loader
Foto

Жиноятлар китоби

Ислом шариатида инсоннинг жонига ёки аъзоларига зарар етказиш ёки ўлдириш жиноят дейилади.

Одам ўлдириш беш турли бўлади.

Биринчиси, атайлаб (қасддан) ўлдириш. Бунда инсонни ўткирланган нарса ёки олов каби баданни титиб юборадиган нарса билан уриб ўлдириш тушунилади. Бу ҳолатда ўлдирган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади ва ундан қасос олинади.

Иккинчиси, атайлаб ўлдиришга ўхшаш. Бунда баданни титиб юборадиган нарсадан бошқаси билан уриш тушунилади (ёғоч, ҳасса, қамчи кабилар билан уриш). Бу ҳолатда ҳам ўлдирган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади. Каффорат тўлайди (каффорат ҳақида “Дия китоби”да айтилади). Унинг оқиласи - ота томондан эркак қариндошлари оғирлаштирилган дия (товон пули) тўлайдилар (оқила ва оғирлаштирилган дия ҳақида “Дия китоби”да батафсил маълумот берилган).

Тажовуз туфайли инсоннинг бирор аъзосига талафот етказилса, бу атайлаб тажовуз қилиш ҳукмида бўлади ва урувчининг ўша аъзосидан қасос олинади.

Учинчиси, янглишиб ўлдириш. Бунга кийикни мўлжаллаб отганда ёнидаги одамга тегиб кетиши, душман деб ўйлаб отганда ўзиникига тегишини мисол қилиш мумкин.Тўртинчиси, янглишга ўхшаш ўлдириш. Бунга ухлаб ётган одамнинг қулаб тушиб бошқани ўлдириб қўйишини мисол қилиш мумкин. Бунда ўлдириб қўйган каффорат, унинг оқиласи эса дия тўлайдилар.

Бешинчиси, сабаб билан ўлдириш. Бунга ўзининг мулки бўлмаган ерда хукуматдан берухсат қудуқ кавлаганда унга бирор киши тушиб кетиб ўлишини мисол қилиш мумкин. Қудуқ кавлаган одам ўзи кавлаган қудуқ туфайли бировнинг ўлимига сабабчи бўлгани учун сабаб билан ўлдириш дейилади.

Сабаб билан ўлдиришда ўлдирувчи ўлганнинг меросхўри бўлса, мерос олиши мумкин. Яъни, ўзи истамаган ҳолатда ўлимга сабабчи бўлгани учун меросдан маҳрум қилинмайди.

Қасосда ёш болалик, аёллик, қуллик, жиннилик, кўрлик, хасталик, зиммийнинг кофирлиги ва аъзолардаги камчилик эътиборга олинмайди. Яъни, катта киши ёш болани, эркак аёлни, озод киши қулни, соғ жиннини, кўзи очиқ киши кўрни, ҳамма аъзоси бутун киши аъзолари майиб одамни, мусулмон зиммийни ўлдирса, бу ҳолатларнинг барчасида қотилдан қасос олинади. Ўлдирилган одамда юқоридаги сифатларнинг бўлиши қасос олишни ман қила олмайди.

Отадан ўғил учун қасос олинмайди. Лекин фарзанддан отаси ва онаси учун қасос олинади.

Хожадан ўз қули ва чўриси учун қасос олинмайди.

Қасос фақат қилич билан олинади.

Агар бир киши ўлдирилиб, унинг битта катта ёшли ва битта кичик ёшдаги ўғли қолса, катта ёшдагисининг (уканинг улғайишини кутиб ўтирмасдан) қасос талаби билан қотил ўлдирилади.

Душман билан тўқнашувда мусулмон мусулмонни мушрик деб ўйлаб ўлдириб қўйса, каффорат ва дия тўланади.

Қилич ўқталган ақлли ва балоғатга етган кишини ўлдирган одам ҳеч нарса тўламайди. Аммо кундузи ўзига таёқ (калтак) ўқталган одамни ўлдирса, қасос олинади. Чунки кундуз куни ёрдамга келувчилар мавжуд бўлади, шунинг учун таёқ ўқталганни ўлдиришга ҳожат йўқ.

