loader
Foto

Билмайман, дейиш илмнинг ярмидир

Лекин орамизда шундай инсонлар ҳам борки, улар сўралаётган масаланинг шаръий ҳукмини билмайдилар ёки билсалар ҳам қониқарли жавоб беришга ожизлик қиладилар. Афсусланарли жойи шундаки “билмайман” дейишнинг ўрнига ўзларича жавоб берадилар ва кўп ҳолларда бу мусулмонларнинг адашувига сабаб бўлади.

Ким айбдор?

Бугун жамиятда Исломга бўлган катта қизиқиш ва бу дин ҳақидаги билимларнинг тарқалиши баъзи салбий ҳолатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Албатта, бу ерда гап илмнинг ўзи ҳақида эмас. Муаммо уни етказиб, тарқатаётган баъзи одамлар ҳақидадир. Ҳамма масалалар бўйича жавоб бериб ташлайдиган ва ўзининг ҳақлигига юз фоиз амин бўлган қандайдир билағонларнинг борлигини кўриб турамиз. Бунинг устига, унинг фикрига тўғри келмайдиган ҳар қандай бошқа фикр “хуш кўрилмайди”. Улар ҳақни ҳимоя қилиш ўрнига ўз нафсини, яъни комил эмаслиги ёки билимсизлиги ё қандайдир масалада билими тўлиқ эмаслигинини инкор қилиб, ётиб олиб ҳимоя қилишга уринадилар. Бундай қилиш албатта мақбул эмас.

Ўтган уламолар билағонлик қилишдан, бирор масалани сўраб келганга дарров жавоб қайтаришдан тийилишган. Саодат асрида саҳобалар ҳузурига бирор киши масала сўраб келганида «Мендан кўра фалончи билимлироқ», деб уни бошқа саҳобага йўллашар, у ҳам ўз навбатида бошқасига юборар, гоҳо сўровчи шу тариқа айланиб-айланиб, яна биринчи учрашган одамига келиб қолар эди.

Бир воқеа

Эсимда, иккита ҳамкасбим дин ҳақида гаплашиб ўтирган эди. Биттаси бошқасидан сўради: “Парвардигорнинг “Раҳим” исмининг маъноси нима?” Иккинчиси эса навбатдаги саволни берди: “Раҳмон” сўзининг маъноси-чи? Жавоб берувчи, унчалик дадил бўлмаган оҳангда, барибир жавоб бериб: “Бу Аллоҳ меҳрибондир, дегани бўлади”, деди. Жавоб берувчи иккита исмда фарқ борлигидан унчалик хабари йўқлиги билиниб турар эди. Бу воқеа мени, бугунги кун уммат танасида инфекция каби тарқалаётган қалблар хасталиги ҳақида жиддий фикр-мулоҳаза қилишимга сабаб бўлди...

Билағонлик синдроми

Бу касалликнинг мен “билағонлик синдроми” деб аталаган бўлар эдим. Унинг энг асосий симптоми (белгиси) эса, “ўзи билмайдиган нарса ҳақида жуда кўп сўзлашдир”. Бир одамга савол берилади. У эса, саволга жавобни билмаган ҳолда ёки жавобнинг маълум бир қисмини билиб, (мавзуга оид бўлмасада) жуда  кўп сўзлайди. (“гапни олиб қочади”). Агар одам тўғри жавобни билса, ишончли манбаларга суянса, айтилган гапларини керакли бўлган қўшимча маълумотлар билан бойитса, бу мақбулдир. Бироқ кўпинча, бирор кимса кимдандир иқтибос келтиради, кимнингдир сўзларини сўзлаб беради, лекин уни қаерда эшитган ёки қайси китобдан ўқиганини айтиб бера олмайди. Бу ҳадисми ёки бирон бир олимнинг гапими, билмайди. Агар ҳадис бўлса унинг сиҳатини айтиб бера олмайди. Ўша ҳадис саҳиҳми ёки заифми, билмайди. Буни эътиборга олиш билан бирга бир қатор ҳадисларни айнан қандай бўлса шундайлигича ривоят қилиш лозим бўлади. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани айтган ёки қилган бўлсалар шунга қараб вазиятни тўлиқ тасвирлаш керак. Бу нотўғри фикрлар, ноаниқлик ёки эшитувчиларда ҳадисни хато тушуниш эҳтимоли бўлмаслиги учун қилинади.

