loader
Foto

Кўпчилик бўлиб таомланганда риоя қилиш лозим бўлган кўшимча одоблар

Ушбу одоблар олтитадир.

Биринчиси, ўзи билан таомланаётган киши ёши катта экани ёки зиёда фазлга эга бўлгани сабабидан пешқадамликка ҳақли бўлса, ундан олдин таомга қўл чўзмайди. Бироқ ўзига бошқалар эргашадиган киши бўлса, барча таомга ҳозир бўлиб жамланиб турганда уларни куттириб қўймайди.

Иккинчиси, таомланаётган вақтда жим ўтирилмайди. Чунки гаплашмасдан жим ўтириб таомланиш бошқа миллатларга хос одат ҳисобланади. Яхши гаплардан ва солиҳ зотларнинг ҳаётларидан сўзлаб таомланиш одобдан ҳисобланади.

Учинчиси, бир идишда бирга таомланаётган ҳамроҳига нисбатан чиройли муносабатда бўлади. Ундан кўпроқ ейишни қасд қилмайди. Ўртадаги таом муштарак бўлса, шеригининг розилигига мувофиқ келмаса, бу иши ҳаром бўлиб қолади. Балки ҳамроҳини ўзидан афзал билиши лозим бўлади. Бирданига икки дона хурмони оғзига солмайди. Лекин бу нарсани ўзаро келишиб ёки ўзаро изн билан қилса, жоиздир. Агар ҳамроҳи тортиниб кам еётган бўлса, уни таомга ундайди. Лекин таклифни уч мартадан зиёда қилмайди. Чунки бунда бошқани ёқмаган нарсасига мажбурлаб қўйиш бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор нарса ҳақида гапирсалар уч марта такрорлаб, ундан кейин қайтармас эдилар(Имом Аҳмад раҳматуллоҳу алайҳ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.). Бошқа ривоятда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапни уч маротаба такрорлар эдилар»(Ибн Абу Ҳадрад ривоят қилган.)дейилган. Демак, уч маротабадан ортиқ қисташ одобдан эмас. Аммо ҳамроҳини таомдан ейиши учун қасам ичиб ундамайди Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо: «Таомланиш унга қасам ичилишидан осонроқдир», деганлар.

Тўртинчиси, шеригини ўзига нисбатан «олинг» деб айтишига мажбур қилмаслиги лозим. Баъзи одоб уламолари айтади: «Таомланувчиларнинг энг яхшиси шериги унга ҳадеб «олинг» деб айтишигз муҳтож бўлмаган ва биродаридан гапириш машаққатини кўтарггв кишидир».Дастурхонда бирор таомни егиси келиб турган бўлса, бошқалар унга қараб тургани учун уни тарк қилиб, емай қўймайди. Чунки бу нарса сохтакорликка киради. Балки одатидагидек ейди. Ёлғиз ҳолатда ўзи ейдиган одатидан камайтирмайди. Шунинг учун, аввало, ёлғиз ҳолатда ейишда гўзал тарзда таомланишга одатланиши лозим. Шунда кўпчилик билан таомланаётганда сохтакорликка йўл қўймайди.

Тўғри, шеригини ўзидан афзал билиб, унинг эҳтиёжига қараб кам еса, бу чиройли иш. Худди шунингдек, кўпчилик билан бўлганда, уларнинг таомга бўлган иштаҳаларини ошириш учун кўп еса ҳам одобсизлик ҳисобланмайди.

Абдуллоҳ ибн Муборак хурмо ейиш зиёфатида биродарларига хурмо узатиб, ким кўп еса ҳар бир данагига бир дирҳамдан бераман, дер эдилар. Ва охирида данакларни санаб кўриб кимнинг қўлида данак кўп бўлса, ўша миқдорда дирҳам берардилар. Бу ишни кўпчилик билан ўтирилганда баъзиларда содир бўладиган тортинишни кетказиш учун қилар эдилар.

Жаъфар ибн Муҳаммад айтади: Менинг энг яхши биродарим таомимни кўп еганидир. Ва менга энг кўп оғирлик туғдирадигани уни олинг-олинг дейишимга мажбур қилганидир. Буларнинг барчаси одатга кўра юриш ва сохтакорликни тарк қилишга ишора саналади.

Яна Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Кишининг биродарига нисбатан муҳаббати унинг уйида яхши таомланиши билан маълум бўлади».

Бешинчиси, таомланиб бўлгач, тоғорада қўлини ювиш. Кичикроқ идиш эмас, тоғоранинг бўлиши зарар қилмайди. Агар унга бошқа биров ҳурмат кўрсатиб тоғорани узатса, уни қабул қилсин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ва Собит Банноний раҳматуллоҳи алайҳлар бирга таомланиб қолдилар. Таомланиб бўлишгач, қўлни ювиш учун тоғора келтирилганда Анас розияллоху анҳу биринчи бўлиб тоғорани Собитга узатди. Собит бундан бош тортганида Анас розияллоҳу анҳу: «Агар сенга биродаринг ҳурмат кўрсатса, унинг ҳурматини қабул қил. Уни рад қилмагин. Сени Аллоҳ азза ва жалла икром қилган бўлади», деди.

