loader
Foto

Бану Назир ғазоти

Айтиб ўтганимиздек, яҳудлар Ислом ва мусулмонларга нисбатан адоват оловида жизғанак бўлишар, бироқ улар уруш ва жангу жадал кишилари эмас, балки макр-ҳийла ва фириб-найрангга устаси фаранг инсонлар эди.Кину адоватларини ошкор қилишар, мусулмонларга озорлар етказишнинг минг бир ҳийлаларини исташар, бироқ, ўртада урушмаслик ҳақида аҳднома борлиги учун очиқ уруш ҳаракатларидан сақланишарди. Қолаверса, улар Бану Қайнуқоъ ва Каъб ибн Ашрафнинг ўлдирилиши воқеаларидан кейин юрак ҳовучлаб қолишган, сукут қилишга ва овоз чиқармасликка мажбур бўлиб қолишганди.

Бироқ, Уҳуд воқеасидан кейин уларда ҳам журъат пайдо бўлиб, ошкора адоват ва хиёнат йўлига ўтишди, мунофиқлар ва Макка мушриклари билан яширинча боғланишиб, мусулмонларга қарши улар фойдасига ишлай бошладилар.[Абу Довуд: Хабарун назир боби: 3/116-117.]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тишларини тишларига қўйиб сабр қилиб келдилар, аммо Биър Маъуна ва Ражиъ ҳодисаларидан кейин уларнинг юзсизлик ва журъатлари чидаб бўлмас даражага етди, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан суиқасд уюштиришгача боришди.

Бунинг тафсилоти шундай бўлганди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча асҳоблари билан улар ҳузурига Амр ибн Умайя аз-Зомрий ўлдириб қўйган ҳалиги икки нафар Бану Килобликнинг хун пулини тўлашга ёрдам беришларини сўраб бордилар. Чунки, ўртадаги аҳднома бандларига кўра бу уларнинг ҳам бўйнига тушарди. Улар: «Ҳа, албатта йиғиб берамиз эй Абул Қосим, унгача сиз мана бу ерда ўтириб туринг», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кутиш учун уларнинг уйларидан бирининг девори остига келиб ўтирдилар. Абу Бакр, Умар, Алий ва бошқа бир қанча саҳобалар ҳам у кишининг ёнларида ўтирдилар.

Яҳудлар ёлғиз қолишгач, шайтоннинг сўзига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга тил бириктиришди. Бирлари: «Ким мана бу тегирмон тошини олиб, томдан унинг устига ташлаб, бошини янчиб ташлай олади?», деган эди, Амр ибн Жаҳҳош исмли бир бадбахтлари: «Мен қиламан», деди. Шунда Саллом ибн Мишкам: «Қўйинглар, бундай қилманглар! Аллоҳ уни бу макрларингиздан албатта хабардор қилади. Бундай қилиш ўртамизда бўлган аҳдномани бузиш демакдир», деб уларни у ишдан қайтаришга уринди. Бироқ, улар шум режаларини амалга оширишга қарор қилишди.

Шунда оламлар Парвардигори ҳузуридан Жибрил алайҳиссалом тушиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни уларнинг шум ният ва режаларидан бохабар қилдилар. У зот дарҳол ўринларидан туриб, Мадинага қараб йўл олдилар. Саҳобалари орқаларидан эргашиб: «Шошилиб туриб кетдингиз, тинчликми?», деб сўрашганда уларга яҳудларнинг суиқасдлари ҳақида айтиб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тезлик билан Муҳаммад ибн Масламани Бану Назир ҳузурига чопар қилиб йўлладилар ва уларга: «Мадинадан чиқиб кетинглар, биз билан бирга турманглар! Сизларга ўн кун муҳлат бераман. Агар шундан кейин бу ерда сизлардан бирон кишини учратсам, бошини кесаман», дедилар. Яҳудларнинг чиқиб кетишдан бошқа иложлари қолмади. Кўчиб кетишга ҳозиргарлик кўра бошлашди. Бироқ, шу орада мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай уларга: «Маҳкам туринглар, жойларингдан ҳеч қаёққа кетмасдан қаттиқ ҳимояланинглар, мен икки минг одам билан ёнларингизда тураман, сизлар билан бирга жон олиб, жон бераман, сизларга Бану Қурайза билан иттифоқчиларингиз Ғатафон ҳам ёрдам беради», деб элчи юборди, Аллоҳ таоло хабар берганидек: (Абдуллоҳ ибн Убай деди:) «Қасамки, агар сизлар (Мадинадан) қувиб чиқарилсангизлар, албатта бизлар ҳам сиз¬лар билан бирга чиқиб кетурмиз ва сизлар(га қарши урушиш) тўғрисида ҳеч қачон бирон кимсага итоат этмасмиз. Агар сизларга қарши жанг қилинса, албатта бизлар сизларга ёрдам берурмиз», (Ҳашр: 11).