Оқибат

Бундай енгил ёндашув оқибатида инсон уламолар ёки бошқа бир кимсага у айтмаган сўзларни нисбат бериб қўйиши мумкин. Биринчидан, одамнинг иймонига путур этади, чунки у нотўғри амал қилаётган бўлса у ҳолда иймони камаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисни ёдга олайлик: «Эшитган нарсасини гапираверишлик кишининг ёлғончи эканлигига кифоя қилади». Яъни, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар инсон эшитган нарсаларини тўғрими ёки нотўғрими, ўша гап фойдалими ёки фойдасиз, керакми ё кераксизми, хуллас текширмасдан гапириб юрадиган бўлса у ёлғончи бўлиб қолиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда.

Ўзи зарар кўраётганига қарамай, у ўзининг билағонлиги билан атрофдагиларга ҳам зарар келтириши мумкин. Сўраётган одам тўғри ва аниқ жавоб олиш истагида бўлади. Жавоб тўлиқ бўлмаса ёки нотўғри бўлса, сўраган одам уни тўлиқ ёки саҳиҳ экан, деб қабул қилади. Бу эса ўз навбатида нотўғри хулосалар чиқариб қўйишга сабаб бўлади. Мисол учун, юқоридаги вазиятга илк марта тушганимда ва менга янада ишонч билан бу "билим"ни тақдим этганингизда, мен ишонардим ва жавобни эса чин ва тўла-тўкис деб қабул қилардим. Яъни, етарли билимга эга бўлмасада, билағон ўзининг "бузилган ҳақиқат"ини яна бошқа бировга етказади (тарқатади).

Буларнинг ҳаммаси ёш болаларнинг “бузилган телефон” ўйинини эслатади... Бироқ, бизнинг ҳолатда масала жуда жиддийдир.

Нима қилиш керак?

1. Билағонлик касалидан қутилиш учун мусулмон одам ҳамма нарсани билмаслиги ва била олмаслигини яхши тушуниши керак. Бу ерда Суқрот ҳикматига мурожаат қилсак ҳам бўлади: У: “Мен ҳеч нарса билмаслигимни биламан”, деган эди. Шундай ёндашиш нафсни билағонлик касалидан сақлаши ва атрофдагилар билан муносабатларни яхшилаши мумкин, айниқса диний ишларга тегишли масалаларда жуда эҳтиёт бўлиш керак.  Яъни, масалага бу тарзда ёндашишлик ихтилофларга сабаб бўладиган бахсларнинг келиб чиқиш эҳтимолини камайтиради. Бундан ташқари, инсон ўзининг тўлиқ билимга эга эмаслигини билиши унга чала билимини бойитишга, ўзининг устида ишлашига туртки бўлиши ҳам мумкин.

2. Эҳтимол, билағонлар ўзининг интеллектуал бойлигини намойиш қилиш каби нафс буйруғига эргашишдан ташқари улар бирон кимсага ёрдам бермоқчи бўлган бўлиши ҳам мумкин. Яхши нияти шу қадар каттаки, у хатто оқибатларни ўйлаб ҳам кўрмайди.

Иккинчидан, шуни эътиборга олиш керакки, билағонлик синдромидан сақланиш учун, тушунмаган ёки нотўғри тушунганини айтишдан кўра сукут қилгани яхши эканини англаш керак: тўлиқ, тушунарли, ишончли деб топилмаган жавобни беришдан кўра сукут қилгани афзал.

