи-собланган Ибн Салоҳ айтади: «Ушбу ҳадиснинг ровий-ларидан Муҳаммад ибн Амр ибн Алқама ростгўйлиги ва зобти билан машҳур одамлардан ҳисобланади. Лекин шу билан бирга, у яхши адо қиладиган эмас. Ҳаттоки, баъзи кишилар: «Бу одамнинг ҳофизаси, зеҳни заиф», де-ганлар. Бошқалар эса: «Бу кишининг ростгўйлиги машҳур, ўзи улуғ одам бўлган», деб обрўсини кўтаришади. Шунинг учун бу ҳадиснинг ёлғиз ўзи саҳиҳ даражасига кўтарила олмайди. Чунки Муҳаммад ибн Амрда озгина нуқсон бор. Шу ҳолда ҳадис ҳасан бўлиб турибди. Унинг матни бошқа тарафлардан, бир неча йўллар билан ривоят қилинган. Мана шу ривоятларни олиб, бунга қўшсак, биз «Муҳаммад ибн Амрнинг ёдлаши заиф, яхши эмас» деган муаммони бартараф этамиз. Бошқа ҳадислар қўшилиб, ўша нуқсон йўқолади. Шу сабабли, ҳасан ҳадис саҳихдик даражасига кўтарилади».

Саҳиҳ лиғойриҳи, яъни бошқанинг сабаби билан саҳиҳ бўлган ҳадиснинг мартабаси ҳасан лизатиҳидан устун ва саҳиҳ лизатиҳидан паст туради. Яъни «саҳиҳ лиғойриҳи» - бошқанинг сабаби билан саҳиҳ бўлган ҳадис «саҳиҳ лизатиҳи» билан «ҳасан лизатиҳи» иккисининг ўртасида туради. Шунинг учун аввал айтиб ўтганимиздек, ҳадис илмининг уламолари бу турдаги ҳадисни саҳиҳ лизатиҳи ҳадисдан кейинги, иккинчи ўринга қўядилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

"Мусталаҳул ҳадис"китобидан