loader
Foto

Соффат сураси 143-146 оятлар

143-144-145-146.Энди агар у (Оллоҳга доимо) дуо-тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди, албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган Кунларигача (яъни, Қиёматгача) қолиб кетган (яъни, ҳалок бўлган) бўлур эди. Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик. Ва унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик.

Шаъбий айтади: “Ҳут Юнусни ошуро куни чошгоҳ пайтида ютиб юборди ва ўша куни асрдан кейин, қуёш ботишга яқинлашиб қолганида соғ-саломат ҳолида денгиз соҳилига чиқариб ташлади”. Бу ошуро кунининг фазилатли кун эканидандир. Чунки худди шу куни Оллоҳ таоло Юнус алайҳис саломнинг қавмидан азобни кетказди. (“Танвирул-азҳон тафсири”дан).

Эсласак, Мусо ва Ҳорун алайҳимассалом ва уларнинг қавми бани Исроил золим Фиръавн балосидан нажот топган кун ҳам ошуро куни эди.Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича эса, Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида қирқ кун қолиб кетган. (“Маолимут-танзил тафсири”дан).Юнус пайғамбар қиссаси бошқа сураларда ҳам зикр қилингандир: “Зун-нун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг)!” (Анбиё сураси, 87-оят).Зуннун, яъни, балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан ўз қавмини Ҳақ Йўлига даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: «Сабр қил», деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича «Бу ишим учун Оллоҳ мени жазоламас», деб ўйлайди. Лекин Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб қўяди. Шунда Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинган каби нидо қилади.“Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.” (Анбиё сураси, 88-оят). “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Парвардигорин-гизнинг Хукмига (яъни, У Зот кофирларга муҳлат бериб қўйганига, Ислом Дини дарҳол ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳангбалиқ соҳиби (яъни, Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, у (ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб) ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди. Агар унга Парвардигори томонидан бўлган Неъмат-Марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолда улоқтирилган бўлур эди (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғомон чиқарди). Сўнг Парвардигори уни (яна пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пай-ғамбар)лардан қилди”. (Қалам сураси, 48-50-оятлар).Ўрганаётганимиз ояти каримада Юнус алайҳис-саломнинг қоронғу зулматларда туриб дуо қилгани зикр қилинди. Бу ўринда зулматлар кўплик шаклида келгани сабабини Абдуллоҳ ибн Аббос ва Қатода розияллоҳу анҳум шундай тафсир қиладилар: “Дарҳақиқат, Юнус Парвардигорга дуо қилган ўша соатда учта зулмат - қоронғу кеча зулмати, денгиз қаъридаги зулмат ва балиқ қорнидаги зулмат жамланган эди”. Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Юнусни ютиб юборган балиққа: “Сен унинг бир тукига ҳам озор бермагин. Чунки Мен сенинг қорнингни унингучун зиндон қилдим, аммо уни сенга таом қилиб берганим йўқ”, деб ваҳий юборади.Саид ибн Абул Ҳасандан ривоят қилинди: “Наҳанг балиқ Юнус алайҳис-саломни ютиб юборганида у ўлим келди шекилли деб ўйлади ва оёқларини чўзганича ётиб қолди, сўнгра ўлмаганини билгач, ўрнидан туриб ўз одати бўйича намоз ўқий бошлади ва дуо асносида: “Парвардигоро, мен Сен учун шундай жойни масжид қилиб олдимки, бу жойда мендан бошқа бирон кимса намоз ўқиган эмас”, деди.

Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадис ҳам Юнус алайҳис-саломни шарафлайди: “Ҳазрати Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Сизлар мени Юнус ибн Маттодан афзал деб билманглар”. Абул-Маоний Жувайний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадиснинг маъноси, мен, дейдилар Пайғамбар алайҳис-салом, меърож кечасида самога кўтарилиб, жаннатдаги Сидратул-мунтаҳо дарахти олдида турганимда Оллоҳ таолога денгиз қаъридаги балиқ қорнида турган Юнусдан яқинроқ эмас эдим”. Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг макони бирон бир тараф эмас, балки У Зот барча тараф - маконларда ва ҳамма замонларда баробар Ҳозир ва Нозир - Бор ва Кўриб тургувчидир”. (“Тафсири Қуртубий”дан).

Ояти каримада мазкур бўлган дуо шарофати ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган: Абу Довуд Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нун - балиқ Соҳиби (яъни, Юнус алайҳис-салом) балиқ қорнида туриб: “Ҳеч илоҳ йўқ, магар Сенинг Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим”, деб қилган дуосини мусулмон киши қандай нарса тўғрисида айтиб дуо қилса, ҳеч шак-шубҳасиз ўша сўраган дуоси мустажоб бўлади”. (Ушбу ҳадиси шарифни Термизий, Насоий ва бошҳалар ҳам ривоят ҳилганлар).

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анхудан қилинган яна бир ривоятда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Ла илаҳа илло анта - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Сенинг Ўзинг бордирсан” калимаси Оллоҳ таолонинг Исми Аъзами - энг Улуғ Исмидирки, Унга ушбу калима билан дуо қилинса, албатта ижобат қилади, сўралса, албатта ато этади”, деб марҳамат қилганлар. (“Танвийрул-азҳон”тафсиридан).

Уламолар “Ва унинг устида (соя ташлаб туриши учун) қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик”, ояти тафсирида денгиз соҳилига гўё янги туғилган чақалоқдек заиф ҳолида ташланган Юнуф алайҳис-саломга соябон бўлиши учун бир лаҳзада унинг устида қовоқ ўсимлиги ўсиб, палак ёзиши албатта беҳикмат эмас дейдилар. Чунки қовокнинг бир қанча фойдали хусусиятлари бордир: у жуда тез ўсиб палак ёзадиган ўсимлик, катта-катта ва юмшоқ барглари яхши соябон, унга чивин яқин йўламайди, меваси эса ўта фойдали ва шифобахш озуқа бўлиб, хомлигича ҳам, пишириб ҳам истеъмол қилинаверади, унинг пўстлоғи ҳам, данаги ҳам шифобахшдир. Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қовоқни суйиб истеъмол қилар эдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

Шайх Алоуддин Мансурнинг

"Қуръони Азим тафсири"китобидан