Ҳадисларнинг бирида: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас яхши гапни гапирсин ёки жим турсин», деб айтилган.

3. Гарчи, инсон савол мавзуси бўйича қандайдир билими бўлган тақдирда ҳам, у ўз билимини паст баҳолаб, саволнинг бошқа кўп жиҳатлари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда "менга маълум бўлгани шу" ёки "эшитганимни ё бирор жойда ўқиганимни айтяпман", деб қўшиб қўйиши лозим. Ҳамда сўровчига жавоб тўлиқ бўлмаслигини ва бундан ишончлироқ манбалардан излаб кўриш ўринли эканини эслатиб ўтиши керак.

Ана шунда сўровчини янглишиш эҳтимолидан сақлаган бўлади.

Ўрнак учун мисоллар

Бундай ҳолатларда уммат ичидаги энг яхши саналган зотлар қандай йўл тутар эди? Имом Нававийнинг «Ал-Мажмуъ» номли китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагилар ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир юз йигирма ансорий саҳобаларининг ҳар биридан масала сўралганида, ана ундан сўра, ана ундан сўра деб, яна аввалгисига қайтиб келганини кўрдим». Имом Молик билан бўлиб ўтган воқеани эслатиб ўтамиз. Молик ибн Анасдан (раҳматуллоҳи алайҳ) тўрт юз масала сўралганида, уч юз тўқсон олтитасига “билмайман” деб жавоб берган эканлар. Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадилар: «Билмайман» дейиш илмнинг ярмидир. Ким билмаган нарсаси ҳақида Аллоҳ учун сукут қилса, гапирганидан кам савоб олмайди, чунки бу борада билимсизлигини эътироф қилиши нафсига оғир келади». Ибн Қайюм айтади: «Билмайман» дейишни ўрган, “биламан”ни унут, сен билмайман десанг, билгунингча ўргатишади, биламан десанг, билмагунингча сўрашади». Имом Муҳосибий бундай ёзади: «Киши то билгунича сўрашдан уялмаса, билмаган нарсаси ҳақида сўралганида, “билмайман” дейишдан уялмайди». Абу Толиб Маккий: «Аллоҳ таолодан қўрқиб сукут қилиш гўзаллиги илм билан гапиришдаги гўзаллик кабидир», дейди. Инсон билмаган нарсасини билмайман, деб айтишдан орланмаслиги лозим. Имом Мовардий "Одоб" асарида шундай ёзади: "Барча илмларни эгаллашнинг иложи йўқ экан, унинг бир қисмини билмаслик айб эмас, шунинг учун киши билмаган нарсасини билмайман дейишлигида зарар йўқ. Энг ёмони хато, нотўғри гаплар билан инсонларни адаштириш, қалбларга шубҳа солишдир".

Билағонлик қилиш (синдроми) – бугун биз фош қилган нафс хизматчиларининг биридир. Биз унинг башарасидан таниб олганимиздан кейин, бир-биримизга билим бераётганда диққатлироқ ва маъсулиятли бўлишимизни тақозо қилади. Билмаган нарсани гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳдир. Шариат ҳукмини билмасдан туриб бошқа бир кишига нотўғри нарсани шу шариат ҳукми деб айтиш эса умуман тенги йўқ залолатдир, тенги йўқ адашувдир, тенги йўқ улкан гуноҳдир. Чунки шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Шариатда жоҳиллик билан гапиришда эса, ҳам бу дунё, ҳам оҳират куяди. Чунки шариат масаласи ҳалол-харом, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш, фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади, шу билан бирга илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳамма ерни бузади, одамлар фалончига айтди, деб унинг гапини бир-бирларига айтадилар, ўзаро тарқатадилар, ва натажада залолат кенг ёйилиб кетади.

Аллоҳ таоло залолатдан сақлаб, тўғри йўлдан адаштирмасин...

Интернет  материалари асосида

Абу Муслим тайёрлади

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР