Энди Од (қабиласига келсак), бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб, ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло, уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар). Ҳааққоҳ сураси, 6-8-оятлар
Арабистон ярим оролининг тарихи жуда қадимийдир. Саҳро аҳли - бадавийлар ҳақида бизгача кўплаб афсона ва ривоятлар етиб келган.
Ана шундай ривоятлардан бирида бепоён саҳродаги қум барханлар орасида жойлашган шаҳар ҳақида ҳикоя қилинади. Атрофи тап-тақир чўл билан ўралган бўлса-да, гуллаб-яшнаган бу шаҳар аҳли бой-бадавлат бўлган экан.
Аммо бадавийларнинг айтишларича, шаҳар аҳли оғир гуноҳ ишларни қилиб, Парвардигорнинг қаҳру-ғазабига учраган. Бутун шаҳар аҳолисини қум тириклай ютиб юборган. Арабистон ярим оролининг жанубидаги Яман мамлакатида олиб борилган археологик қазилмалар бадавийлар орасида нақл қилинган бу ривоятнинг афсона эмас, балки айни ҳақиқат эканлигини кўрсатди. Қадимий манбаларда зикр қилинаётган шаҳар аҳли эса Қуръони каримда хабари келган Од қавми эканлиги маълум бўлди.
Бу қадимий шаҳарни биринчи бўлиб топган одам ҳаваскор археолог Николас Клэпп бўлди. Арабшунос ва ҳужжатли кино продюсери бўлган Клэпп қадимий Арабистон тарихини ўрганиш жараёнида пайтида бир китобга қизиқиб қолади. Бу 1932 йилда Англиялик тадқиқотчи Бертран Томас қаламига мансуб Arabia Felix китоб эди.
Arabia Felix - қадимги римликлар Арабистон ярим оролининг жанубий қисмини шундай деб атардилар. Бу жумланинг маъноси - «Қут-баракали Арабистон» эди, чунки бу жойнинг одамлари савдо ва тадбиркорликда донг чиқарган эдилар. Хўш, уларнинг бундай номланишига нима сабаб бўлган?
Маълум бўлишича, бу ерда яшовчи халқлар ладан етиштириш ва уни сотиш билан шуғулланган экан. Ладан қадимий халқлар орасида жуда кенг тарқалган ўсимлик бўлиб, унинг хушбўй ҳидидан турли урф-одатлар ва маросимларда фойдаланишар эди. Ладан шу қадар ноёб бўлганки, унинг баҳоси олтинга тенг ҳисобланган.
Англиялик тадқиқотчи Томас ўз китобида ана шу қавм яшаган шаҳарнинг қолдиқларини топганлигини таъкидлаган эди. Бу шаҳарни бадавийлар Убар деб аташар эди. Ана шу жойларга қилган саёҳатларидан бирида бадавийлар Томасга эски бир сўқмоқ йўлни кўрсатишди. Мана шу йўл жуда қадимий Убар деб аталган шаҳарга олиб боради, дейишди. Аммо афсуски, сирли шаҳарга қизиқиб қолган Томас вафот этиб, ўз тадқиқотларини давом эттира олмади.
Томаснинг китобларини ўрганиб чиққан Клэпп ушбу йўқолган шаҳарни топишга аҳд қилди ва шу заҳоти ишни бошлаб юборди.
Клэпп аввало НАСАга мурожаат қилиб, Томаснинг китобларида зикр қилинган жойни сунъий йўлдош орқали суратга олиб беришни илтимос қилди. Сунъий йўлдош орқали олинган суратларда Ердан туриб қараганда кўз илғамайдиган илонизи йўллар пайдо бўлди. Клэпп бу суратларни қадимий хариталарга солиштириб кўриб, ҳайратдан қотиб қолди: харитада кўрсатилган йўллар сунъий йўлдошдан туриб олинган суратлардаги йўлларнинг худди ўзи эди!!! Барча йўллар бориб, кесишган жойда эса бир пайтлар катта шаҳар бўлганлиги шундоққина кўриниб турар эди.