Шу билан яҳудларда ўзларига ишонч пайдо бўлиб, жанг қилиш қарорига келдилар ва раислари Ҳуяй ибн Ахтоб мунофиқлар бошлиғининг ваъдаларидан умидвор бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Биз диёримиздан чиқмоқчи эмасмиз, қўлингдан келганини қил», деб одам юборди.

Шубҳасиз, мусулмонларга нисбатан жуда ноқулай бир ҳолат юзага келганди. Чунки, бўлиб ўтган ҳодисалардан сўнг мана шундай оғир вазиятда турган пайтларида яна рақиблар билан тўқнашувга киришнинг оқибати хайрли бўлмаслиги мумкин эди. Улар арабларнинг ўзларига қарши тиш қайрашаётганини, уларнинг вакил ва элчиларига нисбатан мудҳиш хиёнатларга қўл уришаётганини кўриб туришарди. Боз устига, Бану Назир яҳудларининг куч-қуввати уларнинг таслим бўлиши эҳтимолини узоқлатар ва улар билан бўлажак тўқнашувнинг оғир кечишидан дарак берар эди. Бироқ, Биър Маъуна ва ундан олдинги фожеалардан сўнг жиддийлашиб кетган ҳолат мусулмонларнинг шахс ва жамоатларига қилинаётган хиёнат ва ғаддорлик жиноятларига нисбатан ҳассосликларини анча оширган, бундай жиноятчиларга бўлган нафратларини ҳаддан зиёд тоширган эди. Шу боис улар Бану Назирнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга суиқасд уюштириш ҳаракатидан сўнг, натижа қандай бўлишидан қатъий назар, уларга қарши жанг қилишга қатъий қарор қилдилар.

Ҳуяй ибн Ахтобнинг жавоби етиб келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтдилар, мусулмонлар ҳам такбир айтдилар. Шундан сўнг қавмга қарши жанг қилишга отландилар. Мадинага Ибн Умми Мактумни халифа қилиб қолдириб, Бану Назир сари юриш бошладилар. Байроқни Алий ибн Аби Толибга бердилар. Етиб боргач, уларни қамал қилдилар.

Бану Назир ўз қалъалари дарвозаларни танбалаб, томлари устидан мусулмонлар устига ўқ ва тошлар ёғдира бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни хурмозор ва боғларидан келадиган ёрдамдан маҳрум қилиш мақсадида уларни кесиб ва ёқиб юборишга буюрдилар. Ҳассоннинг шеърида келгани каби:

Бану Луай улуғларига ҳечдир

Бувайрани қоплаб олган аланга.

(Бувайра – Бану Назир хурмозори номи эди.) Бу ҳақда Аллоҳ таоло оят ҳам нозил қилдики: «(Эй мўминлар), сизлар (Бану Назир хурмозорларидан) бирон хурмо дарахтини кесдингларми ёки уни ўз танасида турган ҳолида қолдирдингларми, бас (сиз¬лар қилган ҳар бир иш) Аллоҳнинг изни-иродаси билан ва у фосиқ-итоатсиз кимсаларни расво қилиш учун (бўлди)» (Ҳашр: 5).

Қурайза уларни ёлғизлатиб қўйди, Абдуллоҳ ибн Убай ҳам, иттифоқчилари Ғатафон ҳам хиёнат қилди, ҳеч бирлари уларга на бир ёрдам кўрсатишга ва на бир ғамларини аритишга қўл уришмади. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг ҳолини шайтоннинг ҳикоясига ташбеҳ қилди: «(Яҳудийларни мўминларга қаршилик қилишга гиж-гижлаётган мунофиқлар) худди шайтоннинг ўхшашидирлар. Эсланг, у инсонга «Кофир бўл», деган эди. Энди қачонки (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга) «Албатта мен сендан безорман...», деди» (Ҳашр: 16).

Қамал узоққа чўзилмади, бор-йўғи олти кун давом этди – баъзилар ўн беш кунга чўзилган ҳам дейишган – шундан сўнг Аллоҳ таоло уларнинг дилларига қўрқув солди, натижада улар қуролларини ташлаб, таслим бўлишга тайёрлана бошладилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам чиқариб, Мадинани тарк қилмоқчи эканликларини билдиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бола-чақаларини олиб, қуролларидан ташқари туялари кўтаргудек юклари билан Мадинадан чиқиб кетишга изн бердилар.

Улар бу шартга рози бўлишди ва кўчириб кетиш мақсадида уйларининг эшик-деразаларигача буза бошладилар. Айримлари ҳатто қозиқлару тўсинларгача юкладилар. Сўнгра хотин, бола-чақаларини олиб, олти юз туя юк билан Мадинани ташлаб чиқиб кетдилар. Кўпчилиги ва Ҳуяй ибн Ахтоб, Саллом ибн Абу Ҳуқайқ каби раислари Хайбарга кўчиб кетишди. Бир тоифаси Шомга кетди. Улардан фақат икки киши – Ёмин ибн Амр билан Абу Саъд ибн Ваҳб Исломни қабул қилиб, мол-мулкларини сақлаб қолишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бану Назирнинг қурол-аслаҳаларини олдилар, ерларига, уй-жой ва мол-мулкларига эга бўлдилар. Улардан олинган қуроллар 50та совут, 50та дубулға ва 340та қилични ташкил қилди.

Бану Назирнинг мол-мулки, ерлари ва ҳовли-жойлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига тегишли бўлиб, уларни ўзлари истаган ўринга ишлатишга ҳақли бўлдилар, уларни бешга тақсимламадилар. Чунки, уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи ғанимат қилиб берди, мусулмонлар от-уловларини ўйнатиб, жанг қилиб қўлга киритмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни хоссатан муҳожирларга тақсимлаб бердилар, ансорлардан фақат икки кишига – Абу Дужона ва Саҳл ибн Ҳунайфга камбағал бўлганлари учун бердилар. Ундан ўз аҳли-оилаларига ҳам йиллик нафақа сифатида бериб турар, қолганини эса Аллоҳ йўлида қурол-аслаҳа ва от-улов сотиб олишга сарфлар эдилар.

Бану Назир ғазоти тўртинчи ҳижрийнинг рабиул-аввалида – 625- йил августда – бўлиб ўтди. Аллоҳ таоло бу ғазот ҳақида тўла бир сура - «Ҳашр» сурасини нозил қилди. Унда яҳудларнинг сургун қилинишини сифатлаб, мунофиқларнинг шармандали маслакларини очиб берди, ўлжа ҳақидаги ҳукмларни баён қилди, муҳожир ва ансорларни мақтади, ҳарбий манфаатлар учун душман еридаги дарахтзорларни кесиш ва ёқиб юбориш жоизлигини, бу нарса ерда бузғунчилик қилишга кирмаслигини баён қилди, мўминларни тақвони лозим тутишга ва охиратга ҳозирланишга буюрди, сура хотимасини Ўзига ҳамду сано айтиш ва Ўзининг исм ва сифатларини баён қилиш билан якунлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Ҳашр» сураси ҳақида гап кетса: «Назир сураси дегин», деб қўярдилар.[Ибн Ҳишом: 2/190-192, Зодул-маод: 2/71, 110, Саҳиҳул Бухорий: 2/574, 575.]

Ибн Исҳоқ ва бошқа кўпчилик тарих ва сийрат аҳлларининг ушбу ғазот ҳақида ривоят қилган сўзларининг хулосаси шудир.

Абу Довуд, Абдурраззоқ ва бошқалар бу ғазотнинг келиб чиқиши ҳақида бошқа бир сабабни ривоят қилганлар. Яъни, Бадрда мағлубиятга учраган Қурайш кофирлари ушбу жангдан сўнг яҳудларга мактуб йўллаб: «Сизлар қилич-қалқон ва қалъалар эгасисиз. Сизлар бизнинг қабиладошимиз (яъни пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан урушсангиз урушдингиз, акс ҳолда биз фалон-фалон ишларни қиламиз, аёлларингизнинг оёқларидаги тақинчоқлари билан бизнинг ўртамизга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмай қолади», деб пўписа қилишди. Ушбу мактуб келганидан сўнг яҳудлар хиёнатга иттифоқ қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга одам юбориб: «Ўттизта асҳобингиз билан бизнинг ҳузуримизга келинг, биз ҳам ўттиз нафар ҳабр (олим, руҳоний)ни олиб чиқайлик, ўрталиғимиздаги фалон жойда учрашайлик. Улар сизнинг сўзларингизни эшитиб кўришсин. Агар тасдиқлашса ва иймон келтиришса, биз ҳам ҳаммамиз сизга иймон келтирайлик», дейишди. Шундан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўттизта саҳобалари билан чиқиб бордилар, яҳудлардан ҳам ўттизта ҳабр чиқди. Бир ялангликка чиқиб боришгач, яҳудлар бир-бирига: «Қандай қилиб уни ўлдиришга имкон топасиз, ваҳоланки ўттизта асҳобининг ичида бўлса, ҳаммаси унинг учун жон беришга тайёр бўлсалар?!», дейишди. Сўнг у зотга одам юбориб: «Олтмиш киши қандай қилиб бир-биримизни тушуна оламиз, яхшиси сиз учта асҳобингиз билан келинг, биздан ҳам учта олим чиқсин, ўшалар сизнинг сўзингизни тасдиқлашса, биз ҳам иймон келтириб, тасдиқлайлик», дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хўп деб, учта саҳоба билан чиқиб бордилар. Яҳудлар ҳам ҳанжарларини кийимлари ичига яшириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш мақсадида чиқиб боришди. Шу орада Бану Назирдан бўлган бир софдил аёл ўзининг ансорлар ичидаги бир қариндошига хабар йўллаб, Бану Назирнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга уюштирмоқчи бўлаётган суиқасдидан хабардор қилди. Ҳалиги ансорий зудлик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига етиб келиб, эшитган хабарини у зотнинг қулоқларига шипшиди. Яҳудлар ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига етиб келмаган эдилар. У зот тезда Мадинага қайтиб кетдилар ва эртасигаёқ улар устига юриш қилиб, қамалга олдилар. Уларга: «Сизлар менинг олдимда фақат аҳд берибгина омон қолишингиз мумкин», дедилар. Улар аҳд беришдан бош тортишди. Ўша куни улар билан уруш олиб бордилар. Эртасига уларни қўйиб, Бану Қурайзага лашкар тортиб бордилар ва уларни аҳднома беришга чақирдилар. Улар аҳднома беришди. Шундан сўнг қайтиб, яна Бану Назирга лашкар тортиб келдилар. Улар билан уруш олиб бордилар. Охири улар туя кўтаргудек юкларини олиб, қуролларини ташлаб, сургун қилинишга рози бўлишди. Шундан сўнг Бану Назир матоларини, уйларининг эшик-деразаларини туяларга ортишди, уйларини бузиб, қўлга киргудек ёғочларигача олиб кетишди.[Мусаннаф Абдурраззоқ: 5/358-360 (9733-ҳ), Сунан Аби Довуд: Китобул-хирож вал-файъи вал-имора, боб фий хабарин-назир: 2/154.]

"Ар-раҳиқ ал-махтум"китобидан