Юқоридаги ҳолатда балоғатга етмаган бола ёки жинни одам ҳужум қилса ва ўзини ҳимоя қилаётган уни ўлдириб қўйса, қотил ўз молидан дия тўлайди. Ўзига ташланган жониворни ўлдирган одам унинг қийматини тўлайди.

Жондан бошқага талафот етказган одамга худди шундай талафот етказилади, яъни кам ҳам, кўп ҳам қилмай қасос олинади. Айнан ўшандай талафот етказишнинг иложи бўлмаса, дия олинади. Мисол учун, қўл ёки оёқ бўғимидан кесилганда, тажовузкорнинг ҳам худди ўша аъзолари кесилади. Аммо суяк синдирилса, тажовузкорнинг суяги синдирилмайди. Чунки худди унинг синдирганидек қилиб синдиришнинг иложи йўқ. Жондан бошқага талафот етказилганда эркак ва аёл, озод одам ва қул, шунингдек, икки қул ораларида қасос жорий қилинмаган. Мисол учун, эркак аёл кишининг бирор аъзосига жароҳат етказса, дия тўлайди. Қасос олинмайди. Бир кишининг соғлом қўлини кесиб ташлаган одамнинг қўли айбли бўлса (масалан, бармоқлари кам бўлса, мажруҳ бўлса), жабрланувчи истаса қасос олади, истаса дия олади.Бир одам бошқасига атайлаб жароҳат етказганидан кейин у ўлиб қолса, жароҳат етказгандан қасос олинади.

Қасос олиш қотилнинг ўлими, марҳум эгаларининг афви ва сулҳи сабабли соқит бўлади. Марҳумнинг афв ва сулҳга рози бўлмаган эгалари ўз ҳиссаларини 3 йил давомида қотилнинг молидан тўлайдиган диясидан оладилар.

Кўпчилик бир кишини ўлдирса, қотилларнинг барчаси ўлдирилади. Шунингдек, бир киши кўп кишини ўлдирса ҳам, қотилдан қасос олинади. Бу ҳолатда ўлдирилганларнинг эгаларидан биттаси келиб қасос талаб қилса, (бошқа ўлдирилганларнинг эгаларини кутиб ўтирмасдан) қотил ўлдирилаверади.

Бир кишининг битта қўлини икки киши биргалашиб кесса, ҳеч қайсисининг қўли кесилмайди. Балки ҳар иккалови ҳам товон пули тўлайдилар.

Қул бир кишини ўлдирганига иқрор бўлса, ундан қасос олинади.

Бир одам бировни ўлдириш мақсадида ўқ отса ва ўқ ўша одамни ҳамда ундан ўтиб иккинчи одамни ўлдирса, бу ҳолатда биринчи ўлган одам учун қотилдан қасос олинади. Иккинчи одам учун эса қотилнинг оқиласи дия тўлайди.

Агар бир одам бировнинг бирор аъзосига зарар етказса ва жабрланувчи унинг бу қилган ишини кечирганидан сўнг олган жароҳати туфайли ўлса, дия олинади. Бордию жабрланувчи, “унинг ушбу қилган жиноятини ёки ушбу қилган ишидан келиб чиқадиган зарарларни кечирдим”, деган бўлса, жиноятчидан қасос олинмайди. Шунингдек, ушбу жиноят атайлаб содир этилган бўлса, жиноятчи ҳеч нарса тўламайди. Агар янглишиб содир этган бўлса, тўланадиган дия жабрланувчи қолдирган мероснинг учдан биридан кечилади. Мисол учун, дия 1000 сўм, қолдирилган мерос 3000 сўм бўлганда, дия мероснинг учдан биридан кўп бўлмагани учун тўлиғича кечиб юборилади. Агар дия 900 сўм, қолдирилган мерос эса 1500 сўм бўлса, бу ҳолатда мероснинг учдан бири 500 сўмга тенг бўлади. Демак, диядан 500 сўм кечилади. Яъни, 900 сўмдан 500 сўм айириб, 400 сўмни пайдо қиламиз. Мана шу 400 сўмни айбдор шахс ўлганнинг меросхўрларига беради.

Ҳанафий фикҳидан зарур масалалар