Клэпп дарҳол археологик экспедицияни ташкил қилишга киришди. Сафар узоқ ва машаққатли бўлса-да, жуда қизиқарли эди. Бепоён саҳроларда кетаётган тадқиқотчилар гуруҳига техниканинг энг сўнгги ютуқларидан фойдаланишга тўғри келди. Бироқ саҳронинг оғир шароитига баъзан энг замонавий техникалар ҳам дош бера олмасди.
Клэпп ва унинг командаси узоқ сафардан сўнг ниҳоят бир пайтлар Убар деб аталган шаҳар жойлашган ерга етиб келдилар. Дастлабки қазилмалардаёқ топилган харобаларнинг Қуръони каримда зикр қилинган Од қавми яшаган Эрам шаҳрига мансублиги аниқланди. Клэпп ўз тадқиқотларида тез-тез Қуръони каримга мурожаат қилиб турди.
Қуръони каримда Эрам шаҳрига “баланд устунлар эгаси” деб таъриф берилган. “Устун” сўзи араб тилида “минора” маъносини ҳам англатади, яъни Қуръони каримда бу шаҳар баланд миноралар эгаси деб таърифланган.
Қазилмалар пайтида ана шу баланд минораларнинг қолдиқлари топилди. Олимлар уч ўлчамли тасвир технологиясидан фойдаланиб, минораларнинг чизмаларини тиклашга муваффақ бўлдилар.
Тадқиқотчилар гуруҳининг аъзоси, қазилмаларга бевосита раҳбарлик қилган доктор Заринснинг айтишича, бу шаҳарда баланд миноралар кўп бўлган. Бошқа археологик қазилмаларда бундай объектлар учрамаган. Шу сабабдан, бу шаҳар Қуръони каримда зикр қилинган Од қавми яшаган Эрам шаҳрининг айнан ўзидир.
(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, Эрам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми? Фажр сураси, 6-8-оятлар
Од (қабиласи ҳам ўзларига юборилган Ҳуд пайғамбарни) ёлғончи қилди. Бас, Менинг азобим ва огоҳлантиришим қандоқ бўлди?! Дарвоқеъ, Биз уларнинг устига бир давомли нахс кунида (яъни, нахс-шумлиги ҳеч кетмайдиган кунда) бир даҳшатли бўронни юбордикки, у одамларни гўёки улар суғуриб олинган хурмо (дарахти)нинг таналаридек юлиб-учириб кетур. Қамар сураси, 18-20-оятлар
Археологик қазилмалар пайтида топилган Убар шаҳри Од қавмининг ватани эди. Бу қавм Аллоҳ Таоло юборган ҳазрати Ҳуд алайҳиссаломни инкор этиб, уни ёлғончига чиқарди. Роббимиз бу осий қавмни даҳшатли азобга гирифтор қилди.
Бас, қачонки, улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: «Бу бизларга ёмғир келтиргувчи булутдир» дедилар. (Ҳуд айтди): «Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса - бир бўронки, унда аламли азоб бордир. Аҳқоф сураси, 24-оят
Оятда айтилишича, Од қавми узоқдан яқинлашиб келаётган булутга парво қилмай, уни оддий ёмғир келтирувчи булут деб ўйлаган. Мана шу вазият Од қавми гирифтор бўлган даҳшатли офатни аниқлашда муҳим роль ўйнайди. Яқинлашиб келаётган булут аслида улкан қум массасини ердан кўтарган қуюн эди. Од қавми Аллоҳнинг макрига учраб, ғафлатда қолди.
“Саҳролар атлантидаси” деб аталган Убар шаҳри ғоятда қалин қум қатлами остидан топилди. Қуръони каримда хабар берилишича, даҳшатли бўрон (қуюн) “етти кеча ва саккиз кун тўхтамади”, шаҳарга тонналаб қум ёғиб, Од қавмини тириклай кўмиб юборди.
Од қавмини қум бўрони кўмиб юборганлигининг энг муҳим далили ояти каримадаги “аҳқоф” сўзидир. Бу сўз Од қавмининг қаерга жойлашганлигига ишора қилади.
