loader
Foto

Мансаб ва риёнинг мазаммати ҳамда уларнинг муолажаси, шуҳратпарастлик ва шу кабиларнинг фазилати ҳақидаги китоб

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят этилади, ул зот марҳамат қилиб айтдилар: “Дарҳақиқат, мен умматим учун энг қўрқадиган нарса риё ва яширин кучли майл-истак”. Ибн Можа, Ҳоким ривоят этишган. Санади саҳиҳ ҳадис.

Бу яширин кучли истакларнинг ярамасликларидан тўхташдан банда у ёқда турсин, уламоларнинг улуғлари ҳам ожиз бўлишган. Дарҳақиқат, бу нарсага уламолар, астойдил енг шимариб охират йўлига кирган обидлар мубтало бўлишган. Бас, чиндан ҳам улар нафсларига ғолиб бўлишди ва уни турли кучли истаклардан бутунлай ажратиб, юлиб олишди. Улар шу йўл билан нафсларини ибодат сабабларига қаҳр билан мажбур этдилар, нафслари инсон аъзоларида бўладиган зоҳирий гуноҳларга бормасди. Бас, нафслари илм ва амал билан зоҳиран истироҳат этарди. Нафс Холиқнинг ҳузурида лаззат қабули борасида тортган қаттиқ қийинчиликдан бу нарсани халос этувчи, қутқарувчи, ҳаласкор деб топди. Обидлар у нарсага виқор ва таъзим кўзи билан назар солишди. Бас, нафсга жуда улуғ лаззат етишди. Бас, нафс гуноҳсиз бўлишни ҳақир ҳисоблади (ўзига қаттиқ ишонган нафс ўзини маъсумлик даражасига олиб келди... – тарж.). Бас, улардан бирлари Аллоҳ таолога ўзини чин мухлис, деб гумон эта бошлайди, ваҳоланки у мунофиқлар девонида собит эди. Бу жуда катта ҳийла, тузоқдир, бундан фақат Аллоҳга яқин бўлганлар саломат бўладилар.    Шунинг учун ҳам айтиладики, рост сўзловчиларнинг бошларидан охири чиқиб кетадиган нарса – бу риёсат муҳаббатидир. Агар бу нарса дардларнинг дарди бўлса (ёки яширин дард бўлса), шайтон тузоқларининг энг каттаси бўлса, демак, бунинг сабаблари, ҳақиқат ва қисмлари ҳақидаги сўзни бир оз шарҳлаб ўтиш вожиб бўлади.

Билинг! Чиндан ҳам мансабнинг асли – бу шон-шуҳрат ва машҳурликнинг тарқалишини севишдир. Бу улуғ (катта) хатардир. Саломатлик – шуҳратсизлик ва ўзини машҳур қилмасликдадир (яширишдадир). Яхшилик аҳли ҳеч қачон шуҳратни исташмаган, уни ахтаришмаган ва шуҳрат сабабларига берилишмаган. Агар Аллоҳ таоло томонидан шуҳрат воқеъ бўлса, ундан қочишган. Улар ўзларини яширишни афзал билишган. Чунончи, Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят этиладики, ул зот бир куни уйларидан ташқарига чиқдилар, у кишига одамлар эргашди. Бас, Ибн Масъуд уларга қараб айтдилар: “Нима учун орқамдан келаяпсизлар? Аллоҳ номига қасамёд этаманки, агар эшигим беркилмаслигини билсангиз эди, орқамдан икки киши ҳам эргашмас эди”. Ул зот бошқа бир лафз билан эса бундай деган эдилар: “Орқага қайтингизлар! Чиндан ҳам эргашувчига иснод ва эргашилувчига фитна бўлади”.

Абу Олия раҳматуллоҳи алайҳ ҳузурларида тўрт кишидан зиёд киши ўтириб қолса, ўринларидан туриб кетардилар.

Холид ибн Маъдон раҳматуллоҳи алайҳнинг илм, дарс халқалари катта бўлса, шуҳратни ёмон кўриб ўринларидан туриб кетиб қолардилар.   

Имом Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Биз риёсатда бошқа нарсага қараганда зоҳидликни оз кўрдик. Емак-ичмак ва мол-дунёда зоҳид бўлган одамни кўрдик. Агар риёсатга таклиф этсак, у риёсатни қўллаб-қувватлайди ва бошқаларга душманчилик туйғусида бўлади”.

Бир киши Бишр Хофий раҳимаҳуллоҳга қарата дедилар: “Менга васият (насиҳат) қилинг”. Ул зот айтдилар: “Зикрингни яшир ва ейдиганингни ҳалол эт!” Яна ул зот айтдилар: “Дунёда одамлар таниш-билишини дўст тутадиган (яхши кўрадиган) одам охират ҳаловатини топмайди”.

Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида марвийдурким, Умар ибн Саъд оталари Саъднинг олдига борди. У ўзига қарашли қўйларни олиб, Мадинадан ташқарига чиқиб кетган эди. Вақтики, уни кўриб айтди: “Аллоҳнинг номи билан келаётган отлиқнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман”. Шу вақт ўғли етиб келди ва деди: “Эй ота! Қўйларингиз билан овора бўлиб, бадавий бўлишни хоҳлайсизми? Одамлар Мадина мол-мулки тўғрисида талашиб-тортишиб ётишибди”. Саъд ўғлининг кўксига урди ва айтди: “Дарҳақиқат, мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг айтган қуйидаги сўзларини эшитганман: “Чиндан ҳам Аллоҳ тақводор, панада ўзини билдирмай, махфий бўлган бандани дўст тутади”.