Ҳорун Рашид Абу Муовияни зиёфатга чақирди. Унинг кўзи ожиз эди. У қўлини ювишида Халифанинг ўзи унинг қўлига сув қуйиб турди. Кўлини ювиб бўлгач: «Эй Абу Муовия, қўлингга ким сув қуйганини биласанми», дейилди. У: «Йўқ», деди. «Амирул мўминийн қуйди», дейилди. Шунда у: «Эй мўминлар амири! Сиз илмни ҳурмат қилдингиз ва улуғладингиз. Сиз илмни ва унинг аҳлини ҳурматлаб улуғлаганингиздек Аллоҳ ҳам сизни улуғлаб ҳурмат қилсин», деди.Барча шериклар битта ҳолатда бир тоғорада қўл ювишларининг зарари йўқ. Зеро, бу тавозеликка яқин ва кўп куттириб қўйишдан узоқ бўлади. Агар бундай қилмасалар, уларнинг ҳар бирига сув қуйиб туриш лозим эмас. Балки тоғорага сув тўлдириб, ўшанга қўлни бир тиқиб олиш ҳам кифоя қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва ва саллам: «Таҳорат сувларингизни жамланглар Аллоҳ бирдамлигингизни мустаҳкамлайди»( Абу Ҳурайра розияллоху анҳу ривоят қилган.)деб марҳамат қилганлар.

Умар ибн Абдулазиз атрофдаги шаҳарларга мактуб ёзиб, қўл ювишда тоғорани қавм олдига тўла ҳолида олиб келишни ва ажамларга ўхшамасликни тавсия қилганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қўл ювишда бир тоғорага жамланинглар, ажамларнинг йўлини тутманглар», деган.

Баъзилар қўлга сув қуядиган ходимни, тик турган ҳолида сув қуйишини кариҳ кўришган. Тавозеликка яқин бўлгани учун ўтириб сув куйишини хуш кўришган. Баъзилар эса, аксинча, яъни ўтирган ҳолда сув қуйишини номаъқул санашган. Ривоят қилинишича, бир кишининг қўлига ходим ўтирган ҳолида сув қуйди. Қўлини юваётган киши тик туриб олди. Унга: «Нега туриб олдингиз», дейилганда у: «Биримиз тик турган ҳолатда бўлишимиз керак», деди. Мана шу ҳолат яхшироқдир. Чунки қуйишга ва ювишга осон ҳамда сув қуювчининг тавозесини кўрсатади.

Демак, тоғора борасида еттита одоб бор. Биринчиси, тоғорага тупурмаслик. Иккинчиси, ўзидан пешқадам кишини олдинга ўтказиши. Учинчиси, ўзига кўрсатилган икромни қабул қилиши. Тўртинчиси, ўнг томондан айлантириши. Бешинчиси, кўпчилик бирданига ювиши. Олтинчиси, тоғорада сувнинг жамланиши. Еттинчиси, ходим сувни тик турган ҳолида қуйиши.

Мазкур одоблардан ташқари яна бир одоб оғзини чайқаган сувни тўшак ва атрофдаги кишиларга сачратмасдан туфлаб ташлаши. Хонадон соҳибининг ўзи меҳмон қўлига сув қуйиши ҳам одоблар жумласига киради. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг уйларига бирин-чи маротаба келган Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳга мана шундай иззат кўрсатиб, мен қилган иш сени ҳайратга солмасин, меҳмонга хизмат қилиш фарздир, деган.

Олтинчиси, кўпчилик билан таомланганда, ҳамроҳлар юзига қайта-қайта қарамайди. Уларнинг ейишини кузатмайди. Чунки бундай ҳолатда инсон уялади. Балки кўзини пастга қаратиб, ўзи билан машғул бўлади. Бирга таомланаётган ҳамроҳлари ундан кейин таомланишдан тортиниб қоладиган кишилар бўлса, улардан олдин тўхтамайди. Балки таомга қўл чўзиб, улар ҳам тўйиб олгунларича оз-оздан тановул қилиб туради. Агар кам таом ейдиган одам бўлса, бошданоқ ўзини тийиб, камроқдан ейди. ҳамроҳлари ҳам тўйиб олгунларига қадар охиригача улар билан тановул қилиб туради. Кўпчилик саҳобийлар айни мана шундай қилганлар. Агар бирор сабабдан ейишдан тўхтайдиган бўлса, ҳамроҳларини хижолатга солмаслик учун уларга узр айтади.

Еттинчиси, таомланишда хунук саналадиган ишларни қилмайди. Яъни, қўлини косанинг ичига силкимайди. Косадан бирор луқма олаётганда бошини унинг ичига тиқиб оладиган даражада яқин тутмайди. Оғзидан суякка ўхшаган бирор нарсани чиқарса, юзини таомдан бошқа томонга буриб, чап қўли билан олади. Ёғли луқмани сиркага ёки сиркани ёғга ботирмайди. Тишлаган луқмасининг қолган қисмини шўрва ёки сиркага қайтиб ботирмайди. Инсон табиатини хира қиладиган гапларни гапирмайди.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Иҳёу улумиддин"китобидан