(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Од (қабиласи)нинг биродарини (яъни, Ҳуд пайғамбарни) эсланг! Ўшанда у - дарвоқеъ, ундан илгари ҳам, ундан кейин ҳам огоҳлантиргувчи (пайғамбар)лар ўтгандир - ўзининг қумтепалардаги қавмини: «Сизлар Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар! Мен ҳақиқатан, сизларнинг устингиздаги улуғ Куннинг азобидан қўрқурман», деб огоҳлантирган эди; Аҳқоф сураси, 21-оят
Араб тилидаги “аҳқоф” сўзи қум, қум барханлари маъносини англатади.
Мана шу сўз Од қавмининг қум барханлари кўп бўлган жойда яшаганлигидан далолат беради. Бундай жойда яшаган қавмнинг қум бўрони остида қолиб ҳалок бўлиши табиий ҳолдир.
Од қавмига юборилган, одамларни суғуриб олинган хурмо дарахтлари каби ердан ажратиб олган қудратли бўрон бутун шаҳарни ер билан яксон қилиб, қисқа вақт ичида қавмни ҳалок қилган. Бутун шаҳар тириклай қумга кўмилди, саҳро эса бир пайтлар гуллаб-яшнаган шаҳарни ўз қаърига олди, вақт ўтиши билан бу жойда ҳаётдан асар ҳам қолмади.
Бир сўз билан айтганда, тарихий ва археологик маълумотлар Од қавмининг баланд миноралари бор Эрам шаҳрида яшаганлигини, уларга айнан Қуръони каримда баён қилинган фалокат етганлигини тўлиқ тасдиқлайди. Олиб борилган тадқиқотлар пайтида ушбу қавмнинг қолдиқлари топилди.
Аллоҳ Таоло Қуръони каримда Од қавмининг такаббурлик билан ҳақ йўлдан четлашганлигини хабар қилади. Эътибор берингки, бу қавмлар ҳозирги кунда яшаётган кишилар қилаётган гуноҳларни қилганлар. Улар содир қилган гуноҳлар бугунги кунда ҳам кенг тарқалган.
Улар Аллоҳ Таолодан бошқа нарсаларни илоҳ қилиб олдилар, кибрга берилдилар ва зулм қилдилар. Улар фаҳш ва зинога берилдилар. Натижада Аллоҳ Таолонинг қаҳру-ғазабига учраб, бу дунёнинг ўзида муқаррар жазога тортилдилар.
Кўриб чиқилган Од қавмининг қисматини тарих саҳнасида пайдо бўлган кўпгина бошқа халқлар ва давлатлар ҳам такрорлаган. Улар ҳам Ер юзида айни шу гуноҳлари учун ҳалокатга учраган. Аллоҳ Таоло Ўзининг муқаддас каломида бизга ушбу воқеаларни ибрат учун баён қилади. Ҳалок бўлган қавмларнинг тақдири келгуси авлодлар учун муҳим сабоқ бўлиши лозим. Парвардигоримиз Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
Энди Од (қабиласи)га келсак, бас, улар ер юзида ноҳақ кибр-хаво қилдилар ва: "Куч-қувватда бизлардан зўрроқ ким бор?", дедилар... Ахир улар ўзларини яратган Зот - Аллоҳ куч-қувватда улардан Зўрроқ эканини билмадиларми?! - Ва улар бизнинг оятларимизни инкор қилгувчи бўлдилар. Фуссилат сураси, 15-оят
Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ҳар қандай инсон ёки қавмнинг тақдири Парвардигоримизнинг измидадир. Аллоҳ Таоло ҳоҳлаган бандасига неъмат бериши, истаган бандасини жазолаши мумкин. Икки дунёнинг ноз-неъматлари Унинг қўлидадир, инсоннинг бурчи эса Роббисининг берган барча неъматларига шукрона келтириш ва Унинг розилигини топишдир. Аллоҳ Таоло Ўзининг сўнгги муқаддас китобида инсонларга шундай хитоб қилади:
(Эй мўъминлар), сизлардан илгари ҳам кўп суннатлар – ибратлар ўтгандир. Бас, ерда айланиб юриб, Аллоҳнинг динини ёлғон деганларнинг оқибатлари қандай бўлганини бир кўринглар. Бу (Қуръон) одамлар учун (тўғри йўлни) баён қилгувчи ва тақво эгалари учун ҳидоят ва панд-насиҳатдир. Оли Имрон сураси, 137-138-оятлар