Абу Умома розийаллоҳу анҳудан ривоят этилади. Ул киши дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Менинг ҳузуримдаги энг ҳавас этиладиган мўмин – бу мол-дунёси оз, намоздан яхши насибали, Парвардигорига чиройли ибодат этувчи, Унга махфийликда итоат этувчи, одамлар орасида билинмаган, унга одамлар бармоқлари билан ишора этишмаган, ризқу-рўзи кифоя даражада ва унга сабр этган киши”. Сўнг қўллари билан тақиллатдилар ва айтдилар: “Ўлими тезлаштирилди, унга йиғлайдиганлари оз бўлди, мероси кам бўлди”. Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривоят қилганлар. Чиройли ҳадис.   

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу асҳобларига васият қилиб бундай дедилар: “Илм манбалари, ҳидоят чироқлари, уйда ўтирувчи (ташқарига кўп чиқмайдиган) тун шамлари (шамчироқлари), қалби очиқ, эски кийимли бўлинглар, осмонда таниқли бўласизлар, ер аҳлига махфий қолурсизлар”.           

Агар сўралсаки: “Булар шуҳратсизликнинг фазилати ва шуҳратпарастликни мазаммати экан. Қайси шуҳрат пайғамбарлар ва уламолар шуҳратидан юқорироқ бўлади?” Жавоб бериб айтамиз: “Инсон шуҳратни талаб қилиши мазаммат қилинади. Аммо Аллоҳ таоло томонидан инсон талабисиз берилган шуҳрат мазамматли эмас, аммо заиф кишиларга унинг фитнаси бўлади. Дарҳақиқат, заиф кишининг мисоли сузишни яхши билмайдиган одамнинг ғарқ бўлишига ўхшайди. Агар унга бирон киши осилса, ўзи ҳам, осилган одам ҳам ғарқ бўлади. Аммо уста сузувчи бўлса, бас, унга чўкаётган одамлар осилса, нажот ва халос бўлишларига сабаб бўлади”.   



Билинг! Чиндан ҳам мансаб, мол-мулк – булар дунё таянчларидир. Молнинг маъноси – аёнларнинг ундан фойдаланишга молик бўлишларидир, мансабнинг маъноси – қалблардан таъзим қилишнинг талаб этилишидир.

Бас, мансаб – бу одамлар қалбларида ўрин олишдир. Мансаб – бу шахсда мавжуд бўлган камолот сифатларидан бир сифат, деб эътиқод этишдир. Бу сифат ё илм, ё ибодат, ё насаб, ё қувват, ё чиройли ҳусн, ё бундан бошқа нарсаларки, одамлар буни камолот деб эътиқод этадилар. Бу эътиқод қилинган нарсаларнинг миқдорига қараб бўлади. Ва мансабдорнинг мадҳи, хизмати, улуғлаш ва итоат этишда қалблар бўйсунади.

Булар шуни кўрсатадики, дарҳақиқат мансаб инсон табиатидан унга яхши кўрилган нарсадир. Мансаб мол-мулк муҳаббатидан кўра юқори даражададир. Чунки мол-мулк бир муайян ғаразнинг ўзига тааллуқли бўлмайди, балки севимли нарсаларга етишиш йўлида василадир. Мансаб ва мулкнинг бир сабабда муштарак бўлиши муҳаббатда иштирокини тақозо этади, мансаб бу ўринда мол-мулкдан кўра устуворроқдир.   

Билинг! Чиндан ҳам мансабнинг яхшиси ва ёмони (мақталгани ва мазаммат этилгани) мавжуд. Зеро, шу нарса маълумки, чиндан ҳам инсонга емак, киймак ва шунга ўхшаган нарсалар учун мол-пул лозим бўлади. Шунингдек, одамлар билан бирга ҳаёт кечирмоқ учун унга мансаб ҳам зарур. Чунки инсон уни сақлаш учун салтанат-ҳукмга доимо ҳожат сезади, ёрдам берувчи дўстга, хизмат учун хизматкорга эҳтиёжи бор. Бу нарсага муҳаббат қўйиши мазаммат эмас. Чунки мансаб ҳам мол-мулкка ўхшаб мақсадлар йўлидаги василадир (воситадир).                                       

Бу бобдаги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, чиндан ҳам мол-мулк, мансаб, шуҳрат бўлгани учун улар севимли бўлмаслиги лозим. Инсон қачонки бир тўғри ғараз йўлида бир сифат билан сифатлангани учун мансабини талаб этган бўлса. Бунинг мисоли Юсуф алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзларига ўхшайди: “Мени ер хазиналарига бош этинг! Мен уларни сақловчи ва илмини билгувчиман” (Юсуф сураси, 54-оят). Ёки обрў-эътибори тушиб кетмаслиги йўлида бирон-бир айбини беркитиш қасди билан бўлса, бу жоиздир. Бошқаларнинг эътиқодига биноан ўзида йўқ бўлган бир сифатни, масалан, илм, парҳездорлик, насабга ўхшашларни талаб этиш мумкин эмас.        

Шу каби одамлар олдида улар итоаткорлик билан намоз ўқияпти, деб, эътиқод қилишлари учун намозни чиройли адо этса, бу билан у риёкорлик этган бўлади. Қалбларни сохтакорлик билан забт этиш жоиз бўлмаганидек, мол-дунёга алдаш йўли билан молик бўлинмайди.

Имоми Аҳмад ибн Қудома Мақдисийнинг

"Минҳожул қосидин" китобидан

Абдулҳамид Муҳаммад Турсун таржимаси